Тадбиркорлар давлат хизматларидан мамнунми?

Республикамиз тадбиркорларининг давлат хизматлари сифатидан қониққанлик даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилган Сўровноманинг бошланганлигига қарийиб 2 ой бўлди. Биз мамнуният билан Сўровнома натижаларини умумлаштириш вақти келганлигини маълум қиламиз ва унга бефарқ бўлмаган барча иштирокчиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Энди бевосита сўров натижаларига ўтсак.

Шундай қилиб, Сўровномада қатнашган тадбиркорларнинг кўпчилигини (92%) эркаклар ташкил этиб, уларнинг қарийиб ярмидан кўпини (53%) аҳолининг 26 ёшдан
35 ёшгача бўлган қатлами ташкил этди. Шу ўринда, сўровда 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёшларнинг фаол иштироки жуда қувонарли ҳолат эканлигини таъкидлаш жоиз (1-диаграмма).

1-диаграмма. Сўровномада иштирок этган тадбиркорларнинг ёш кўрсаткичлари

Ушбу Сўровномада энг фаол иштирок этган тадбиркорлар ишбилармонлик билан шуғулланиш мақсадида, Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтганликларини маълум қилганлар. Бу, жами Сўровнома иштирокчиларининг 10 тадан 7 таси пойтахт аҳолиси эканлигидан далолат беради. Кейинги ўринни Бухоро вилояти тадбиркорлари эгаллаган бўлиб, уларнинг сони пойтахтлик тадбиркорлардан 10 маротаба кам, яъни жами иштирокчиларнинг 7%ни ташкил этади. Шу ўринда, Тошкент ва Самарқанд вилоятлари тадбиркорлари 3- ва 4-ўринларни ўзаро 5%лик иштироклари билан бўлишиб олганликларини айтиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Юқори бешталикни Сўровнома иштирокчиларининг 3%ни ташкил этган Фарғона вилояти тадбиркорлари якунлаб бердилар. Афсуски, юртимизнинг бошқа вилоятларидан Сўровномада иштирок этганлар сони жуда озчиликни ташкил этди. Сурхондарё вилояти тадбиркорлари томонидан эса бирорта ҳам Сўровнома (анкета) тўлдирилмаганлигининг гувоҳи бўлдик (2-диаграмма).

2-диаграмма. Республика ҳудудлари кесимида ишбилармонлик билан шуғулланиш

Кутилганидек, бизнес юритишнинг энг оммалашган соҳаси улгуржи ва чакана савдо эканлиги, Сўровномада иштирок этган тадбиркорларнинг чорак қисмидан кўпроғи (26%) айнан шу йўналишда фаолият олиб боришлари маълум бўлди. Алоқачи-тадбиркорлар 16%ни ташкил этгани ҳолда, умумий овқатланиш тармоғида иш юритувчи ишбилармонлар 9%лик кўрсатгичга эришганликларини айтиб ўтиш ўринли.

Таълим соҳасида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар 5%ни ташкил қилса, соғлиқни сақлаш тизимида фақатгина 4%гина тадбиркорлар ўз бизнесларини олиб боришни афзал билганлар (3-диаграмма).

3-диаграмма. Ишбилармонлик фаолияти билан шуғулланиш соҳаси

Сўровномада иштирок этган тадбиркорларнинг кўп йиллик тажрибага эга эканликлари тақсинга сазовордир: уларнинг 3 қисмидан зиёди ишбилармонлик фаолияти билан 5 ва ундан ортиқ йилдан буён шуғулланаётган бўлсалар, 15% Сўровнома иштирокчилари бу йўналишда 3 йил аввал иш бошлаганликларини маълум қилганлар. Улар жами иштирокчиларнинг ярмидан кўпроғини ташкил этадилар (51%). Шу ўринда, Ўзбекистон бозорида 1 йилдан кам вақт оралиғида фаолият юритаётган «ёш» компаниялар 22% эканлиги эътироф этиш лозим (4-диаграмма).

