Биз бугун деярли барча жабҳада жамиятни электрон қурилмалар, технологик воситалар, шу жумладан, роботлар қамраб олаётган муҳитда яшаяпмиз. Бу жараён шу қадар тезлашиб кетдики, эндиликда турли интерактив ўйинчоқлар, ОАВда бот-бот эълон қилинаётган робот-фаррош, робот-полициячи, робот-ҳамшира ва шунга ўхшаш сарлавҳали янгиликлар бизни ҳайратга солмай қўйди.

Роботлар атрофида кечаётган гап-сўзлар, баҳс-мунозаралар анча йиллар илгари бошланиб, ҳозиргача давом этмоқда. Ҳозирданоқ кўпгина компаниялар турли-хил жараёнларни автоматлаштириш, ўз фаолиятини янги технологиялар асосига қуриш ҳақида бош қотирмоқдалар. Мутахассисларнинг фикрича, бу келажакда уларнинг бизнеси яшаб қолиши учун сув ва ҳаводек заруратга айланади. Бироқ, шу билан бирга, аҳоли бандлиги, жаҳон иқтисодиёти ва сиёсатига ҳам сезиларли даражада таъсир кўрсатади.

Кино оламида ҳам роботлар иштирокидаги саҳналар, робот қаҳрамонлар асосида суратга олинган фильмлар анча оммалашди (“Инспектор Гажет”, “Терминатор”, “Робокоп” ва ҳ.к). Уларнинг  сюжети эса янгидан янги ғояларга илҳомлантириб, робототехниканинг ривожланиш жараёни тезлашиб кетишига туртки берди. Мазкур фильмлар, ўз навбатида, жамиятни роботлар ортидан келиб чиқиши мумкин бўлган хавф-хатардан огоҳлантирувчи маёқ вазифасини ўтаб берди. Бу келгусида ҳар қандай янги техниканинг яратилишида ана шу омилларни ҳисобга олиш кераклигини англатган бўлса ажаб эмас. Баъзилар роботларнинг жамиятга хавф солиши мумкинлигига қаттиқ ишонса, айримлар уларнинг одамлар турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилувчи дастёрлар бўлишини таъкидлашдан чарчашмаяпти. Роботларнинг жамиятда инсон омилини камайтириб юбориши мумкинлиги, одамлар бажарадиган вазифаларни бирма-бир эгаллаб бориши дунё ҳамжамиятига таъсир қилмай қолмайди, албатта. Аммо унинг таъсири қандай бўлиши, охири нима билан тугаши борасидаги тахминлар кўпчиликни келажак ҳақида  ўйлашга мажбур қилади. Роботлар дунёни ўзгартира оладими? Ўзгартиради ҳам дейлик. Бироқ қайси томонга? Бу каби қарашлар ўтмишда ва ҳозирда бўлгани каби келажакда ҳам давом этаверади. Энг муҳими улар имкониятидан тўғри фойдаланиш маданиятига эга бўлишдир. Бунда роботларнинг асосий вазифаси нималардан иборат эканлиги, пайдо бўлиш тарихини ҳамда айни пайтда ҳаётимиздаги ўрни қай даражадалигини билиш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, қуйида келтирилган фактлар ёрдамида уларнинг пайдо бўлишидан то ҳозирга қадар одамзотга қанчалик фойда ёки зарар келтирганини мустақил баҳолаш имконига эга бўласиз. Эҳтимол, бу борадаги қарашларингиз ўзгарар.

ТАНИШИНГ! РОБОТ

Робот — аввалдан ўрнатилган махсус дастур асосида турли-хил механик амалларни бажарувчи автоматик қурилма. Бундай қурилмаларда датчиклар (сезги органларининг сунъий кўриниши) бўлиб, улар ёрдамида атроф-муҳит ҳақида маълумотлар олинади ва ана шу маълумотлар асосида роботлар навбатдаги ҳаракатларни мустақил равишда бажаради. Бундан ташқари, улар оператор билан боғланиб, ундан керакли кўрсатмаларни олиш имконига эга бўлади. Уларнинг ташқи кўриниши бажарадиган вазифасига кўра турлича (одам, ҳайвон ёки улардаги аъзолар шаклида)    бўлиши мумкин. Шунингдек ахборот технологиялари оламида баъзи дастурий таъминотлар (масалан, ботлар, қидирув тизимлари в.ҳ.к)га ҳам роботлар сифатида қаралади.

