Ҳозирда ахборот технологиялари соҳасида бўлаётган ҳар қандай ўзгариш, янгилик, кашфиёт ҳеч кимнинг назаридан четда қолаётгани йўқ. Одамларда қулайлик, тезкорлик ва аниқликка бўлган эҳтиёжнинг кун сайин ортиб бориши ишлаб чиқарувчиларни доимий равишда янгиликка ундаб келмоқда. Соҳадаги ўзгаришлар, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ўзаро рақобат шиддати ҳар қандай қишининг ақлини шошириб қўйиши, шубҳасиз. Бугунга келиб жамиятнинг деярли ҳар бир бўғинига кириб бораётган IT дан мақсад ва вазифаларига қўра бир қанча йўналишлар ажралиб чиққанки, уларни алоҳида ўрганиш мақсадга мувофиқ. Бу сафар ана шу йўналишлардан бири, сўнгги йилларда кўпчиликнинг муҳокамасига, баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган РОБОТлар мавзусига тўхталамиз. Сунъий интеллектга асосланган бу “мавжудот”ларнинг келажаги қандай бўлиши, юртимизда ҳам уларнинг имкониятидан унумли фойдаланиш истиқболлари, бизда бу борада қандай ютуқларга эришилди ёки эришилиши қутилмоқда? Ўзбекистоннинг IT дунёсидаги ўрни қандай бўлади? каби саволлар кўпчиликни қийнаб келаётгани аниқ. Шундай бўлса-да, юртимизда мазкур йўналишда бирмунча сезиларли силжишларнинг борлиги, янги авлод вакиллари орасидан кўплаб мутахассисларининг етишиб чиқаётганлиги қувонарли ҳол, албатта. Шундай ёшларимиздан бири, ҳозирда Италиянинг Ўзбекистондаги Турин политехника университетида таҳсил алаётган Фирдавс Неъматзода бу борадаги фикрлари билан ўртоқлашди. 

Замонавий технологияларнинг айнан сунъий интеллект йўналишига қизиқишингиз қандай пайдо бўлган? Умуман, бу соҳага қандай кириб келгансиз?

— Болалигимдан қурилиш, техника, автомобиллар, электроника соҳасига қизиқардим.ТДТУ қошидаги Чилонзор академик лицейида 7-синфда ўқиб юрганимда илк марта “Ёш техниклар” кўрик-танловида қатнашиб, 1-ўринни эгаллаганман. Шу тариқа технологиялар олами мени ўз ичига тортиб кетди. У ерда ҳам физика фанига бўлган иштиёқим ортиб борар, турли танловларга қатнашардим.

Абитуриентлик пайтимда дастлаб ТАТУга ўқишга кириш ниятида эдим. Аммо ўша йилларда Тошкентда Турин политехника университети ташкил этилди. Ушбу олийгох ҳақидаги маълумотлар билан танишиб чиққач, “бу айнан мен учун” деган хулосага келдим ва мазкур университетнинг “Саноатда ахборот технологиялари ва автоматик бошқарув тизими” факультетига ҳужжатларимни топширишга қарор қилдим. Ўқишдан ташқари вақтларда интернетдаги турли хил янгиликлар форумларини кузатиб борардим, кечалари билан изланардим. Ўша пайтларда университетимиз қошида “Мехатроника ва робототехника лабораторияси” ҳам ташкил этилди. Аммо у ерга фақат танловдан ўтган иқтидорли талабаларнигина қабул қилишарди. Мен ҳам ўзим ясаган қурилмаларим билан танловда қатнашиб, лабораторияга қабул қилиндим. Бир йил давомида лабораторияда ҳам ўқиб, ҳам ишлаб болаликдан орзу қилганим, робототехника соҳасини ўзлаштиришга муваффақ бўлдим.