4-диаграмма. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш борасидаги тажрибалар

Сўровнома иштирокчиларининг энг муҳим сифатларидан яна бири
бу тадбиркорларнинг корхоналарида ишловчи ходимлар сони эканлигини унутмаган ҳолда, ушбу Сўровнома иштирокчиларининг 5 дан 4 қисми микрофирма (ходимлар сони 50 тагача бўлган фирма) эгалари ҳиссасига тўғри келишини айтиб ўтиш зарур.
14% иштирокчилар якка тартибдаги тадбиркорлар бўлиб, йирик корхона эгалари Сўровномада 3% иштироки билан у қадар фаоллик кўрсатмаганлар (5-диаграмма).

5-диаграмма. Корхоналар ҳажми (ишловчи ходимлар сони жиҳатидан)

Сўровнома иштирокчиларига давлат томонидан тадбиркорликни
қўллаб-қувватлашга оид кўрилаётган чора-тадбирларни қай даражада баҳолашлари юзасидан савол берилиб, жавоблар у қадар қувонарли эмаслиги қайғули ҳолатдир. Яъни, ўртача қониққанлик даражаси 2,3 баллни ҳам ташкил қилмаслиги сўзимизнинг яққол далилидир. Сўровномада иштирок этган ҳар учинчи тадбиркор давлат томонидан ҳеч қандай «ёрдам»ни ҳис қилмасликларини маълум қилишган. Айнан улар энг паст баҳо қўйган иштирокчилар гуруҳидирлар (56%). Шу билан бирга давлатнинг қўллаб-қувватлаш сиёсатини «3» баҳога лойиқ топган сўровнома иштирокчилари ҳар 10 тадан 3 киши бўлиб, 10 таликнинг фақатгина биргина иштирокчиси ушбу сиёсат «яхши» юритилаётганлигини, 25 та иштирокчидан 1 тасигина «аъло» даражада эканлигини билдирган (6-диаграмма). Шу ўринда биз «давлат тонидан қўллаб-қувватлаш» иборасига ҳеч қандай тариф бермаганимизни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз ўринлидир. Демак, ушбу саволга берилган жавоблар ишбилармон доира вакилларининг давлат томонидан, уларга берилган у ёки бу кўринишдаги имтиёзлар, қўллаб-қувватлаш ва бошқа турдаги тадбирлар юзасидан шаклланган умумий қарашларидан келиб чиққан деган хулосага келиш мумкин.

6-диаграмма. Тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватланишини баҳолаш

Қуйида тадбиркорлар ўзларининг ишбилармонлик фаолиятлари билан шуғулланишлари даврида дуч келишлари мумкин бўлган муаммолар келтириб ўтилган. Демак, сезиларли қийинчиликлар бизнес юритишнинг илк давридаёқ кузатилган бўлиб, 37% иштирокчилар коммуникация тизимига уланиш даврида муаммолар вужудга келганини айтиб ўтишган бўлса, 35% иштирокчилар ҳуқуқий соҳада етарли билимга эга эмасликлари уларга панд берганини таъкидлаб ўтганлар. Деярли учдан бир қисмга яқин иштирокчилар нақдсиз тўловлар билан боғлиқ муаммоларга дуч келганларини айтганлар (7-диаграмма). Юқоридаги муаммоларга қарамай, ҳар 3 тадан 2 та Сўровнома қатнашчиси, ишбилармонлик фаолияти билан шуғулланиш учун энг катта тўсиқ сифатида солиқ тўловларининг юқорилигини ҳамда коррупцияни кўрсатиб ўтганлар (7-диаграмма).

