Наманган вилоятида АКТ ривожланиши

АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИНГ ЖАДАЛ РИВОЖЛАНИШИ

Мамлакатимизда “Электрон ҳукумат” тизимининг жорий этилишини янги босқичга олиб чиқиш сари қўйилган асосий қадамлардан бири – Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ташкил этилиши бўлди. Ушбу вазирлик республикада “Электрон ҳукумат” соҳасидаги ваколатли орган этиб белгиланди. Бу эса, ўз навбатида, вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ҳамда вазирлик тизимига кирувчи соҳа корхоналарининг зиммасига улкан масъулият ҳамда вазифаларни юклади. Айни кунда, соҳа олдига қўйилган вазифаларни бажариш йўлида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш доирасида:

  • Наманган вилоятида умумий сиғими 127,6 минг рақамга тенг 134 та телефон станциялари 100 фоиз рақамлаштирилган бўлиб, улар орқали 80,6 минг фойдаланувчиларга замонавий алоқа хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
  • Интернет хизматларини кўрсатувчи кенг полосали қурилмаларнинг сиғими 38,818 минг портга етказилди, улар орқали ҳозирда 21 мингдан ортиқ абонентларга замонавий телекоммуникация хизматлари кўрсатилмоқда. IP-TV хизматидан фойдаланувчилар сони 3 487 тани ташкил қилмоқда.
  • 2018 йилнинг 6 ойи давомида вилоят бўйича 56,3 кмдан ортиқ масофада оптик-толали алоқа кабелларини ётқизиш ишлари якунланиб, вилоятда оптик-толали алоқа линияларининг жами узунлиги 1842,5 км га етказилди, тармоқнинг ўтказувчанлик даражаси вилоят марказигача 40 Гбит/с га, ҳар бир туман марказларигача 10 Гбит/с га тенг.
  • 2018 йил 6 ой давомида мобил алоқа тармоқларида ўрнатилган базавий станцияларнинг умумий сони 1 598 тага етказилди ва улардан фойдаланувчилар сони 1, 68 млн. ташкил этди.

“Ўзмобайл” мобил алоқа оператори тармоғини ташкил этиш борасида:

  • 2018 йил 6 ой давомида Наманган вилояти бўйича жами 35 та GSM базавий станцияларни қуриш ва монтаж ишлари якунига етказилиб ишга туширилди.

Рақамли телевидение тармоғини ривожлантириш бўйича:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли телеэшиттиришга техник ва технологик ўтиш давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ-1741-сон (2016 йил 23 декабрдаги ПҚ-2697-сон) қарорларига мувофиқ, вилоятнинг чекка аҳоли масканлари: Бугор тепа, Боғистон, Янгиқўрғон, Сарой, Оқтепа, Мамай, Қораполвон, Қорабоғ, Қамчиқ, Гулистонмозор, Пардатурсин, Гулистонмозор 2, Ҳазратишоҳ, Чортоқ ва Нанайда 15 та кам қувватли рақамли телевидение узаткичлари чекка ва бориш қийин аҳоли масканларига ўрнатилди. Натижада вилоят аҳолисининг рақамли телевидение билан қамрови 100 фоизга етказилди.

АКТни жорий этиш бўйича:

