Ишлаб чиқаришни роботлаштириш: афзалликлар ва нуқсонлар

82
Инсоният такомиллаша борган сари ўзининг ишини доимий равишда енгиллаштириб борган ҳолда, уни сунъий интеллект зиммасига юкламоқда. Ишлаб чиқаришни роботлаштириш бир қатор касблардан воз кечиш имконини берди, масалан, ўтган асрда телефонист қизлар икки абонентни ўзаро улаб берган бўлса,телефон алоқа хизмати бугунги кунда фақат электроника орқали кўрсатилмоқда. Ҳозирда тараққиёт янада илдамлаб кетди ва одамзот турли механик амалиётларни бажара оладиган ҳақиқий сунъий машиналар – роботларни ярата бошлади.
ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ РОБОТЛАШТИРИШ

Ушбу жараён инсон қуввати саноат миқёсида роботлаштирилган тизимлар билан алмаштирилаётган пайтда, ишлаб чиқаришга автоматлаштириш компонентларидан бири сифатида қараш лозим.
Кўпинча йирик корхоналар, бутун комплекснинг ишига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган универсал роботлардан фойдаланишга ҳаракат қиладилар. Уларнинг асосий афзалликлари шундаки, улар исталган вақтда мутлақо бошқа анжом ва буюмларни ишлаб чиқариш учун қайта мослаштирилиши мумкин, бунинг учун ускунага бошқа дастурни киритиш кифоя қилади. Бу каби робототехникадан фойдаланиш ҳисобига аксарият корхоналар сезиларли даражада иқтисод қилишга эришмоқдалар. Ишлаб чиқаришни роботлаштириш жараёни турли анжомларга ишлов бериш билан шуғулланувчи корхоналарда катта аҳамиятга эга. Бу ерда маҳсулотнинг 50% кичик партияларда ишлаб чиқарилади ва агар саноат корхоналарида роботлар бўлмаса, у ҳолда ушбу анжомларни ишлаб чиқаришга иш кунининг 5 фоизига яқин вақт сарфланади. Қолган вақт ускуналарни қайта созлаш ва мослаштиришга, анжомларни ва асбобларни алмаштиришга кетади.

Ишлаб чиқаришнинг бу тарзда фаолият юритиши ҳеч қайси корхонага наф келтирмайди, чунки уларнинг ҳар қайсисининг мақсади ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ҳисобланади. Буюм ва анжомларни ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштиришдаги яна бир ижобий самара – роботлар хомашё ва материалларнинг анчагина миқдорини тежашга имкон беради, бироқ бу ерда барчаси иш жараёнини тўғри ташкил қилишга боғлиқ бўлади.

КОРХОНАЛАРДА ҚАНДАЙ РОБОТЛАРДАН ФОЙДАЛАНИЛАДИ?

Саноат соҳасида “саноат роботи” деган ибора мавжуд, ушбу ибора остида муайян миқдордаги функцияларни бажара оладиган ва 5 ёки ундан кўп дастурлар бўйича ишлай оладиган махсус ускуна тушунилади.Роботнинг асосий вазифаси – қўйилган масалаларни бажариш, яъни: асбоб-ускуналар, анжом ва буюмлар, қўшимча материаллар билан тегишли манипуляцияларни амалга ошириш. Тажрибали мутахассислар бу каби техниканинг камида уч авлоди мавжудлигини таъкидлашмоқда.

Биринчи авлодга, топширилган дастурнинг ўзини бажара оладиган дастурлаштириладиган роботлар киради. Иккинчисига – сенсорларга эга ва уларнинг ёрдамида атрофдаги муҳитдан маълумотларни олиш, таҳлил қилиш ва зарурат бўлганда ўз вазифалари ва ишлашига тегишли ўзгартиришларни қўша  оладиган мослашувчан роботлар киради.
Учинчи авлоднинг аксарияти эса интеллектуал роботлардан ташкил топган, улар атроф-муҳитдаги объектларни фарқлай олади ва муайян ҳаракатларни мустақил амалга ошира олади.

