Apple компанияси “ақлли” аудио-колонка ишлаб чиқди

Amazon Echo ва Google Home каби аудио-колонкаларнинг оммалашиб боргани сари Apple компанияси ҳам шу турдаги аппарат устида иш олиб бораётгани тўғрисида миш-мишлар пайдо бўлган эди. Куни кеча АҚШнинг Сан-Хосе шаҳрида очилиши бўлиб ўтган WWDC 2017 конференциясида бу тахмин ўз тасдиғини топди ва Apple вакиллари Siri интеллектуал кўмакчиси ёрдамида бошқариладиган янги аппаратни намойиш қилишди. У HomePod (ҳоум-под) деб номланган симсиз алоқа воситаси бўлиб, оқ ва қора рангларда, шу йилнинг декабр ойида дастлаб Австралия, Буюк Британия ва АҚШда сотувга чиқарилиши кутилмоқда.

HomePod яратувчилари аппарат динамикларининг овоз сифати ва мусиқа эшитиш қулайликларига катта эътибор беришган. Маҳсулотнинг корпуси 15 см дан каттароқ бўлиб, юқори қисмида сабвуфер, қуйи қисмида эса еттита юқори частотали динамиклар жойлаштириб чиқилган. HomePodда хонада ориентация олиш технологияси  қўлланган бўлиб, у ўзининг айнан қаерда турганини (масалан, стол устида, бурчакда ёки шкафда) аниқлаб, овозини шунга қараб мослайди. Овозни қайта ишлаш ва дастурий таъминот иши учун бир кристалли Apple A8 тизими жавоб беради.

Apple компанияси янги аппарат орқали ўзининг 40 миллион мусиқавий композицияга эга Apple Music сервисига уланишни тавсия килмоқда.

Овозли бошқарув учун олтита микрофон ўрнатилган бўлиб, улар ёрдамида овозли буйруқлар сифатли тарзда қабул килиб олинади. Компания вакилининг айтишича, ҳаттоки бошқа хонадан, мусиқа янграб турган пайтда берилган буйруқ HomePod томонидан тезда қабул қилиб олинади ва тезда амалга оширилади.

Овозли буйруқлар воситасида об-ҳаво маълумотлари, янгиликлар, спорт ҳақида билиб олиш мумкин. Шунингдек, “ақлли уй” технологияси бўлган Apple HomeKit компонентларини ҳам бошқариш мумкин.