  • Наманган вилоятида давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига ахборот ресурслари, ахборот тизимлари ва маълумот базаларини кенг жорий этиш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш борасида 2018 йил 1-ярим йиллик давомида бир қатор ишлар амалга оширилди.
  • Вилоят ҳокимлигининг маъмурий бошқарув ходимлари компьютер техникаси билан 100 % таъминланган бўлиб, локал ва корпоратив тармоқларга уланганлик даражаси 100 % ни ташкил этади.
  • Вилоят ҳокимлигининг марказий аппарати 20 Мбит/с, шаҳар ва туман ҳокимликлари эса 2 Мбит/с тезликдаги кенг полосали Интернет тармоғига уланган.
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги “Ягона идоралараро ижро интизоми электрон тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5017-сон фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида, Ҳокимликнинг 2017 йил 12 августдаги 282-ф-сон фармойиши қабул қилинган бўлиб, қарор ижроси доирасида бугунги кунда вилоят ҳокимлиги марказий аппаратида 53 та, шаҳар ва туман ҳокимликларида 97 та “gov.uz” – идоралараро ягона ижро интизоми электрон тизимидан фойдаланиш учун Е-калит қурилмалари топширилган.
  • “E-ижро” автоматлаштирилган электрон ҳужжат алмашинуви тизими вилоятнинг 360 га яқин, “Е-хат” ҳимояланган электрон почта тизими 350 дан ортиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида жорий этилган бўлиб, ҳозирда бу тизимдан самарали фойдаланиб келинмоқда.
  • “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази томонидан ахборот-коммуникация технологияларини (кейинги ўринларда – АКТ) жорий этиш самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, 2018 йилнинг II чораги бўйича Ҳокимликда АКТни жорий этиш самарадорлигининг рейтинг баҳоси умумий ҳисобда 100 % дан 74,81 % ни ташкил қилган.
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги 355-сон қарори талабларига мувофиқ вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтининг янги дизайни ишлаб чиқилиб, http://www.namangan.uz домен номи билан ишга туширилди ва у орқали 34 турдаги, шу жумладан фуқаролар учун 13 та ҳамда юридик шахслар ва тадбиркорлик субъектлари учун 21 та интерактив давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилди. Шунингдек, ҳокимлик расмий веб-сайтининг мобил ва кўриш қобилияти заифлашган шахслар учун версиялари ишлаб чиқилган ва ишга туширилган.
  • Вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайти доирасида data.namangan.uz – “Очиқ маълумотлар” сайти ишлаб чиқилди ҳамда Интернет тармоғида ишга туширилди. Шу билан бирга, “Очиқ маълумотлар” портали ҳамда вилоят ҳокимлигининг “Очиқ маълумотлар” сайтини маълумотлар билан тўлдириш мақсадида 23-банддан иборат Назорат режаси тасдиқланган. Ҳозирги кунда вилоят ҳокимлигининг “Очиқ маълумотлар” сайтида 100 га яқин очиқ маълумотлар 3 хил кўринишда (xls, pdf, csv) жойлаштирилган ва очиқ маълумотлар сонини кенгайтириш ишлари давом эттирилмоқда.
  • Ҳозирги кунда вилоят ҳокимлиги ва унинг тизимида 10 та ахборот тизимлари (Ижро интизоми, Е-ҳужжат, Е-хат, Кадр-5, Мукофот, Уз-АСБО, Коттеж, Бозор, Пахта, Ғалла-Автограф), 9 та ахборот ресурслари ишга туширилган ва белгиланган тартибда Ягона реестрда рўйхатга олинган.
  • Вилоят ҳокимлигида “Е-назорат” мониторинг тизими жорий этилди ва мазкур тизимдаги ахборот ва маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида гуруҳ, котибият, бўлимлар масъуллари вилоят ҳокимлиги ички локал компьютер тармоғи орқали серверга уланган ҳолда ўзларига тааллуқли маълумотларни кунлик киритиб бориш ва янгилаш имконияти яратилди. Раҳбариятга назорат қилиш учун мазкур тизимга кириш 2 та йўналишда, яъни ички локал компьютер тармоғи орқали ёки Интернет тармоғида қуйидаги манзил орқали алоҳида логин ва пароль билан кирилади. Ҳозирда “E-nazorat” тизими комплекс ахборот тизимига айланиб, вилоят ҳокимлигининг расмий сайти namangan.uz доменида Интернет тармоғида e-nazorat.namangan.uz субдоменида портал кўринишида фаолият кўрсатмоқда.
  • Мазкур ахборот тизимида 1а, 2а, 3а, ариза бўлимлари, 4а-картотека, “Хатлар”, “Топшириқлар”, “Ишонч телефони”, “Иш режа, дастурлар мониторинги”, “Вазирлар Маҳкамаси ҳамда вилоят ҳокимлигининг баёнлари ижроси”, “Кунлик маълумотлар” (металлолом, МПР, коммунлар тўлов, нақд пул, пенсия ва бошқалар), “Тадбирлар”, “Туғилган кунлар” бўлимлари, шунингдек ўзаро қисқа хабарлар билан алмашиш имконияти берилди.
  • Шаҳар ва туманлар ҳокимликларига вилоятдаги 100 дан зиёд бошқарма ва ташкилотларга масофавий Интернет тармоғи орқали кириш учун логин ва пароллар тақдим этилди ва тизим тўлиқ ишга туширилди.
  • АКТни ривожлантириш бўйича жорий йилда 4 маротаба оммавий ахборот воситалари ва Интернет орқали ҳуқуқий-тарғибот ишлари амалга оширилди.
  • 5 маротаба семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди, уларда 300 дан ортиқ тингловчилар иштирок этдилар. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг компьютер саводхонлигини ошириш ва уларга давлат электрон хизматларидан фойдаланишни ўргатиш бўйича ўқув курслари ташкил этилди ҳамда бу курсларда 267 нафар аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўқитилди.