Одатда, гап ишлаб чиқаришни роботлаштириш ҳақида кетганида, ушбу ғоя ташаббускори бўлмиш компаниядан энг замонавий техника харид қилиниши кутилади. Саноат роботлари, шунингдек уларнинг бевосита функционалига тегишлилиги бўйича ҳам ажратилади. Улардан баъзилари, маҳсулот тайёрлаш бўйича вазифаларни бажаради, бошқалари эса – анжом ва буюмларни кўтариш, юклаш ва ташиш бўйича ишларни амалга оширади, учинчилари – асосий ишлаб чиқариш ускунасига хизмат кўрсатади ва ҳ. Робототехника баъзи ҳолатларда ёрдамчи функцияларни ҳам бажариши мумкин, хусусан, хоналарни тозалаш билан машғул бўлиши мумкин. Саноатга жалб қилинган барча роботлар роботлаштирилган технологик комплексларнинг асоси бўлиб  ҳисобланади. Улар техниканинг жамланмаси ҳисобланади ва кўпинча миқёс жиҳатдан йирикроқ амалиётларни бажариш учун қўлланилади – буюмни ушлаш, фавқулодда вазиятлардаги вазифаларни бажариш (масалан, сув остида), ўзаро боғлиқ ишлаб чиқариш жараёнларининг кечиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилиш ва ҳ.

АВТОМАТЛАШТИРИШ ҚАЕРДА ЗАРУР ҲИСОБЛАНАДИ?

Ишлаб чиқаришни роботлаштириш маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва жойдан-жойга кўчиришда фойдаланиладиган инсон ресурсларининг ўрнини босиши зарур. Кўпинча ишлатилаётган механизмлар олдига, улар бир кунда бир неча марта бажарадиган оддий вазифалар қўйилади. Маҳсулотларни ўраш, юклаш ва корхонанинг турли ҳудудлари ўртасида ташиб етказиш каби ишларда роботлар жуда зарур. Буюм ва анжомларни ишлаб чиқишда ҳозирча қийинчиликлар кузатилмоқда, чунки фақат ўта қиммат турадиган техника чизмалар бўйича буюмларни аниқ ишлаб чиқиши мумкин, ундан фойдаланиш эса, ҳозирча аксарият корхоналар учун иқтисодий жиҳатдан бефойда ҳисобланиб келмоқда.

Агар аввалроқ ишлаб чиқаришни роботлаштириш қаерда муваффақиятли жорий қилинганлиги ҳақида сўз юритадиган бўлсак, бунга мисол қилиб, пайвандлаш, кесиш ва қирқиш ҳамда назорат синовларини ўтказиш билан шуғулланувчи корхоналарни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Роботлардан шунингдек, оддий йиғим-терим амалиётларини бажаришда ҳам фойдаланилади, мураккаброқ жараёнлар эса ҳалигача инсонлар томонидан бажариб келинмоқда, чунки улар қўшимча манипуляцияларни талаб этади. Ишлаб чиқаришнинг асосий вазифаси –бир неча мартадан такрорланадиган оддий жараёнларни техника ихтиёрига топшириш. Буни амалга оширишнинг имкони мавжуд бўлган жойларда роботлар тез-тез сотиб олинади ва узоқ вақт давомида хизмат қилади.

РОБОТЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ АФЗАЛЛИКЛАРИ НИМАДА?

