Microsoft компанияси 11 апрель куни муаммоли Windows Vista операция тизимини қўллаб-қувватлашни бекор қилади. Икки ой давомида тизимга охирги тузатишларни киритиш режалаштирилган.
Vista кўпчиликни соғинтириб қўяди, деб бўлмайди: ўн минглаб веб-сайтлар фойдаланувчилари ўртасида сўров ўтказган Net Applications компанияси таҳлилига кўра, ўтган ойда Vista ОТ Windowsда ишловчи барча шахсий компьютерларнинг 1 фоизидан камроғида ўрнатилган экан. Шунга қарамай, ушбу арзимаган фоизнинг ўзи 14 миллионта ШК деганидир, зеро жами 1,5 миллиард қурилма Windows ОТда ишлайди.
Vista ҳеч қачон Microsoftнинг илғор маҳсулоти бўлмаган, шу жиҳатдан ўзидан олдинги Windows XP ва ўзидан кейинги Windows 7дан ажралиб туради. Ҳатто машҳурлик чўққисига етган даврида – бозорга чиққанидан кейин уч йил ўтгач ҳам, Vistaдан Windows ўрнатилган ШКнинг фақат 20 фоизи фойдаланганди. Windows 7 чиққанидан бир ой ўтгач, 2009 йил октябрида, Vistaдан фойдаланиш улуши қисқарди ва аввал 15%га, икки йил ҳам ўтмай эса 10%гача тушиб кетди.
Бу ОТнинг омадсизликлари кўпчиликка маълум – унинг релизи бир неча йилга чўзилди, биринчи драйверлари чала бўлганди. Корпорациянинг собиқ раҳбари Стив Балмер 2013 йилда истеъфога чиқишидан олдин, Vistaни ишлаб чиқишга анча беҳуда куч сарфланганлигини ва бундан у афсусда эканлигини тан олганди.
Vista “пенсия”га чиққач, компания Windows 7га эътиборни қаратади. Операцион тизим хавфсизлигининг охирги янгиланиши 2020 йил 14 январга мўлжалланган