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси юзасидан келиб тушган мурожаатлар бўйича:

  • 2018 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида, Наманган вилоятидан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига оид 130 та мурожаат келиб тушган. Булардан 125 таси белгиланган муддатда кўриб чиқилган. Қолган мурожаатлар (5 та) ҳозирда кўриб чиқилмоқда.
  • Мурожаатларнинг 14 таси ариза, 9 таси таклиф, 101 таси шикоят кўринишида тушган. Келиб тушган мурожаатларнинг 21 таси алоқа тармоғи, 63 таси мобил алоқа, 29 таси интернет масаласи, 4 та почта, алимент ва пенсия масаласи, 2 та радио ва телевидение масаласи ва 11 та бошқа масалаларга тўғри келади.

2018 йилда Наманган вилоятида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини янада  ривожлантириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилган ишлар

  • Замонавий мультисервис телекоммуникация хизматларини кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида, 205,4 км оптик-толали алоқа линияларини қуриш (4,9 млрд.сўм).
  • FTTx техоногиялари асосида кенг поласали хизмат турларини кенгайтириш учун 15 808 портдан иборат телекоммуникация қурилмаларини харид қилиш ва ўрнатиш (17,6 млрд сўм).
  • Вилоят ҳудудида мобил алоқа хизматларининг сифатини яхшилаш ва уларнинг қамров даражасини кенгайтириш мақсадида, 158 та мобил базавий станцияларни ўрнатиш (28,5 млрд.сўм).
  • Ёш дастурчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соҳада янги инновацион ғояларни амалга ошириш учун қулай шароитларни яратиш мақсадида, Наманган шаҳрида “Коворкинг” марказини ташкил этиш (алоҳида лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида).
  • Ушбу лойиҳалар доирасида қурилиш ва монтаж ишларини амалга ошириш учун бирламчи ҳисоб-китобларга кўра 51 млрд.сўм маблағларни йўналтириш режалаштирилган.
ҚЎШИМЧА МАЪЛУМОТЛАР

Янги ташкил этилган Наманган шаҳар Давлат хизматлари марказининг маъмурий биносида локал тармоқ, замонавий компьютер жиҳозларини ўрнатиш, алоқа ва интернет билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатилди.

Вилоятдаги барча 12 та “Давлат хизматлари марказлари”га ОТАЛни тортиш ишларини якунланиб, FTTB технологияси асосида маълумот узатиш хизматлари ташкил этилди.

Давлат хизматлари агентлигининг ишчи гуруҳи билан биргаликда шаҳар ва туман давлат хизматлари агентлиги ҳамда янги тизимга уланадиган хизмат кўрсатувчи ташкилот ва идораларга жойига чиққан ҳолда давлат хизматлари маркази билан ишлаш учун масъул ходим буйруқ билан бириктирилган, интернет, алоқа ва компьютер қурилмалари билан таъминланганлик даражаси ўрганилди ҳамда мавжуд камчиликлар жойида бартараф этилди.

