Маълумки, 2017 йилнинг 29 августида Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорни имзолади. Бунинг самараси ўлароқ АКТ соҳасига бўлган эътибор ҳар қачонгидан ҳам кучайди.
Бугунга келиб, электрон тизим деярли барча йўналишларга кириб бормоқда. Буни ривожланган давлатлар мисолида кўришимиз мумкин. Ана шу давлатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда юртимизда ҳам IT нинг кўлами тобора кенгайтириб бориляпти. Айниқса, “Электрон ҳукумат” тизимининг яратилиши давлат ташкилотлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларнинг самарали фаолиятини йўлга қўйишга катта хисса қўшди. Бундан ташқари, ташкилотлар ишининг софлиги ва коррупция хавининг камайишини таъминлади. Бу эса, ўз навбатида мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг янада мустаҳкамланишига замин яратди.
Мазкур тизим тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида UZINFOCOM базасида давлат аҳборот тизимларини қўллаб-қувватлайдиган Ягона интегратор ташкил этилди. Янги ташкилотнинг мақсад ва вазифалари, келгуси режалари ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида ташкилотнинг Алоқалар ва жамоатчилик билан ишлаш бўйича бўлими бошлиғи Зумрад Шаджалиловага саволлар билар мурожаат қилдик.
UZINFOCOM нинг ягона интеграторга айлантирилиши унинг фаолиятига қандай ўзгаришларга олиб келди?
Авваллари давлат органлари ўз лойиҳаларини турли фирмалар орқали амалга оширар эдилар, шунингдек, улар мос келадиган техник қурилмаларни эмас, балки “тавсия қилинган” қурилмаларни сотиб олишарди. Қурилмаларнинг хилма-хиллиги ўз навбатида тизимнинг доимий ишлаб туришини таъминлаш вазифасини қийинлаштирар, кўплаб муаммоларни келтириб чиқарар эди.
Турли ташкилотлар томонидан турли усуллар (форматлар)да жойлаштирилган маълумотларни умумлаштириш, уларни қайта ишлаш ва жамлашда қийинчиликлар юзага келиб, ортиқча вақт сарфланарди. Агар маълумот олишда барча ташкилотлар учун умумий шакл яратилса, фойдаланишда анча қулайликка эришиш мумкин.
Давлат органларида амалга ошириладиган барча тизимларни бирлаштириш, умумий талабга жавоб берадиган, бир-бири билан алоқа қилиш имкониятига эга бўлган АКТ маҳсулотларини яратиш Ягона интеграторга юклатилган энг асосий вазифалардан биридир. Бунинг учун етарлича тажриба ва имкониятга эгамиз.
Эндиликда, UZINFOCOM ахборот-коммуникация тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этишда давлат органлари учун ишлаб чиқилаётган ахборот тизимларининг умумий талабларини белгилайди ва уни амалга ошира оладиган ижрочини танлаб беради. Бу борада давлат органлари учун мувофиқлаштирувчи вазифасини бажаради. Шунингдек, Ягона интегратор лойиҳаларни техник татбиқ этиш ва ривожлантириш бўйича тегишли фаолият олиб бориши ҳам мумкин.
Бугунга қадар амалга оширилган лойиҳалар ҳақида гапириб берсангиз.
UZINFOCOM нинг бугунги кунга қадар ишга туширган тизимларидан ziyonet.uz (ахборот таълим портали), opendata.gov.uz (очиқ маълумотлар портали), kids.gov.uz (болалар учун ҳукумат портали), regulation.gov.uz ва бошқаларни мисол қилиб келтириш мумкин. Ягона интегратор ташкил этилгач эса, UZINFOCOM нинг фаолияти, амалга оширадиган лойиҳалари қамрови янада кенгайди. Лойиҳалар ҳақида суҳбатимиз давомида алоҳида тўхталиб ўтаман.
Фаолиятингиз давомида асосан қайси ривожланган давлатлар тажрибасидан фойдаландингиз?
IT нинг турли йўналишларида фаолият олиб боришимизни ҳисобга оладиган бўлсак, лойиҳа турига қараб тегишли давлатлар билан ҳамкорлик қиламиз. Масалан, Ҳукумат миқёсидаги лойиҳаларда, кўпроқ Жанубий Корея тажрибаси қўл келди деб айтишим мумкин. Сабаби, “Электрон ҳукумат” тизимини яратишда айнан Жанубий Кореядаги тизим фаолияти ўрганиб чиқилиб, ўзимизда ҳам ана шундай лойиҳаларни амалга ошира олдик. Шунингдек, Тошкентдаги Inha университети, Москва давлат университети билан
Ягона интеграторнинг пайдо бўлиши АКТ бозоридаги рақобатга таъсир қилиши мумкинми?
Ягона интегратор аслида давлатнинг асосий мижози бўлиб, у давлат ахборот тизимларининг нисбатан қўпроқ қисмига бошқарув ва мазмун жиҳатдан эгалик қилади, холос.
Яъни, UZINFOCOM ахборот технологиялари бозорининг иштирокчилари бўлган маҳаллий компаниялар учун рақобатчи эмас. Биз таклиф қилинаётган лойиҳаларни ўрганиб чиқиб, уларни ташқи фирмалар орасида танлов ўтказиш йўли билан энг муносибига топширамиз. Биз фақатгина улар яратаётган тизимнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлашга кўмаклашамиз. Бу келгусида исталган тизимга интеграция қилиш имконини беради. Ахборот олишни барча ташкилотлар учун умумий шаклга келтириш орқали ахборотга қайта ишлов беришнинг реал самарадорлиги ва ундан фойдаланишда қулайликка эришиш мумкин. Бунга мисол қилиб my.gov.uz (ягона интерактив давлат хизматлари портали) ва pm.gov.uz (Президент виртуал қабулхонаси) ни келтириш мумкин.