7-диаграмма. Тадбиркорларнинг мавжуд муаммолари

Кўп ҳолларда, тадбиркорлар ўзларининг профессионал фаолиятлари билан шуғулланишлари даврида Давлат солиқ қўмитасига (79%) мурожаат қилганлари ҳолда, Қўмитадан икки баробар кам маротаба маҳаллий ҳокимият органлари яъни ҳокимиятларга (40%) мурожаат қилганликларини 8-диаграммада келтирилган маълумотлардан билиб олишимиз мумкин. Рўйхат «учлигини» Давлат божхона қўмитаси якунлаб, 36% иштирокчилар айнан ушбу ташкилотга мурожаат этганликларини маълум қилишган (8-диаграмма).

8-диаграмма. Тадбиркорлар мурожаат қиладиган ташкилотлар

Ишбилармонлар, ўз фаолиятларини амалга оширишда кўпинча давлат идоралари ва бошқа корхоналар хизматларидан фойдаланадилар. Ҳар қандай юридик шахснинг фаолияти солиққа тортилишига қарамасдан, тадбиркорларнинг фақатгина 70% солиққа тортиш хизматига мурожаат қилишларини, учдан иккитаси эса банк хизматларига мурожаат қилишларини таъкидладилар. Бу ҳолатни тадбиркорлар солиқ ва молия ташкилотларига тақдим этиладиган молиявий ҳисоботларни бевосита ўзлари эмас, балки қўл остиларида фаолият юритувчи мутахассислар амалга оширишлари билан изоҳлаш мумкин (9-диаграмма).

9-диаграмма. Тадбиркорлар кўп фойдаланадиган хизматлар

Деярли барча тадбиркорлар кўплаб давлат хизматларини автоматик тарзда (давлат идорасига ягона ташриф буюрган ҳолда) узоқдан олиш имконияти борлигини биладилар. Бунда, ушбу маълумотдан тадбиркорларнинг 62% Интернет орқали,
11% танишларидан ва атиги 4% хизмат кўрсатувчилардан хабар топганликларини таъкидладилар. Бироқ, ишбилармонларнинг ўндан бир қисми кўпгина давлат хизматларини онлайн режимда олиш имконияти борлигидан бехабар бўлганлар
(10-диаграмма).

10-диаграмма. Ишбилармонлар электрон давлат хизматлари ҳақида маълумотлардан хабардор бўлган манбалар

Албатта, давлат хизматларини бир хил тусда кўрсатиш керак эмас.
Бошқача қилиб айтганда, ишбилармонларга хизматни олиш усулини танлашларига имконият яратиш зарур. Шунга кўра, ишбилармонларнинг тўртдан учтаси давлат хизматларидан мобил иловалар орқали, 56% Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан, сўров ўтказилганларнинг тўртдан бир қисмига яқини Давлат хизматлари марказлари орқали фойдаланиш истагини билдирдилар. Бундан ташқари, баъзи бир фойдаланувчилар (1%) оммабоп мессенджерларда ботлар яратиш таклифини бердилар (11-диаграмма).

11-диаграмма. Давлат хизматларидан фойдаланиш манбалари

Саволномада жавоб берилиши учун зарур бўлган саволлардан ташқари тадбиркорлар томонидан жавоб берилмаса ҳам ва/ёки эркин шаклда жавоб берилса ҳам мумкин бўлган «очиқ» саволлар ҳам жойлаштирилган. Ҳусусан, «Тадбиркорларда Интернет орқали қандай хизматларга талаб мавжуд?», яъни белгиланган давлат корхоналарига мажбурий равишда ташриф буюрилмаган ҳолда, саволи шундайлар қаторидандир.

Албатта, «Барчаси» деган жавоб аксариятни ташкил этди. Яъни, тадбиркорлар тегишли инстанцияларга умуман ташриф буюрмасликни ҳоҳлаганлар. Бироқ
бу жавоб тадбиркорлар учун талабгорлиги юқори бўлган хизматларни аниқлашда ёрдам бера олмайди, чунки тадбиркорларни аниқ талабларини ўзида акс эттирмайди. Лекин баъзи бир тадбиркорлар аниқ таклифлар ҳам киритдилар, қуйида улар орасида оммабоп ва қизиқ бўлганлари келтирилган:

