Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 сентябрь куни «Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида»ги Қарорни имзолаган эди.
Ушбу мактабга:
– умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот ва педагогик технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда математика, физика, информатика ва чет тили фанларининг чуқур ўқитилишини ташкил этиш;
– ўқувчиларда дастурлаш асосларини, маълумотлар базаларини шакллантириш ва ахборот хавфсизлиги кўникмалари ва медиа маданиятни мактаб давридан бошлаб шакллантириш;
– юқори касб маҳоратига эга бўлган педагогларни жалб этган ҳолда ўқувчиларнинг ёш математиклар, ёш физиклар, ёш дастурчилар, ёш ихтирочилар жамоаларини ташкил қилиш, уларнинг республика ва халқаро фан олимпиадаларида мунтазам иштирок этишларини таъминлаш мақсадида асос солинган.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабига 2017-2018 ўқув йили учун 5-синфга ўқувчиларни танлов асосида қабул эълон қилинади.
Танловда иштирок этиш учун қуйидаги ҳужжатлар топширилиши керак:
1) Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси;
2) 086-тиббий маълумотнома;
3) Яшаш жойидан маълумотнома;
4) 3×4 ҳажмдаги 6 та фотосурат;
5) Ўзлаштириш табели (1-4 синф) нусхаси;
6) Ота ва она паспорти нусхаси.
Танлов математика ва инглиз тили фанларидан ёзма ва оғзаки шаклда ўтказилади. Ҳужжатларни қабул қилиш Ихтисослаштирилган мактаб биноси 1-қаватида амалга оширилади. Ҳужжатлар 2017 йилнинг 16 октябригача давом этади.