Йирик корхоналарнинг эгалари ишлаб чиқаришни роботлаштиришга ижобий қарашади, улар ушбу жараённинг афзалликлари ва камчиликларини пухта ўрганадилар, чунки бу тўғридан-тўғри фойдага таъсир кўрсатади. Робототехникадан фойдаланишнинг афзалликлари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, биринчи навбатда маҳсулдорлик ҳақида гапириб ўтиш лозим. Робототехникаси мавжуд бўлган компания, шубҳасиз битта устунликка эга бўлади – унинг цехлари узлуксиз ҳолатда кўп соатлар давомида ишлай олади. Ишлаб чиқаришнинг автоматлаштирилиши тўғри ташкил қилинган ҳолда ҳар ойда ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг миқдори анчагина кўпаяди. Роботлаштиришда ускуналарни созлаш ва мослаш ишларини имкон қадар камроқ бажариш лозим, акс ҳолда бу ҳолат олинаётган фойда миқдорига таъсир кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, инсон ресурсларининг робототехника билан алмаштирилиши иш ҳақига тўланадиган маблағларнинг сарфланишини камайтиради. Барча жараёнларни амалга ошириш учун, барча тизимларни назорат қила оладиган бир нафар операторнинг ўзи кифоя бўлади.

Сифатли товарларни ишлар чиқариш зарурати –ишлаб чиқаришни роботлаштиришга ундайдиган бизнеснинг яна бир эҳтиёжи, бундай техникадан фойдаланиш афзаллиги тайёрланадиган буюм ва анжомларнинг аниқ чиқишидан иборат.Буюмларни коррекция қилинган ишлаб чиқиш жараёнида яроқсиз материаллар миқдорини анчагина камайтиради, бу бир жиҳатдан инсон омили ҳисобдан чиқарилгани сабабли ҳам рўй беради. Яна шуни эътироф этиш керак-ки, баъзи ишлаб чиқариш соҳаларидаги иш шароити одам организми учун жуда ҳам зарарли, айнан шундай жойларда робототехника асқотади. Бу ерда пайвандлаш ишлари, пўлат қуйиш саноатидаги ишлар, материалларни бўяш ва ҳ.к. назарда тутилмоқда.

Цехда жойлаштирилган робот ўз иш ҳудудига эга бўлади, бу ҳудуд шундай жиҳозланган бўладики, унга одам кира олмайди. Сунъий интеллектга эга бўлган роботлар эса иш ҳудудини қисқартиришга имкон яратади. Баъзи ҳолатларда роботларни осиб қўйиш ёки кейинги фойдалангунга қадар бошқа хонада сақлаш мумкин. Саноат корхоналарида ишлатиладиган ускуналар замонавий редукторлар ва анжомлардан таркиб топган бўлади, уларни тайёрлашда чидамли материаллардан фойдаланилади, шунинг учун уларга хизмат кўрсатиш у қадар кўп талаб қилинмайди.

УШБУ МОДЕРНИЗАЦИЯДА ҚАНДАЙ КАМЧИЛИКЛАР МАВЖУД?

Ускуналарнинг жуда қимматлиги ишлаб чиқаришни роботлаштиришдаги энг катта нуқсонларидан ҳисобланади. Масалан, битта дастгоҳни алмаштириш 5 млн сўмдан 50 млн сўмгача маблағни талаб қилади, бу жараён пухта молиявий тайёргарликни талаб этади. Агар ускуна бузилса ё ишдан чиқиб қолса, таъмирлашга шошилинч тарзда пул қидириш зарур бўлиб қолади, бу унчалик ҳам қулай эмас. Ишлаб чиқаришни модернизациялашда кўп ҳолларда учрайдиган яна бир катта камчилик бу – ходимлар сонининг қисқартирилиши.Роботлар қуйи малакали ишларни бажаришга мўлжалланган бўлиб, ушбу поғонада инсонларни алмаштиришлари зарур, бироқ корхоналар ҳар доим ҳам ўз ходимларига бўшатган ўрни эвазига янги лавозим таклиф этишга қодир эмаслар.

Бутунжаҳон Иқтисодиёт жамғармаси мутахассисларининг фикрича, роботлар яқин икки-уч йил ичида ер юзидаги 5 млн кишини ўз иш жойларидан сиқиб чиқаради. Бу ишсизлар армиясини қаергадир жойлаштириш лозим бўлади, шу сабабли ҳозирданоқ сайёрамизнинг йирик давлатлари ушбу масаланинг энг мукаммал ечимини топишга уринмоқдалар. Ишлаб чиқаришга роботлаштиришни жорий қилаётган ривожланган давлатлар ушбу жараённинг устун жиҳатлари ва нуқсонларини халқаро иқтисодий форумларда доимий равишда муҳокама қилиб борадилар. Мазкур учрашувлар натижасида иш жараёнларини автоматлаштиришнингянги вариантлари шаклланади, шунингдек сунъий интеллект жорий қилиниши натижасида ўз ишидан айрилган ходимларни янги иш жойлари билан таъминлаш ғоялари ҳам ишлаб чиқилади.

