Онлайн-аукцион: навбат авторақамларга

Бугун ЎзРТХБ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси билан биргаликда биржанинг марказий офисида авторақамларни онлайн аукционлар орқали сотиш тартиби ва механизми тўғрисида матбуот-анжумани ўтказди.

Тадбирда таъкидланишича, ЎзРТХБ электрон аукцион савдоларни ташкиллаштириш ва ўтказиш бўйича автотранспорт давлат рақам белгиларини аукцион савдоларда сотиш бўйича биржанинг алоҳида ахборот тизими ва avtoraqam.uzex.uz веб-сайтини ишлаб чиқди.

Ҳозирги пайтда қоғоз шаклдаги ҳужжатларсиз иштирок этишни таъминлайдиган онлайн-биржада 100 дан ортиқ турли тоифадаги авторақамлар жойлаштирилган. Хоҳлаган авторақамни сотиб олиш учун харидорлар ЎзРТХБ веб-сайтида онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари ва Woy-Wo электрон тўлов тизими ёрдамида биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасига кафолат маблағларини киритишлари лозим.

Электрон савдолар бошланғич нархларни кўтарилиши шаклида амалга оширилади. Савдолар мобайнида харидорлар амалдаги энг яхши нархдан юқорироқ бўлган чекланмаган миқдорда нарх бўйича ўз таклифларини беришлари мумкин.

Харид қилинган авторақамларни расмийлаштириш ИИВ ЙҲХББ бўлинмалари томонидан амалга оширилади. Авторақамларни сотилишидан олинган жами маблағларнинг 80 фоизи Давлат бюджетига, 20 фоизи эса ИИВ моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларни ижтимоий рағбатлантириш ва бошқа сарф-харажатлар Махсус фондига йўналтирилади.

Савдо тизимида АКТнинг жорий этилиши ва мижозларга хизмат кўрсатишда қўлланилган инновацион ёндашув барча савдо иштирокчилари учун қулай шарт-шароитларни яратиш имконини тақдим этди.