Робототехника жуда қизиқарли, бироқ шу билан бирга қамрови анча кенг ва мураккаб йўналишдир. Сунъий интеллект эса унинг бошқарув тизими ҳисобланади. Шу сабаб бу икки тушунча ҳамиша ёнма-ён келади. Биз учун оддий бўлиб кўринган компьютер, смартфон каби қурилмаларнинг барчаси аслида сунъий интеллект маҳсули саналади. Мен ҳам ўз изланишларим давомида роботлар ясашдан кўра, кўпроқ унинг бошқарув тизимига, яъни сунъий интеллектга урғу берганман.

Робототехника оламида рўй бераётган ўзгаришлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида нималар дея оласиз?

— Чиндан ҳам бу борадаги ўзгаришлардан ҳайратга тушмасликнинг иложи йўқ. Агар “роботлар эволюцияси”га назар ташлайдиган бўлсак, бу жараённинг қанчалик шиддат билан кечаётгани яққол кўринади. Буларни ўзим шу соҳа вакили бўлганим учун айтаётганим йўқ. Бутун дунёда робототехника ва сунъий интеллект соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти, миллиардлаб доллар маблағ сарфланяпти. Сўнгги йилларда рўй бераётган ўзгаришлар, қилинаётган янгиликларни ана шу эътиборнинг самараси дейиш мумкин. Жумладан, Boston Dynamics компанияси яқинда сунъий интеллект орқали бошқариладиган одамсимон (гуманоид) роботларни ишлаб чиқиб, улар устида турли тажрибаларни амалга оширмоқда. Бу кетишда яқин 5-10 йил ичида аэропортлардаги маълумот берувчи ходимлар ўрнида, шунингдек, ҳарбийлар сафида ҳам роботларни кўришимиз ҳеч гап эмас.

Айни пайтда шуғулланаётган лойиҳаларингиз ҳақида гапириб берсангиз.

— Ҳозирда учта лойиҳа устида иш олиб боряпман. Улардан бири ногиронлар учун роботик протез қўл. Электромагнетик сенсорлар орқали ҳаракатланадиган бундай қўлларни бахтсиз ҳодиса туфайли қўлидан айрилган беморларга ўрнатиш мумкин. Тўғри, бу каби сунъий қўллар аллақачон ишлаб чиқилган. Бироқ уларнинг нархи жуда қиммат. Менинг лойиҳам асосида тайёрланган қўлларнинг таннархи эса анча арзонга тушади. Унинг прототип вариантини ишлаб чиқиб, оммага намойиш этиб бўлдик. Ҳозирда уни патентлаш ва ишлаб чиқариш устида иш олиб боряпмиз. Навбатдаги лойиҳам ҳам аввалгисига ўхшаш бўлиб, ногиронлар учун роботик биопротез оёқлар яратишдан иборат. Сунъий оёқнинг 3D чизмалари тайёр. Уни ясаб синовдан ўтказиш ишлари қолди, холос. Кейинги лойиҳам нисбатан мураккаб, сунъий интеллект орқали бошқариладиган одамсимон (гуманоид) робот ясашга қаратилган. Ҳозирга келиб робот танасининг 75% қисмини 3D принтер ёрдамида чиқариб бўлдик. Унинг электрон қисми ҳам тайёр. Барча лойиҳаларимни 2019 йилда халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги — INNOWEEKда тақдим қилиш ниятидаман.

Ғояларингиз тиббиётдан ташқари яна қайси соҳаларда қўл келади деб ҳисоблайсиз? Бошқа йўналишларга ҳам янгилик кирита оласизми?

— Ғояларим орасидан фақатгина сунъий қўл ва оёклар тиббиёт соҳасига йўналтирилган. Аммо уларни мавжуд вазиятдан келиб чиқиб бошқа соҳаларда ҳам қўллаш мумкин. Масалан, ҳарбий соҳа вакиллари сунъий қўлдан портловчи моддалар, бомба ёки миналарни зарарсизлантиришда фойдаланишлари мумкин. Фавқулодда вазиятларни олайлик. Кўп ҳолларда қутқарув хизмати ходимлари мавжуд хавф-хатарни бартараф этишда ўз ҳаётини хавф остига қўйишига тўғри келади. Бундай пайтда одамлар ўрнига роботлар, роботик манипуляторларни юбориш, вазиятни хавфсиз жойдан туриб бартараф қилиш мумкин. Бундан ташқари, келгусида медиа ва реклама соҳаларида ҳам инновацион ишланмалар қилиш ниятидаман.