Робот атамаси славян тилидаги “робота” – меҳнат сўзидан олинган бўлиб, бу атамани илк марта чех ёзувчиси Карел Чапек ўзининг Р.У.Р (Россумнинг универсал роботлари, 1921 йил) пьесасида қўллаган.

ТЕМИР ОДАМ ТАРИХИ

Роботларнинг пайдо бўлиши ҳақидаги қарашлар ҳам турлича бўлиб, кўпчилик бу ғояни қадимги юнон асотирлари билан боғлайди. Тарихий адабиётларда улардаги қаҳрамонлар қандай қилиб ўзларига ҳарбий аскарлар, хизматкор ва ёрдамчилар ясаб олганлари ҳақида ҳикоя қилинади. Яна бир юнон достонида айтилишича, Фарос оролида тўртта аёл қиёфасидаги маёқлар  ўрнатилган. Улар кундузи қуёш нурида товланиб, тунда ўзидан нур таратган ва ҳамма вақт ўзоқдан кўриниб турган. Кечаси ўзидан овоз чиқариб, соҳил яқинидаги денгизчиларни огоҳлантириб турган. Шунингдек, араб олими ва ихтирочиси Ал-Жазари (1136-1206) яратган қайиққа ҳам роботларнинг дастлабки намунаси сифатида қаралади. Унинг қайиғидаги тўртта механик созандалар арфа, флейта ва яна бир нечта чолғу асбобларида куй чалгани айтилади. Леонардо да Винчининг 1950 йилда топилган қўлёзмаларида дастлабки одамсифат роботнинг чизмалари борлиги аниқланган. У яратмоқчи бўлган “темир рицарь” ўтириш, боши ва қўлларини ҳаракатга келтириши мумкин эди. XVI-XVIII асрларда Ғарбий Европада конструктив ҳарактердаги автоматик қурилмаларни ясаш сезиларли даражада кенгаяди. Улардан бири таминан 1560 йилда механик Хуанело Турриано томонидан император Карл V га атаб ясалган “испан монахи” ўйинчоғи ҳозирда Смитсон институти (Smithsonian Institution, АҚШ)да сақланади. Бўйи 40 сантиметрлик бу митти монах ўнг қўли билан кўксига урганча у ёқдан бу ёққа юради, вақти-вақти билан чап қўлида қўтариб олган ёғоч хочни ўпиб қўяди. Кейинги даврларда ҳам газеталарда “онгли машиналар” ҳақидаги хабарлар тез-тез тарқалиб турди. Бироқ якунда улар қаллоблик бўлиб чиқар, курилмаларнинг ичида эса тирик одамлар ёки ўргатилган ҳайвонлар борлиги фош бўларди. 1738 йилда француз механиги ва ихтирочиси Жак де Вокансон флейтада куй чалишни биладиган илк одамсифат курилма – андроидни яратади.

ТАНГАНИНГ ИККИНЧИ ТОМОНИ

Ундан кейинги йилларда ҳам олимлар, муҳандис ва ихтирочилар янгича кўринишдаги автоматик қурилмаларни ясашни давом эттиришди. Лекин улар, асосан, оғир саноат, завод ва фабрикалардаги ишлаб чиқариш кўламини ошириш учунгина хизмат қиларди, холос. I ва II жаҳон уруши ҳамда ундан кейинги совуқ уруш даври инсониятга қандай оғир фожеаларни келтирганини ҳаммамиз биламиз. Бироқ, шу билан бирга, бу давр техника тараққиётининг бугунги кўринишга келиши учун ҳал қилувчи нуқта бўлганини ҳам тан олишга мажбурмиз. Буюк давлатлар ўзаро геосиёсий рақобат, қуролланиш пойгасига шу қадар чуқур шўнғиб кетишдики, натижада ўзлари билмаган ҳолда янгидан янги кашфиётларга йўл очиб беришди. Илм-фанда, шу жумладан, робототехникада янги йўналишлар пайдо бўлди. Уруш йилларидаги йўқотишлардан чарчаган инсоният энди ўзи учун ҳам қайғура бошлади. Одамлар ҳаётини енгиллаштиришга хизмат қиладиган, тиббий, маиший роботларни яратишга ўтилди. Ҳарбий мақсадлар учун мўлжалланган техникалар аҳоли истеъмоли учун йўналтирила бошланди (масофадан туриб бошқариш, геолокация, сунъий йўлдош алоқа, интернет ва ҳ.лар шулар жумласидандир). Улар асосида кейинги йилларда янада мукаммал воситалар бирин-кетин пайдо бўла бошлади.

