Интернет-маркетинг – бу мижозларга маҳсулот ёки хизматларни сотиш ва улар билан муносабатларни бошқариш мақсадида Интернет тармоғида анъанавий маркетингнинг барча жиҳатларидан фойдаланиш амалиёти бўлиб, электрон тижоратнинг таркибий қисми ҳисобланади.
Интернет-маркетингнинг ривожланишини 90-йилларнинг бошларида кузатиш мумкин. Айнан ўша пайтда турли компанияларнинг веб-саҳифаларида уларнинг хизматлари ва маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар фаол жойлаштирила бошланди. Натижада Интернет-маркетинг ҳар қандай оддий маркетинг кампаниясининг ажралмас қисмига айланди.
Интернет-маркетингнинг босқичма-босқич ривожланиши ахборот майдонлари, бизнес моделлар, дастурий маҳсулотлар каби бошқа кўп нарсалар Интернет орқали ёки унинг ёрдамида сотилишига олиб келди. Бу эса, компаниялар учун, биринчи навбатда, ғоялар, товарлар, хизматлар учун энг кенг аудиторияни қамраб олиш нуқтаи назаридан мутлақо янги майдонни очди.
Интернет-маркетинг ривожланишининг навбатдаги муҳим босқичини
2000-йиллар деб ҳисоблаш мумкин. Айнан ўша пайтда “қидирув маркетинги” тушунчаси пайдо бўлди. Бу атама пайдо бўлганидан кейин унинг машҳурлиги Интернетда реклама билан шуғулланадиганлар орасида тез ўсиб борди.
Ҳозирги вақтда Интернет-маркетинг бизнесни қай тарзда юритиш бўйича барча тушунчаларни ўзгартирди. Компаниялар томонидан ушбу фаолият турига ажратилаётган маблағлар кўрсаткичлари эса йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Интернет-маркетинг замонавий компаниялар ҳаётига мустаҳкам кириб бориши ҳамда ҳозирда жадал ривожланаётган савдо оқимлари туфайли компаниялар ўз маҳсулотларини сотиш усулларини кенгайтиришларига тўғри келмоқда. Бунда интернет-маркетинг технологияларидан фойдаланиш жуда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Турли савдо сайтлари ва саҳифалари учун савдо платформаларининг яратилиши замонавий тадбиркорликнинг ажралмас қисмига айланди. Уларни мобил қурилмалар ёки бошқа электрон ресурсларга мослаштириш бугунги кунда Интернет-маркетингнинг асосий вазифаларидан бирига айланди.
Интернет-маркетинг классик маркетингдан ажралиб турадиган учта муҳим афзалликларга эга:
– Интерактивлик. Интернетда аудитория билан бевосита мулоқот қилиш, мижозлар билан қайта алоқада бўлиш ва вазиятни назорат қилиш мумкин;
– Таргетлаш (мақсадли). Бу бутун мавжуд аудиториядан фақат мақсадли аудиторияни танлаш ва рекламани айнан уларга кўрсатиш имконини берувчи механизм;
– Веб-таҳлил. Бу сайт/саҳифадаги қайси ҳаракатлар энг самарали бўлганини тушунишга ёрдам беради ва кейинчалик харидларга айланадиган ташриф буюрувчиларни жалб қилади.
Интернет-маркетингда савдонинг ўсиши ташриф буюрувчиларни жалб қилиш, сайт самарадорлигини ошириш ва мижозларни қайтаришга асосланган. Аммо ташриф буюрувчиларни жалб қилишнинг ўзи етарли эмас, асосийси уларни доимий мижозларга айлантириш керак. Буларни амалга оширишда Интернет стратегия ёрдам беради.
Интернет-маркетинг мақсади – бу сотувлар ҳажмини ошириш ҳисобланса, стратегияси компания даромадини ошириш учун ўзида ҳаракатларнинг кетма-кетлигини жамлайди.
Одатда, стратегия йилда бир марта ишлаб чиқилиб, унга ойда бир неча маротаба уни амалга ошириш жараёнида ва бозордаги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда ўзгартириш киритилади. Стратегияни амалга оширишда веб-таҳлилнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. У ёрдамида тарғиб қилиш воситаларининг тўғри танланганлиги ва қаерда қанақа муаммолар мавжудлигини аниқлаш, нималарга аҳамият бериш кераклиги каби масалаларни ҳал қилиш имконини беради.
Бироқ, стратегиянинг мавжудлиги бу сотувларни ошириши ва бизнесни юқори чўққиларга кўтаришини англатмайди. Бунинг учун стратегияга амал қилиш керак. Хусусан:
Биринчи қадам — мақсадли аудиторияни аниқлаш ва истеъмолчи портретини шакллантириш;
Иккинчи қадам — рақобатчиларни ўрганиш ва уларга нисбатан муносабатни аниқлаштириш;
Учинчи қадам — мақсадларни аниқлаш ва уларга эришиш услубларини белгилаш орқали Интернет-маркетингнинг қайси воситаларини қўллаш усулларини аниқлаш.