Юртимизда ҳам робототехниканинг кенг тарқалиши учун қандай ишлар амалга оширилиши керак деб ҳисоблайсиз?

— Мамлакатимизда сўнгги беш йил ичида робототехника соҳаси анча жадал ривожланиб, ёшлар   орасида катта қизиқиш уйғотди. Мен бу соҳага кириб келганимда бор йўғи беш киши эдик. Вилоятларда семинар, тренинглар ўтказиб, ёшлар орасида робототехникани тарғиб қилдик. Дастлаб 2017 йилда MIT.UZ (Миллий интернет танлови) кўмагида Ўзбекистонда илк бор “РОБОТЛАР ЖАНГИ—2017” танлови ўтказилди. Танлов қатнашувчиларининг аксарияти ёшлардан иборат бўлиб, кейинги мусобақаларда уларнинг сони янада ортиб борди. Ҳозирга келиб республика бўйлаб қўпгина шаҳарларда робототехника ва электроника бўйича ўқув курслари ва марказлар ташкил этилган. Ўсиб келаётган авлод орасида ҳам бу соҳага қизиқадиганлар кўплигига ишончим комил. Фақат уларнинг истеъдодини ўз вақтида пайқаб, тўғри йўналиш берилса бўлгани. Бунга эришиш ва Ўзбекистонда ҳам робототехниканинг ривожланиши учун уларга мактаб давриданоқ эътибор қаратиш керак деб ҳисоблайман. Масалан, 7-синфдан бошлаб ўқувчилар учун физика фанига қўшимча равишда робототехника ва электроника соҳасига оид амалий ва лаборатория машғулотлари киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Яқин келажакда юртимизда ҳам соҳага сезиларли янгиликларни олиб кира оладиган кадрлар етишиб чиқади деган умиддаман.

Роботларнинг дунёни “забт этиши” қандай ижобий ёки салбий оқибатларга олиб келиши мумкин?

— Шахсан мен роботлар одамзотга фақатгина фойда келтиради деган қатъий фикрдаман. Боя айтганимдек менинг ушбу соҳа вакили эканлигим бу борадаги қарашларимга таъсир қўрсатмайди. Саноат ва ишлаб чиқаришда мукаммал даражадаги аниқликни ва оғир меҳнатни талаб қиладиган фаолият турлари бор. Уларни бажаришга ишчиларнинг жисмоний имконияти етмайди. Буни уларнинг ўрнига роботлар бажаради. Ёки юқорида айтиб ўтилган фавқулодда вазиятларда, табиий офатлар, ёнғинлар вақтида ҳам айнан роботлар хизматидан фойдаланиш орқали кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Тиббиётда ҳам шундай. Роботлар, содда қилиб  айтганда, бошқариладиган темир механизм, холос. Уларни ясайдиган ҳам, бошқарадиган ҳам инсон. Фақатгина тўғри фойдаланилса бўлгани. Терминатор ҳақидаги ёки шунга ўхшаш фильмлардаги агрессив роботлар экранларда қолиб кетади. Ҳақиқий роботлар эса ривожланишда, одамларга енгиллик бериш, фойда келтиришда давом этаверади.

Олдингизга қўйган энг катта мақсадингиз нима?

— Энг катта мақсадим — Ўзбекистонда Робототехника Федерацияси фаолиятини ташкил қилиш, мазкур соҳада ривожланган давлатлар билан илмий ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги ғоя ва лойиҳаларни амалга ошириб, ҳаётга татбиқ этиш. Насиб қилса, бу кунларга, албатта, етамиз. Бунга ишонаман.

Мазмунли суҳбат учун ташаккур. Келгуси ишларингизда муваффақият тилайман.

— Раҳмат.