Фарғона вилояти тўғрисида қисқача маълумот

Фарғона вилояти 1938 йил 15 январда ташкил топган ва Ўзбекистоннинг қадимги маданият ўчоқларидан бири ҳисобланади. Фарғона водийсидан дунёга машхур жуда кўплаб илм-фан ва санъат намоёндалари ҳамда мутафаккирлар етишиб чиққан. Вилоят иқтисодиёти юксак шаклланган кўп тармоқли ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуасини ташкил этиб, унинг мамлакатимиз миллий иқтисодиётининг равнақ топишида салмоқли ўрни бор. Шу билан бир қаторда вилоят ҳудудида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш кўрсаткичлари билан танишгач, вилоятнинг ушбу йўналишда республиканинг бошқа ҳудудларидан қолишмайдиган натижаларга эришаётганига амин бўлиш мумкин.

“ЭЛЕКТРОН ҲУКУМАТ”

Мамлакатимизда “Электрон ҳукумат” тизими жорий этилишини янги босқичга олиб чиқиш сари қўйилган асосий қадамлардан бири – Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ташкил этилиши бўлди. Ушбу вазирлик республикада “Электрон ҳукумат” соҳасидаги ваколатли орган этиб белгиланди. Бу эса, ўз навбатида, вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ҳамда вазирлик тизимига кирувчи соҳа корхоналари зиммасига улкан масъулият ҳамда вазифаларни юклади. Айни кунда соҳа олдига қўйилган вазифаларни бажариш йўлида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

Фарғона вилоятида умумий сиғими 157, 510 минг рақамли 113 та телефон станциялари 100 фоизга рақамлаштирилган бўлиб, улар орқали 79,1 минг фойдаланувчиларга замонавий алоқа хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Интернет хизматларини кўрсатувчи кенг полосали қурилмаларнинг сиғими 42,5 минг портга етказилди, улар орқали 29,2 мингдан ортиқ абонентга хизмат кўрсатилмоқда. IPTV хизматидан фойдаланувчилар сони 3 060 тани ташкил қилмоқда. 2018 йил 6 ой давомида вилоят бўйича 74,984 км дан ортиқ масофада оптик-толали алоқа кабелларини ётқизиш ишлари якунланиб, оптик-толали алоқа линияларининг жами узунлиги 1 593, км га етказилди, тармоқнинг ўтказувчанлик даражаси вилоят марказигача 40 Гбит/с га, ҳар бир туман марказларигача 10 Гбит/с га тенг.

2018 йил 6 ой давомида мобил алоқа тармоқларида ўрнатилган базавий станцияларнинг умумий сони 2 218 тага етказилди ва фойдаланувчилар сони 2 318,7 мингтани ташкил этди.

“Ўзмобайл” мобил алоқа оператори тармоғини ташкил этиш борасида 2018 йил 6 ой давомида Фарғона вилояти бўйича жами 37 та GSM типидаги базавий станцияларини қуриш ва монтаж ишлари якунига етказилди.

РАҚАМЛИ ТЕЛЕВИДЕНИЕ ТАРМОҒИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

Шунингдек 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли телеэшиттиришга техник ва технологик ўтиш давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ-1741-сон қарорига мувофиқ вилоятнинг Олтиариқ туманида 1 та кам қувватли рақамли телевидение узаткичи ўрнатилди ва натижада вилоят аҳолисининг рақамли телевидение билан қамрови 100 фоизга етказилди.

Фарғона вилояти Фарғона водийсининг ғарбий ва жанубий қисмида жойлашган. Ер майдони 6,76 минг кв. километрни ташкил этиб, Ўзбекистон ҳудудининг 1,5 фоизини эгаллайди. Вилоят аҳолисининг сони 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра 3620,8 минг кишига тенг. У ғарбда ва жануби-ғарбда Тожикистон Республикаси ҳамда жанубда Кирғизистон Республикаси билан чегарадош, республикамизда эса, шимолда Наманган ва шарқда Андижон вилоятлари билан қўшничилик қилади. Вилоятнинг шимоли-ғарбидаги чегараси Сирдарё оқими бўйлаб ўтади.