Интернет-маркетинг стратегиясининг қуйидаги воситалари мавжуд:
Landing – бу товар, хизмат ёки сервис тўғрисидаги маълумотларни акс этувчи бир саҳифали сайт ҳисобланади. Унинг асосий мақсади ташриф буюрувчини мақсадли ҳаракатга, яъни “харид қилиш” ёки “рўйхатдан ўтиш”га ишонтиришдир. Лендинг саҳифа самарали бўлиши учун у орқали тақдим этилаётган маҳсулот ёки хизмат айнан ким учун мўлжалланганлигини аниқлаш ва у ҳақида ташриф буюрувчиларга батафсил маълумот бериш керак.
Веб-таҳлил – бу сайтдаги бизнес-жараёнларни яхшилаш мақсадида ундаги фойдаланувчилар ва уларнинг ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириш ва таҳлил қилишдир.
“Landing” саҳифа ёки сайт ишга туширилгандан кейин уни веб-таҳлил “рельслари”га қўйиш керак. Унинг ёрдамида сайтда ташриф буюрувчилар сони, сотувлар, харажат ва даромадлар тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш имкони мавжуд бўлади. Веб-таҳлил сервисларига “google.com/analytics” ва “metrika.yandex.ru” ресурсларини мисол тариқасида келтириш мумкин.
SEO-оптималлаштириш (“search engine optimization” — қидирув тизимини оптималлаштириш) – сайтни қидирув берганда уни рўйхатда биринчилар қаторида чиқаришга ёрдам беради.
Сайт ва веб-таҳлил ишга туширилгандан сўнг Интернетда саҳифани қидиришни осонлаштириш учун қидирув тизимини оптималлаштириш керак бўлади. Қидирув тизимларида қанча кўп маротаба қидирув бериш натижасида шунча ташриф буюрувчилар сони ошиб боради. Ташрифлар сони кўпайгани сари, сотувлар ҳам шунга мос равишда ошиб боради. Қидирув тизимини оптималлаштириш учун биринчи навбатда семантик ядрони яратишдан бошлаш керак.
Семантик ядро – бу сайт фаолиятини аниқ тавсифловчи калит сўзлари рўйхатидир.
Калит сўзлар – бу қидирув тизимларида фойдаланувчиларнинг маълумот қидиришдаги фойдаланадиган сўровлари. Одатда, калит сўзларга бир нечта сўзлардан ташкил топган иборалар ишлатилади. Мисол учун, “дастурчи ёрдамисиз сайт яратиш”.
Ижтимоий тармоқлар – контентни тарқатишнинг энг қулай каналларидан биридир. Ижтимоий тармоқлардаги аккаунтни нафақат компания тўғрисида маълумот бериш майдони балки ўз аудиторияси билан тўғридан-тўғри алоқада бўлиш имконини берадиган алоҳида сайт сифатида ҳам кўриш мумкин.
Контент-маркетинг – бу мақсадли аудиторияни жалб қилиш ва ишончли муносабатлар ўрнатишга қаратилган узоқ муддатли маркетинг стратегиясидир. Унинг асосий воситаси аудитория ишончини шакллантириш ва оширишга қаратилган контентдир.
Контент-маркетингда ишлашда қуйидагилардан бошлаш тавсия қилинади:
– Контент матни нима тўғрисида бўлишини аниқлаб олиш. Бунинг учун сайт/саҳифа ташриф буюрувчилари ва фойдаланувчиларнинг муаммолари, истакларини ўрганиш;
– Контент-режа тузиш – барча ғоя-фикрларни туркумлаб, энг қизиқарли ва талаб юқори бўлганларини мавзуларга режа асосида шакллантириш.
Контекстли реклама – бу қидирув тизимларида қидираётган матнга қараб реклама эълонларини чиқаради. Ушбу восита ёрдамида сайт/саҳифага ташриф буюрувчилар сонини кўпайтириш имкони мавжуд. Унинг афзалликларидан бири шундаки фақат мақсадли аудитория учун чиқарилади.
Чат хизматлари ва CRM – асосий ташриф буюрувчиларни жалб қилгандан сўнг уларни сақлаб қолиш керак. Бу вазифада чат, қайта алоқа хизматлари ва CRМ хизматлари қўл келади.
Чат сайтда фойдаланувчиларнинг саволларини улар келиб тушиши билан ҳал қилишга қаратилган. Бу сайт конверсиясига ижобий таъсир қилади.
CRМ (customer relationship management) – бу мижознинг аризалари, харидлари, хабарлари каби маълумотлари тўғрисидаги ҳаракатлар тарихи ҳисобини кузатиш хизмати бўлиб, потенциал фойдаланувчиларнинг кириш қўнғироқлари ва сўровларини ўтказиб юбормаслик учун керак.
Бугунги кунда Интернет тармоғида ўзини тарғиб қилмайдиган компанияни тасаввур қилиш жуда қийин. Бунга ортиб бораётган компаниялар веб-сайти ва саҳифалари ҳамда онлайн-дўконлар яққол мисол бўла олади. Юқорида келтирилган воситалар эса товар ва хизматларни илгари суриш ва мулоқот қилиш имкониятларини беради.
Шунингдек, Интернет-маркетинг доимий равишда ўзгариб боришини инобатга олган ҳолда ушбу йўналишдаги сўнгги янгиликлардан доимий хабардор бўлиш ва қайси воситалар энди ишламаслигини кузатиш жуда муҳим. Сабаби тегишли воситалардан фойдаланиш фойдаланувчилар сони ва сотувни оширишга ёрдам берса, ишламайдиганлари эса бефойда харажатларга олиб келиши мумкин.