Ягона интеграторнинг ўзбек тилидаги контентини бойитиш бўйича қандай ишлар амалга оширилди?
Биз томондан ишлаб чиқилган лойиҳалардаги маълумотлар асосан ўзбек ва рус тилида, баъзан инглиз тилида ҳам киритилади. Ўзбек тилидаги контентни бойитиш мақсадида яратиладиган лойиҳаларни асосан ZiyoNET Ресурс маркази ишлаб чиқади. Миллий контентни ривожлантириш ва ахборот ресурсларини яратиш бўйича амалга оширилган ишларни санаб ўтадиган бўлсам, ёшларда кексаларга ҳурмат ва уларни эъзозлаш хислатларини шакллантириш ва сингдиришга қаратилган “Nuroniy.uz” интернет портали, юртимиздаги амалга оширилиши режалаштирилган расмий тадбирлар ва муҳим сиёсий воқеалар, тарихий саналар ҳамда халқаро даражада аҳамиятли бўлган кунлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган Ўзбекистон Республикаси воқеалар ва тадбирлар портали (365.gov.uz), ёшларни мамлакатимизнинг мустақиллик йиллари даврида қўлга киритган ютуқлари билан таништириш, ватанпарварлик ҳиссини ошириш ва уларни умумий мақсад йўлида янада жипслаштириш мақсадида ватанпарварлик ҳиссини ошириш ва уларни умумий мақсад йўлида янада жипслаштиришни назарда тутиб Мустақил Ўзбекистон Солномаси портали (mustaqillik.uz) портали ишга туширилган. Педагог ва ўқувчиларга таълим жараёнида яқиндан кўмакчи вазифасини бажарувчи ZiyoNET ахборот таълим портали ишга туширилган. Хусусан, ZiyoNET таълим Порталида бугунги кун ҳолатига кўра, “Аудиокитоблар” бўлимида 5 170 тадан ортиқ аудио материаллар, “Кутубхона”да 93 000 дан зиёд ахборот таълим ресурслар жойлаштирилган. Шунингдек, “Арбоблар” бўлими 920 нафар арбоблар таржимаи ҳоли ва “Иқтидорли ёшлар” бўлими 900 дан ортиқ қайдлардан иборат. “Абитуриент” бўлимида эса, 92 та йўналишлар бўйича 12 900 дан ортиқ тестлар мавжуд. Ўзбекистоннинг тарихий маданий мероси тўғрисидаги маълумотларни бир жойда жамлаш ва уларни барча ёшдаги фойдаланувчилар орасида оммалаштириш мақсадида meros. uz лойиҳаси ишга туширилган бўлиб, бугунги кунда мазкур ресурс мамлакатимизнинг 600 тадан ортиқ тарихий, маданий, археологик ёдгорликлари ва урф-одатлари тўғрисидаги маълумотларни ўзида жамлаган. Шу каби яна ўнлаб лойиҳалар яратилган бўлиб, барчаси турли йўналишдаги соҳаларни ривожлантириш ёки миллий контентни бойитиш мақсадида яратилган.
Айни пайтда олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб берсангиз?
Ҳозирда Ягона интерактив давлат хизматлари порталини янги хизматлар билан бойитиш устида ишламоқдамиз. Айни пайтда мазкур порталда 300 дан ортиқ хизматлар мавжуд. Маълумки, илгари мактабларда ўтказиладиган имтихонлар саволлари махсус китобча шаклида сотувга чиқариларди. Эндиликда имтихон саволлари ziyonet.uz портали орқали юклаб олиш имкони яратилди. Бундан буён ўқувчилар имтиҳонга олдиндан тайёргарлик кўришлари учун билет саволларини ушбу сайтдан бепул юклаб олишлари мумкин бўлади.
UZINFOCOM фаолияти қамровини янада кенгайтириш бўйича қандай ишлар қилинмоқда?
UZINFOCOM га “Ягона интегратор” мақомнинг берилиши унинг масъулиятини бирмунча оширди. Бизга келиб тушаётган лойиҳа буюртмалари сони кескин ортди. Бунинг натижасида Ягона интеграторнинг вазифаларидан бири бўлган, ахборот тизимларини ишлаб чиқувчи маҳаллий корхоналарга давлат ахборот тизимлари лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун таклиф этиш вазифаси ижроси таъминланмоқда. Шу боис, маҳаллий ахборот тизимларини ишлаб чиқувчи корхоналарни Ягона интегратор билан яқиндан ҳамкорлик қилишга чорламоқдамиз.
Келгусидаги режаларингиз қандай?
Ҳозирга қадар 40 дан зиёд лойиҳаларга буюртма келиб тушди. Айни пайтда уларни амалга ошириш устида қатор ишларни амалга оширмоқдамиз. Шунингдек, Ягона интегратор қошида U-lab илмий лабораториясини ташкил қилиш ниятидамиз. У IT-стартаплари, тажриба синовларини ўтказиш учун технологик майдонча вазифасини ўтайди.
Бундан ташқари U-Study HTM ўқув маркази АТ академиясига айлантирилиши режалаштирилмоқда. Ушбу академияда маълумотларни қайта ишлаш марказлари (МҚМ) учун ходимлар ўқитилади, тизим маъмурлари, ахборот хавфсизлиги ходимлари, тармоқ раҳбарлари тайёрланади. Бу билан давлат ташкилотлари учун малакали IT-мутахассисларини етказиб бериш асосий мақсад қилинган.