  • юридик шахслар томонидан коммунал хизматлари бўйича хисоботларни Интернет орқали тақдим этиш. Ҳозирги вақтда тадбиркорлар (ёки уларни ишончли вакили) ҳисоботларни тақдим этиш учун ҳар ой бир неча соатлаб навбатларда турадилар;
  • банкларга мажбурий ташриф буюрмасдан банк хизматларини соддалаштирилган тарзда олиш (кредитлаш, касса аппаратларини рўйхатга олиш ва х.к);
  • сертификатлар, турли хил рухсатномалар, давлат хизматларини улаш, божхона расмийлаштируви, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан расмийлаштириш учун аризалар;
  • қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисида SMS хабарномаларни олиш, ҳисоб рақамидан солиқ тўловларини тўғридан тўғри ечиб олиш, қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ҳисоботни шакллантириш ва ҳ.к;
  • OneID ваgov.uz орқали хизматлардан фойдаланишда малакали ахборот ва қадамма-қадам кўрсатмалар олиш;
  • суғурта, кредитни қайтариш, навбатга ёзилиш ва бошқа аризалар тақдим этиш;
  • транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш;
  • давлат дастурлари ва режалари (инвестициялар, харажатлар, молиялаштириш манбалари, йўналишлар, харидлар, тендерлар) ҳақида батафсил маълумотларни олиш.

Бундан ташқари, янги электрон давлат хизматларини ишга туширишдан аввал рўй бериши мумкин бўлган хатоларни бартараф этган ҳолда, уларни амалга оширишнинг тўлиқ механизмини ишлаб чиқиш.

Яна бир «очиқ» саволлардан бири тадбиркорларнинг давлат хизматлари сифатини яхшилаш бўйича таклифларидир. Булар қаторида қуйидагиларга алоҳида эътибор бериш зарур:

  • ҳужжатларни камайтириш ҳамда давлат корхоналари томонидан
    «ўта тартибга солиш»ни эркинлаштириш;
  • рақамли имзо олиш жараёнини соддалаштириш, уни муддатсиз ҳолда тақдим этиш (ёки умуман рад этиш) ҳамда янги хизматларни жорий этиш орқали шахсий кабинетларни ривожлантириш;
  • жойларда кадрлар малакасига оид масалаларни ҳал қилиш. «Инсон омили бизнеснинг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда. Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш жуда қийин» – шу каби жавоблар кўплаб тадбиркорлар томонидан такрорланди;
  • давлат хизматларини рағбатлантириш маркетинг тизимини ишлаб чиқиш: KPI тизими асосида тадбиркорлар учун бонуслар, махсус акциялар яратиш;
  • Давлат хизматларини кўрсатиш марказларидаги call-марказларини хизматлар олиш масалалари бўйича тезкор ва аниқ жавоб беришни йўлга қўйиш орқали кучайтириш;
  • давлат корхоналарини бир-бирини такрорловчи функцияларни қисқартириш, маълумотлар сақлаш серверларини янада кучайтириш;
  • давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича видео-йўриқномаларни ишлаб чиқиш;
  • Интернет орқали хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш (хизматлар кўрсатиш вақтини белгилаш, баёнотларга жавоб бериш);
  • барча давлат хизматларини батафсил текширишдан ўтказиш, уларни максимал миқдорини хусусий секторга ўтказиш;
  • ЯИДХП кабинетида сўровни кўриб чиқишнинг ҳар бир босқичини, вақтини, ҳар бир босқичга масъул шахсларнинг фамилиясини кўрсатиш;
  • ЯИДХП мобил иловасини ишлаб чиқиш.

Яна бир бора ишбилармонларга миннатдорчилигимизни билдирамиз!

Сизнинг жавобларингиз мамлакатимизда интерактив давлат хизматларини ривожлантиришга ёрдам беришига ишончимиз комил. Омон бўлинг!

Вазген Аванесов, “Электрон ҳукумат” маркази