КЕЙИНГИ БЕКАТ: РОБОТЛАНДИЯ

Илм-фан ва техника ютуқлари асосида яратилаётган замонавий роботлар бугун барча соҳаларга кириб борди. Сармоядорлар ҳам ўз бизнесини роботлар асосига қуришга интилишмоқда. Сабаби:

  • роботлар нисбатан қийинроқ амалларни кунига 24 соат давомида бажара олади;
  • улар ишлаб чиқарадиган маҳсулотларнинг сифати юқори;
  • улар касал бўлмайди, тушлик учун танаффус ва таътилга муҳтож эмас;
  • улар лавозими, ойлик маоши ва нафақалар ошишини талаб қилишмайди, иш ташлашлар, намойишлар ўтказишмайди;
  • инсон ҳаёти, саломатлиги учун хавфли вазифаларни ҳам бажарадилар.

Роботлар ҳақида гап кетганда кўпчиликнинг хаёлида одам қиёфасидаги курилма гавдаланади. Ҳозирда эса бу соҳа ривожланиб, унинг йўналишлари, бажарадиган функциялари анча кўпайган. Шунга кўра уларни маиший, тиббий, жанговар, ўйинчоқ роботлар, наноробот каби ўнлаб турларга ажратиш мумкин. Ташқи кўриниши ва қурилиши жиҳатдан эса: Андроид (одамсифат робот) ва Биороботга (бунда одам ёки ҳайвон мияси ўрнига сунъий мия (процессор) ўрнатилган бўлиб, тананинг қолган қисми табиий кўринишда бўлади) бўлинади.

Бугунга келиб ривожланган давлатларда роботлардан полиция, давлат хавфсизлиги хизмати, қутқарув, қўриқлаш хизмати каби соҳаларда кенг фойдаланиляпти. Фавқулодда вазиятларда, ёнғинларни ўчириш вақтида ҳам махсус роботларнинг имконияти ишга солинмоқда. Охирги пайтда олимлар сунъий интеллект асосига қурилган, мустақил фикрлай оладиган, тафаккурга эга роботларни ясашга зўр беришяпти. Бу борада япониялик мутахассислар анча илгарилаб кетгани кўпчиликка маълум. Ушбу мамлакатда фаолият юритаётган 100 дан ортиқ компанияларнинг айнан робототехника билан боғлиқлиги ҳам бежиз эмас. 2009 йилда Токио университети олимлари қўл ҳаракати ва мимикалар ёрдамида инсонга хос ҳис-туйғулар: қувонч, ҳайрат, қўрқув, хафалик, инкор қилиш, жаҳл кабиларни ифодалай оладиган “KOBIAN” номли одамсифат роботни яратиб улгуришганди. Бу робот кўзларини очиб-юмиш, лаби ва қошларини қимирлатиш, қўл ва оёқлари билан ҳаракатланишни ҳам билади.

Роботларнинг хизмат кўрсатишдан ташқари, тез ва деярли хатосиз ишлаши, одамларга эстетик завқ улашаётганлиги аҳолининг аксарият қисмини айнан улардан фойдаланишга ундайди. Бу каби омиллар жамиятни роботлаштириш жараёнининг тезлашишига олиб келмоқда. McKinsey Global Institute нинг башорат қилишича, 2055 йилга келиб одамлар ишлаётган фаолият турларининг деярли ярми автоматлаштирилади. Йўқолиб кетиш эҳтимоли бўлган соҳа вакиллари орасида – завод ишчилари, юк ташувчилар, қоғоз-ҳужжатлар билан боғлиқ вазифаларни бажарувчи мутахассислар ҳам бор.