ВИЛОЯТДА АКТНИ ЖОРИЙ ЭТИШ БЎЙИЧА

Фарғона вилоятида давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига ахборот ресурслари, ахборот тизимлари ва маълумот базаларини кенг жорий этиш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш борасида 2018 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Вилоят ҳокимлиги маъмурий-бошқарув ходимлари компьютер техникаси билан 100 % таъминланган бўлиб, локал ва корпоратив тармоқларга уланганлик даражаси 100 % ни ташкил этади.

Вилоят ҳокимлигининг корпоратив тармоғига (VPN) 19 та шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда 60 дан ортиқ вилоят бошқарма, ташкилот ва муассасалари уланган.

Вилоят ҳокимлиги марказий аппарати 20 Мбит/с, шаҳар ва туман ҳокимликлари эса 2 Мбит/с тезликдаги кенг полосали Интернет тармоғига уланган.

5 та давлат ахборот ресурслари (ДАР) ва 8 та ахборот тизимлари (АТ) http://www.reestr.uz сайтида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган.

Вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайти www.ferghana.uz – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 355-сон қарори талабларига мувофиқлаштирилиб янгидан ишлаб чиқилди. Веб-сайтда маълумотларни доимий янгилаб бориш тизими йўлга қўйилган. Расмий веб-сайт орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига 30 та (11 та базавий ва 19 та қўшимча) интерактив давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда, my.gov.uz – Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 14 та хизматлар кўрсатиб келинмоқда.

Вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига 1 кунда ўртача 220-280 та атрофида ташрифлар бўлмоқда.

2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг 2016 йил 23 февралдаги 7-сон баённомасининг 5-иловасига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан уларнинг расмий веб-сайтлари ва Ўзбекистон Республикасининг “Очиқ маълумотлар портали”да мажбурий жойлаштирилиши лозим бўлган 30 турдаги маълумотлар тўпламларининг рўйхати тасдиқланган. Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан ушбу маълумотлар тўпламларидан 22 турга оид 133 та маълумотлар тўплами давлат “Очиқ маълумотлар” порталига жойлаштирилган.

“Лицензия” ахборот тизими комплексига ҳокимият томонидан тақдим этиладиган лицензиялар реестрини киритиш мақсадида шаҳар, туман ҳокимликларининг масъул мутахассислари билан биргаликда ҳозирги кунда жами 2200 дан ортиқ лицензия маълумотлари киритилган.

2018 йил 21-28 февраль кунлари жойларга чиққан ҳолда шаҳар ва туман ҳокимликларининг ходимлари “IJRO.GOV.UZ” – ягона идоралараро ижро интизоми электрон тизимидан фойдаланиш бўйича ўқитилди. 6-9 март кунлари вилоят бошқарма ва ташкилотларининг ходимлари (260 та), 12-30 март кунлари бошқарма ва ташкилотларнинг шаҳар ва туман бўлимлари ходимлари (806 та), Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот-кутубхона марказида “IJRO.GOV.UZ” – ягона идоралараро ижро интизоми электрон тизимидан фойдаланиш бўйича ўқитилди.

2018 йил 30 март куни Фарғона вилояти ҳокимлигининг аппарат ходимларига вилоят ҳокимиятининг кичик мажлислар залида “IJRO.GOV.UZ” – ягона идоралараро ижро интизоми электрон тизимидан фойдаланиш бўйича ўқув амалий семинар-тренинг ташкил этилди. Бугунги кунда Фарғона вилояти ҳокимлиги аппаратининг ходимлари учун 48 та, шаҳар ва туман ҳокимликлари ходимлари учун 368 та Е-калит қурилмалари берилган.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) Фарғона филиалининг 2017-2018 ўқув йилидаги битирувчилари учун 2018 йил 30 март куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Фарғона филиали биносида “Ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасида меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди. “Ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасида меҳнат ярмаркаси”да вилоятдаги 22 та корхона ва ташкилотлар ўзларининг бўш иш ўринлари билан иштирок этдилар.