РОБОТЛАШТИРИШНИНГ ҚАНДАЙ БОСҚИЧЛАРИ МАВЖУД?

Ҳар қандай корхонада сунъий интеллектни жорий қилиш тўрт босқичдан ташкил топади, улардан биринчиси –ишлаб чиқариш линияларини ўзгартиишга техник тайёргарлик кўриш. Бу ерда янги ускуналарга бирон-бир таъсир ўтказадиган компаниянинг барча хусусиятлари ҳисобга олиниши зарур. Баъзи ташкилотларда иқтисодий-математик лойиҳалаштириш қўлланилади, ундан мақсад барча бўлинмаларда техник математик ҳисоблашларни амалга ошириш учун ЭҲМ ларни жорий қилиш ҳисобланади. Роботлаштиришга тайёрлаш учун зарур бўлган фаолият таҳлили қўлда ўтказилади, шунинг учун тежаш, оқилона оптималлаштириш ва маҳсулотнинг юқори сифатига тез фурсатда эришилмайди. Агар ишлаб чиқаришнинг анчагина қисмига сунъий интеллект ёрдамида хизмат кўрсатилса, у ҳолда юқорида санаб ўтилган сифатларни қўлга киритиш анча осон бўлади. Автоматлаштириш ва роботлаштириш ҳеч қачон назорат бошқаруви шаклланмасдан амалга оширилмайди, у уч қисмдан иборат бўлади: бошқарув тузилмаси, алоқа тизими ҳамда ўлчов ва ахборот бўлими. Ташкилотнинг ушбу бўлинмаси етарли даражада мослашувчан ва универсал бўлиши, бизнес эҳтиёжларининг ўзгаришларига тез чора кўришга ҳамда дастурда кўрсатилган барча мезонларга риоя этилишини назорат қилиш имкониятига эга бўлиши зарур.

Робототехника ишини назорат қилувчи тизимни танлаётганда унинг аниқлиги, таннархи, универсаллиги ҳамда бир қатор бошқа муҳим параметрларга тўғри келишини ҳисобга олиш лозим. Бошқарув компонентининг қиймати саноат роботи нархининг тахминан 60% ни ташкил қилади, айнан шунинг учун уни танлашга айниқса пухта ёндашиш зарур. Баъзи корхоналар, афсуски, энг арзон анъанавий ва даврий бошқарув тизимларини танлайдилар–бу компания кўп миқдордаги товарлар ишлаб чиқадиган ва ускуналарни қайта дастурлаш кам талаб қиладиган ҳолатда ўзини оқлайди.Кам миқдордаги маҳсулотларни ишлаб чиқишда осонлик билан қайта дастурлаш мумкин бўлган рақамли ва позицион бошқарув тизимларини ишлатиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Ундан сўнг энг масъулиятли босқич бошланади – бевосита дастурлаш. Замонавий ишлаб чиқаришни роботлаштириш сунъий интеллект ишини назорат қилишнинг тўрт босқичини кўзда тутади: циклни шакллантириш, дастурни ёдлаб қолиш, ишга тушириш ва бевосита бажариш. Бу ерда алоҳида эътиборни дастурлаштиришга қаратиш лозим, бугун у икки усулда амалга оширилади – таҳлилий ва таълим усуллари билан. Биринчиси, ҳисоб–китобларни ва созлаш ишларини амалга оширишни кўзда тутади, бундан сўнг иш алгоритми бошқарув тизимига киритилади. Иккинчиси, ўзи билан ишчи хонада ускунанинг бир қисми бўлган махсус пульт ёрдамида назорат қилувчи дастурнинг яратилишини акс этади. Тажрибали мутахассислар роботлаштиришдан сифатлироқ самарага эришиш учун ҳар икки усулдан фойдаланишни тавсия қиладилар. Якунловчи босқич бўлиб, автоматлаштирилган ишлаб чиқаришни тўлиқ қувват билан ишга тушириш ҳисобланади.