Туризмни ривожлантириш юзасидан берилган топшириқ бўйича вилоятдаги Аэропорт, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Наманган филиали, Вилоят тарихи музейи, 34 зиёратгоҳлар ҳамда 195 та автобус бекатларида WI-FI зонани ташкил этиш, мобил қамров даражаси ўрганилди ва булар юзасидан таклифлар берилди.

Ҳудудларга бириктирилган сектор раҳбарларининг иш фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлик томонидан ишлаб чиқилган “Ҳудуд” ахборот тизимига маълумотларни киритиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Шунингдек барча сектор раҳбарлари томонидан кунлик уйма-уй юриб муаммо ва камчиликларни ўраганиш бўйича амалга оширилган ишларни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси топшириғига асосан Телеграмм ижтимоий тармоғида очилган Hudud гуруҳига жойлашдаги дастурий ҳамда техник муаммолар жойида ҳал этиб келинмоқда.

Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда бошқарма ва унинг тизимидаги ташкилотларда ишга туширилган 7 та расмий веб-сайтлар, яъни Соғлиқни сақлаш бошқармасининг www.namzdrav.uz веб-сайти, Наманган вилояти тиббиёт ходимларининг ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририятининг shifokorvahayot.uz ҳамда Ўрта тиббиёт ва доришунос ходимларнинг малакасини ошириш институтининг namhamshira.uz, вилоят Кардиология марказининг kardiologiya.uz, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилояти филиалининг rshtyom.namzdrav.uz, Наманган вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг nvkttm.namzdrav.uz, Наманган Онкология диспансерининг onkologiya.namzdrav.uz, Наманган вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг nvkttm.namzdrav.uz веб-сайтларида интерактив хизматларни кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда кўпайтириш ишлари амалга оширилди.

Мамлакатимизнинг кўп асрлик тарихи ва мустақиллик давридаги тараққиётида Наманган вилояти ўзининг бой ўтмиши, маданияти билан муҳим ўрин эгаллаб келган. Наманган Фарғона   водийсидаги қадимги шаҳарлардан. Шаҳар кўчманчи чорвадорлар ва деҳқончилик билан шуғулланувчи ўтроқ аҳоли яшайдиган чегарада вужудга келган. Наманган қишлоғи ҳақидаги дастлабки маълумотлар 14-асрлар охирига тегишли. Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида Наманганни қишлоқ сифатида кўрсатиб ўтган. Тарихчиларнинг хабар беришича, бу ерга 1582 йилда асир олинган форслар келтирилиб жойлаштирилган. 1643 йилги вақф ҳужжатида ҳам шаҳар дейилган. Шаҳар туз кони яқинида барпо бўлганлиги учун номи «намак кон» сўзларидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. 1620 йил Фарғона водийсининг қадимги пойтахти Ахси (Ахсикант) зилзиладан вайрон бўлгач, унинг аҳолиси яқинроқ жойлашган Наманганга кўчиб ўтади. 1813 йилда Қўқон хонлигида бўлган рус элчиси Филипп Назаров Наманган шаҳар ҳокимининг девор билан ўралган саройида анча лашкар сақланганлигини ёзган.

1819-1822 йилларда Янгиариқ канали қазилиб, шаҳарнинг сув таъминоти анча яхшиланади. 1842-1845 йилларда шаҳар атрофи мустаҳкам девор билан ўраб олинади. 1876 йил февралда Қўқон хонлиги тугатилгач, Наманган уезд шаҳарларидан бири бўлиб қолади. 19-аср охирларида эски шаҳар ёнида ўвропалик фотиҳлар ўзлари учун муассаса ва турар жой бинолари қурдилар. Натижада «янги шаҳар» вужудга келди. Айни вақтда саноат корхоналари ҳам барпо этила бошлади. 1914 йил шаҳарда 40 дан ортиқ корхоналар (шундан 17 таси пахта тозалаш заводи) бор эди. Кейинги ўн йилликлар ичида шаҳарда енгил, озиқ-овқат ва машинасозлик саноати корхоналари ҳамда Намангансойда ГЭС лар қурилди.