2018 йил 21 февраль куни Ҳудудий бошқарма ташаббуси билан Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Фарғона вилояти ҳудудий бўлими, “Ўзбектелеком” АК Фарғона филиали ҳамда мобил алоқа операторлари билан биргаликда телевидение орқали “Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида инфратузилма ва мобил алоқани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида соҳа вакиллари билан очиқ мулоқот дастури” ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги “Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-3274-сон қарори ижроси юзасидан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалида Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида математика, физика ва информатика фанларини интеграциялашган ҳолда қамраб олган танловнинг 2-босқичи муваффақиятли ташкил этилди.

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида келиб тушган мурожаатлар бўйича

2018 йил 1 июль ҳолатига кўра Фарғона вилоятидан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига оид 97 та мурожаат келиб тушган. Барчаси белгиланган муддатда кўриб чиқилган. Мурожаатларнинг 49 таси ариза, 2 таси таклиф, 46 таси шикоят кўринишида. Келиб тушган мурожаатлар телекоммуникация (22 та), мобил алоқа (44 та), телевидение (18 та), почта (1), турли масалалар (12) йўналишларига тўғри келади. Жами мурожаатлардан 5 таси асосли.

АКТни жорий этиш ва ривожлантириш

2018 йил 2-чорак якуни бўйича ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг натижаларига кўра, Фарғона вилояти ҳокимлигининг кўрсаткичи 67,84 баллни (максимал – 100 балл) ташкил этди.

Вилоятда давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида малакасини ошириш ҳолати тўғрисида

ТАТУ Фарғона филиали қошидаги “Электрон ҳукумат” ўқув маркази учун 113 ва 121 маъруза хоналари ва 105, 212 компьютер хоналари ажратилган. Бу хоналар 30 та компьютер билан жиҳозланган. 2 та мультимедиали проекторлар ва 1 та видеоконференция зали ажратилган. Ташқи интернетга 1024 Кбит/с ва “TAS-IX” сайтларига 10 Мбит/с тезликда кириш амалга оширилади.

Тошкент ахборот технологиялари университети филиали қошидаги “Электрон ҳукумат” ўқув марказида 2018 йилнинг 6 ойи давомида Фарғона вилояти Солиқ бошқармасидан 156 нафар, Фарғона солиқ коллежидан 9 нафар, Андижон вилояти Солиқ бошқармасидан 121 нафар, Наманган вилояти Солиқ бошқармасидан 96 нафар, Фарғона вилояти Жиноят ишлари бўйича судидан 116 нафар, Фарғона вилояти Ҳарбий судидан 6 нафар, Фарғона вилояти Фуқаролик ишлари бўйича судидан 55 нафар, Фарғона вилояти Маъмурий судидан 65 нафар, Фарғона вилояти Иқтисодий судидан 40 нафар, Андижон вилояти Жиноят ишлари бўйича судидан 107 нафар, Андижон вилояти Фуқаролик ишлари бўйича судидан 71 нафар, Андижон вилояти Маъмурий судидан 47 нафар, Андижон вилояти Иқтисодий судидан 39 нафар, Наманган вилояти Жиноят ишлари бўйича судидан 76 нафар, Наманган вилояти Фуқаролик ишлари бўйича судидан 53, Наманган вилояти Маъмурий судидан 45 нафар, Наманган вилояти Иқтисодий судидан 23 нафар, Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводидан 60 нафар, Фарғона Фавқулодда вазиятлар вилоят бўлимидан 20 нафар ходимлари АКТ саводхонлиги бўйича ўқув курсларида таҳсил олдилар. Жами 1205 нафар ходимнинг малакаси оширилди.

2018 йилда Фарғона вилоятида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилган ишлар

  1. Замонавий мультисервис телекомммуникация хизматларини кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида 123 км оптик-толали алоқа линияларини қуриш (2,42 млрд.сўм).
  2. FTTx техоногиялари асосида кенг полосали хизмат турларини кенгайтириш учун 5 840 портга тенг телекоммуникация қурилмаларини ўрнатиш (1,69 млрд. сўм).
  3. Вилоят ҳудудида мобил алоқа хизматлари сифатини яхшилаш ва қамров даражасини кенгайтириш мақсадида 380 та мобил база станцияларини ўрнатиш (68,52 млрд. сўм).

 

Жавлонбек Каримов, Вазирликнинг Фарғона
вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари
Телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш бўлими бошлиғи