Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги соҳа мутахассисларининг билим-кўникмаларини халқаро тажриба мисолида бойитишга алоҳида диққат қилмоқда. Жумладан, вазирлик йўлланмаси билан мутахассисларнинг грант асосида хориждаги қисқа ва узоқ муддатли ихтисослашган ўқув курсларида малака ошириб қайтишлари тизимли йўлга қўйилди.
Вазирлик Юридик бўлими бош юристконсульти Дарья Абдалимова 2008 йилдан бошлаб ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият кўрсатиб келади. У ахборотлаштириш ва «электрон ҳукумат» соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунларини, шунингдек соҳага дахлдор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашда фаол иштирок этиб келмоқда.
Дарья Абдалимова яқинда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг гранти асосида Корея Республикасида магистратура йўналишида таҳсил олиш имкониятига эга бўлди.
«Халқаро АКТ сиёсати» йўналишида ташкил этиладиган курсларда «электрон ҳукумат» бўйича Жанубий Кореянинг бой тажрибаси, ахборотлаштириш йўналишида замонавий тенденциялар яқинлан ўқитилади. Бу эса Дарья Абдалимовага Ўзбекистонда амалга оширилаётган ахборотлаштириш жараёнларида фаол иштирок этиш, миллий ва жаҳон тажрибасини қўллаш орқали юртимизда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш имконини беради.
Сиз ҳам келажакда истиқболли соҳада касбий муваффақиятга эришиш истагида бўлсангиз, сизни жамоамизга таклиф қиламиз.
Нима учун Сиз айнан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимида йки давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг АКТ бўйича таркибий бўлинмаларида меҳнат фаолиятингизни давом эттиришингиз муҳим?
Бунинг учун асос ва омиллари етарли, хусусан:
Ахборот-коммуникация технологияларининг барча соҳаларда кенг татбиқ этилаётганлиги бу йўналишда юқори малакали ҳамда салоҳиятли кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёжнинг ошишига сабаб бўлмоқда.
Ўз навбатида, АКТ йўналишида касбий муваффақиятга эришиш имкониятлари ҳам кенгаймоқда;
Соҳа мутахассислари давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг АКТ бўйича таркибий бўлинмаларига раҳбар лавозимларига тавсия этилмоқда;
Хорижнинг нуфузли таълим муассасаларида грантлар асосида магистратура, докторлик йўналишларида таҳсил олиш, шунингдек малака ошириш курсларида ўқиб келиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда;
Ходимлар томонидан илгари сурилган ҳар бир ғоя ва ташаббуслар раҳбарият томонидан хайрихоҳлик билан қўллаб-қувватланиб, амалга оширилмоқда;
Меҳнат фаолияти давомида кўрсатилган фаоллик, унумдорлик ҳам маънан (идоравий мукофотлар ва турли номинациялар бўйича рағбатлантириш), ҳам моддий жиҳатдан (рақобатбардош иш ҳақи) қадрланади ва амалий рағбатлантирилади;
Вазирлик тизимида ҳар бир ходим учун кафолатли ижтимоий қўллаб-қувватлаш (тиббий суғурта, моддий ёрдам кўрсатиш) тизими жорий этилган;
Билимли, ташаббускор ва тиришқоқ, аксарият ходимлари ёшлардан иборат соҳада лойиҳаларни ва ғояларни самарали амалга ошириш янада осондир.
Агар сизда биз билан бирга ишлаш истаги уйғонган бўлса, объективка-маълумотномангизни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Кадрлар бўлимига 2017 йилнинг 20 августига қадар қуйидаги манзил орқали тақдим этишингиз лозим:
Тошкент шаҳар, А. Темур шоҳ кўчаси, 4-уй ёки HR@mitc.uz электрон почта манзилига. Маълумот учун телефонлар: 2384116, 2384143, 2384312.