Ишлаб чиқариш линиялари максимал даражада самарали ишлашига эришиш жуда муҳим, фақат барча зарур синовлар ўтказилганидан сўнг робототехникани ишга тушириш мумкин. Эътибор беринг – илк бир неча соатларда мавжуд қувватларни синовдан ўтказиш ва керакли тўғрилаш ва созлаш ишларини амалга ошириш зарур.

ЖАҲОН БОЗОРИДА ИШЛАР ҚАЙ ҲОЛАТДА?

Ишлаб чиқаришни роботлаштириш бутун дунёда оддий ҳолат бўлишга улгурди, статистик рақамларга кўра, 2017 йилнинг бошида сайёрамизнинг ҳар 10 000 та ходимига 70 дан ортиқ роботлар тўғри келган. Роботларнинг энг кўп миқдори Жанубий Кореяда ишлатилади – 10000 та ишчига 631 та робот, Сингапурда – 488 та ва Германияда – 309 та робот тўғри келади. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, иш жараёнларини автоматлаштириш энг жадал суратларда Осиё ва Америкада кечмоқда, ҳар йили у ерда роботларнинг сони мувофиқ равишда 9 ва 7 фоизга ошиб бормоқда. Робототехникани жорий қилиш бўйича рекордсмен давлат Хитой ҳисобланади, агар 2013 йилда аппаратлар зичлиги 10 000 та ишчига 25 бирликни ташкил қилган бўлса, 2017 йилнинг бошига келиб ушбу рақам 68 тага етди ва ўсишда давом этмоқда.

2020 йилга келиб ушбу давлат роботлаштириш бўйича пешқадам давлатлар биринчилигига киришни режалаштирган. Жанубий Корея 2010 йилдан бери роботлар зичлиги кўрсаткичининг энг юқорилиги билан ажралиб туради, бу ерда уларсиз автомобиллар ва электроникани ишлаб чиқаришда иш битмайди. Ишлаб чиқаришни роботлаштириш бўйича антирекордсменлар Россия, Ҳиндистон ва Филлипин давлатлари ҳисобланади. Ушбу мамлакатларда мазкур бозор энди ривожланмоқда, шунинг учун ускуналарни ишлаб чиқарувчилар ўз хизматларини салоҳиятли мижозларга таклиф қилиб келмоқда.Машина ишлаб чиқарувчи ва автомобиль ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари сунъий интеллектдан фойдаланишга катта қизиқиш билдирмоқдалар, чунки уни жорий қилиш компаниялар инсон ресурсларини сезиларли даражада бўшатиш имконини беради.

Экспертлар, кўпчилик компанияларнинг келажакдаги муваффақияти ишлаб чиқаришни роботлаштиришга боғлиқ бўлади деб ҳисоблашмоқда, автоматларни қўллаш соҳалари тобора кенгайиб бормоқда ва борган сайин кўпдан-кўп ишланмалар ва тадқиқотларни талаб қилмоқда.Уларнинг фикрича, мақсад фақат автоматлаштиришнинг ўзи бўлмаслиги керак, сунъий машиналарни фақат инсон у ёки бу сабабларга кўра ишни улардан яхшироқ бажара олмайдиган вазиятлардагина жорий қилиш мумкин.

Техник жараённинг барқарарорлаши, ишлаб чиқариш буюмлари аниқлигининг ва қўйилган мақсадлар бажарилиши тезлигининг ошиши – буларнинг барчаси, бутун дунёда корхоналар ишлаб чиқариш жараёнига роботларни жорий қилишга ундаётган сабабларнингэнг оз миқдоридир.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