Наманган шаҳрида оташнафас шоир ва мутафаккир Бобораҳим Машраб (1657-1711), Тўрақўрғонда шоир, тилшунос, маърифатпарвар Исхоқхон Жунайдулло ўғли Ибрат (1862-1937), Чустда шоир Муҳаммадшариф Эгамберди ўғли Сўфизода (1869-1937) ва бошқалар яшаб ижод қилганлар.

Наманган шаҳри ва вилоятида сақланиб қолган меъморий ёдгорликлар асосан 18-20-аср бошларида бунёд этилган. Намангандаги Мулла Қирғиз мадрасаси 20-аср бошларида шаҳар марказида қурилган. Мадраса унинг қурилишига раҳбарлик қилган шахс – уста Қирғиз номи билан аталган. Ушбу мадраса яқинида айни вақтда Ота Валихон тўра масжиди ҳам қурилган. Мавлон бува мажмуаси маҳалий шоирга бағишланган бўлиб, унинг қурилган санаси (1806 йил) пештоқига битилган. Мақбара шоирларнинг зиёратхонасига айланган. Хўжа Амин мақбараси 18-аср ўртасида барпо этилган. Бинонинг бош фасадини безашда 12-14-асрлар безак усули (ўйма сопол  тахтачалари)дан фойдаланилган.

Вилоят 1967 йил 18 декабрда қайта ташкил этилган (аввал 1941 йил 6 мартдан 1960 йил 23 январгача мавжуд бўлган). Республиканинг шарқий, Фарғона водийсининг шимолий қисмида жойлашган.

Вилоят Фарғона водийсининг шимолий қисмида, асосан, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган. Ер юзасининг баландлиги 400-750 метр бўлиб, шимолга томон баландлашиб боради. Шимолий Чотқол ва Қурама тоғлари билан ўралган. Тоғ олдилари баландлиги 1000-1200 метр адирлардан иборат. Вилоят геологик фаол ҳудудда жойлашган. 8 баллгача зилзилалар бўлиб туради. Катта майдонни эгаллаган Қорақалпоқ чўлида деҳқончилик қилинади. Рангли металл конлари бор. Гипс, оҳактош ва бошқа қурилиш материаллари қазиб олинади, вилоятнинг қатор ҳудудларидан шифобахш минерал сувлар (Чортоқ, Чодаксой, Шаҳанд, Учқўрғон) топилган. Иқлими континентал. Ёзи иссиқ, узоқ, қиши нисбатан юмшоқ ва қисқа. Ҳаво ҳароратининг суткалик тебраниши кескин, ёғингарчилик кам. Текисликда январнинг ўртача ҳарорати – 3,5 даража илиқ, июлда эса – 25 даража иссиқ. Йиллик ёғингарчилик текислик ва тоғ олдиларида 100-200 мм, тоғ этакларида 600 мм гача. Наманган шаҳри атрофидаги вегетация даври (229 кун) бўлиб, Фарғона водийсининг жанубий ва шарқий томонларига қараганда энг узоқ давом этади.

Наманган вилояти республиканинг шарқида, Фарғона водийсининг шимоли-ғарбий қисмида, Тяншан тоғ тизмаси тармоқлари – Қурама ва Чотқол тоғларининг ён бағрида жойлашган.  Шимолий ва шимоли-шарқдан Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти, жануби-шарқдан-Андижон, жанубдан – Фарғона, шимолий ва шимоли-ғарбдан – Тошкент вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти билан чегарадош. Майдони 7,44 минг км². Аҳолиси 2 720 минг киши. Наманган вилоятида 1 та шаҳар, 11 та туман бор (Наманган шаҳар, Косонсой, Мингбулоқ, Наманган тумани, Норин, Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон, Чортоқ, Чуст, Янгиқўрғон).

Юсупхан Ишанов, Ўзбекистон Республикаси Ахборот
технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш
вазирлигининг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи