2017 йилнинг 1 август кунидан бошлаб Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)нинг Узлуксиз таълим маркази бўлажак абитуриентлар ҳамда ўз билимини яхшилаб олишни хоҳловчилар учун математика, физика ва инглиз тили бўйича ўқув курсларига рўйхатга ола бошлайди.
Ўқув курсларидан кўзланган асосий мақсад – ёшлар ўртасида математика ва физика фанларига бўлган қизиқишни ошириш, мазкур фанларга иқтидори бор бўлган ўғил-қизларни кашф этиш ҳамда бу фанларни чуқурроқ ўрганиш учун зарур шароитларни яратиб беришдир.
Тайёрлов курсларига тингловчиларни онлайн рўйхатдан ўтказиш 2017 йилнинг 1 августидан 20 августига қадар давом этади. Қизиқиш билдирган барча ёшлар махсус онлайн шаклни тўлдириши лозим. Махсус онлайн шаклга бўлган ишора Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг сайтида 2017 йилнинг 1 август куни эълон қилинади. 22-24 август кунлари қабул тестлари ўтказилади, улардан муваффақиятли ўтган ёшлар 2017 йилнинг сентябрь ойида ўқишни бошлашади.
Ёшлар ўз хоҳишларига кўра бир ёки икки академик йил давом этадиган курсларни танлашлари мумкин. Ҳар бир академик йил уч триместрга бўлинади, ҳар бир триместр уч ой давом этади. Ҳар бир семестр якунида тингловчилар мажбурий тарзда имтиҳон топширишади ва фақатгина имтиҳонларни муваффақиятли топширган тингловчилар тайёрлов курсларидаги ўқишларини давом эттиришади.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига киришни ният қилган абитуриентлар учун таълимнинг танланган йўналиши бўйича мажбурий ва ихтиёрий фанлар мавжуд. Масалан, агарда абитуриент «Компьютер ва дастурий инжиниринг» факультетига кирмоқчи бўлса, у математика ва физика фанларини танлаши зарур, «Логистика» факультети учун эса – математика ва инглиз тили.
Университетнинг Тайёрлов курслари тингловчилари қатор имтиёзларга эга бўлишади. Фақатгина Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Тайёрлов курсларининг тингловчилари мазкур университетга кириш имтиҳонларини топширмасдан туриб талаба бўлишлари мумкин.
Курс якунлари бўйича тингловчилар якуний имтиҳонларни топширадилар, ҳамда 60 фоиздан юқори балл тўплаган ва энг яхши тингловчиларнинг дастлабки 30 фоизи қаторидан ўрин эгаллаган тингловчилар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабасига айланадилар. Бунда қайд этиш лозимки, касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейларининг биринчи ва иккинчи босқич ўқувчилари, умумтаълим мактабларнинг 10-синф ўқувчилари ҳали ўқув юртини тамомламай туриб, якуний имтиҳон натижаларига кўра университет талабалари бўлишлари мумкин. Фақатгина бу талабалар лицей, коллеж ёки мактабни битириб, диплом ва аттестет олганларидан сўнг университетга қабул қилинадилар.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 20 июнь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) Узлуксиз таълим маркази Тайёрлов курси тингловчилари ўртасида якуний имтиҳон ўтказилди. Имтиҳон натижаларига кўра 34 нафар тингловчилар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг “Компьютер ва дастурий инжиниринг” факультетига ҳамда 8 нафар тингловчилар “Логистика” факультетига ўқишга қабул қилиндилар.
Бунда 5 нафар тингловчилар касб-ҳунар коллежлари ёки академик лицейларнинг ўқувчилари ҳисобланади. Улар коллеж ёки лицейдаги ўқишларини тамомлаганларидан сўнг, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига имтиҳонсиз қабул қилинадилар. Улар шунингдек, университетнинг кириш имтиҳонларида қатнашиб, грант ўринлар учун курашиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритдилар.
Қайд этамиз, 2016 йили IUT нинг Узлуксиз таълим маркази тайёрлов курсларининг 82 фоиз тингловчилари якуний имтиҳон натижаларига кўра талаба бўлишди. Бунда 61 фоиз тингловчилар IUT га ўқишга киришди. Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг Узлуксиз таълим маркази бу йил мазкур кўрсаткичнинг юқори бўлишига умид қилмоқда.