“Ҳозирда ишлаб чиқаришнинг конвейер тизими етакчилик қилмоқда. Бунда ҳар бир ходим ўз вазифасига эга ва фақатгина шу вазифани бажаради, холос, — дейди GlobalLogic нинг муҳандислик бўйича вице-президенти ва IT-мутахассиси Андрей Явровский. Камдан кам ҳоллардагина ходим бошқа вазифага ўтиб, уни қайта ўрганади. Бундай тизимда оммавий равишда маҳсулотнинг кўплаб турларини ишлаб чиқариш мумкин. Бироқ уларнинг ҳаммаси тахминий истеъмолчи учун мўлжалланган бўлади. Айнан сиз эмас, балки сизга ўхшаган бошқа бир инсон учун.

Келажакда ўз фаолиятини роботлаштириш эвазига компаниялар аниқ шахслар учун алоҳида маҳсулот тайёрлаш имконига эга бўладилар. Бунинг учун роботларни қайта дастурлаш орқали уларни шу ондаёқ “қайта ўргатиш”нинг ўзи етарли бўлади. Келгусида роботлар нафақат оғир  меҳнат турларини, балки маиший вазифаларни ҳам эгаллаши мумкин. Promobot компанияси кўп қаватли уйлардаги эшик оғаси (консьерж) вазифасига ўзи ишлаб чиққан роботни таклиф қилмоқда. Promobot V.2 деб номланган роботнинг вазифаларига эшикдан кирувчиларнинг юзини идентификация қилиш, шунингдек, коммунал масалалар бўйича хонадон эгаларининг талаблари: хизмат сифатига оид шикоятлар, чироқларни алмаштириш, алоқа тармоқларини созлаш кабиларни рўйхатга олиш киради. Робот яшовчиларнинг уй хизмати билан боғлиқ истакларини  қабул қилади ва тегишли ташкилотларга етказади. Шунингдек у эълонлар тахтаси орқали хонадон эгаларига уй хизматига доир маълумотларни бериб боради. Зарурат туғилганда у орқали тезкор хизматлар ва полиция чақириш ҳам мумкин.

Халқаро Робототехника Федерацияси (IFR) ҳар йили турли мамлакатлар саноатидаги  роботлашганлик даражасини кузатиб боради. Унинг 2016 йилги маълумотларига кўра, дунё бўйича ўртача 10 000 ишчига 74 тадан саноат роботлари тўғри келган ва унда Жанубий Корея, Сингапур, Германия, Япония, Швеция, Дания, АҚШ, Италия, Бельгия, Тайван давлатлари энг йирик роботлашган мамлакатлар ўнталигидан жой олган. Бу рўйхат йилдан йилга кенгайиб, кўрсаткичлар ошишда давом этяпти. Айрим мутахассислар бу жараённи табиий ҳолат сифатида қабул қилмоқдалар. Уларнинг фикрича, келажакда роботлар ҳали бери уддалай олмайдиган хислатларга эга кадрларга эҳтиёж пайдо бўлади. Ўз ўрнини роботларга бўшатиб берган аҳоли учун янгича фаолият турлари (инсонларга далда бўлиш, уларни руҳлантириш, ўзаро муносабатларни ўрнатиш, уларнинг муаммоларини ҳал қилишда кўмаклашиш, либослар танлашда, шахсий имижни яратишда ёрдам бериш кабилар) пайдо бўлади. Бундан ташқари, асосий вазифаларни роботлар бажариши одамларга ўзи учун кўпроқ вақт ажратиши, ижод ёки ёқтирган хоббиси билан кўпроқ шуғулланиш имконини беради.

Келажакда роботларнинг инсониятга қай даражада таъсир кўрсатиши ёки жамиятдаги ўрни қандай бўлишидан қатъи назар, уларнинг яратувчиси, аввало, инсонлар эканлигини унутмаслик керак. Бордию бу бизнинг зараримизга хизмат қилса, якунда ўзимиз айбдор бўлиб чиқамиз. Агар улар дунёни яхши томонга ўзгартира олса, бунинг сабабчилари ҳам фақатгина ўзимиз бўламиз. Энг муҳими, роботларни яратишда ва улардан фойдаланишда қуйидаги қонунларга амал қилинса бўлгани:

  • Робот ўзининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги билан инсониятга зарар етказмаслиги керак.
  • Робот одамзот томонидан бериладиган барча буйруқларни, агар улар биринчи қонунга зид бўлмаса, сўзсиз бажариши керак.
  • Робот биринчи ва иккинчи қонунни бузмаган ҳолда ўз хавфсизлиги ҳақида қайғуриши керак.

(Исҳоқ Азимов, 1942 йил)