АКТни ЖОРИЙ ЭТИШ ВА РИВОЖЛАНТИРИШ
Республика бўйлаб ахборот-коммуникация технологияларининг тизимли равишда давлат органлари фаолиятига жорий этиб борилиши аҳоли учун кўрсатилаётган давлат хизматларининг сифати ва самарадорлиги ортишини таъминламоқда. Ҳудудлар кесими бўйича Андижон вилоятида ҳам бу борада тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Хусусан, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан вилоятда ахборот-коммуникация технологиялари хизмати ҳажми 115,6 фоизга ўсиб, жорий йилги молиявий кўрсаткич 330 603,6 млрд. сўмни ташкил этди. АКТнинг жорий этилганлиги рейтинги бўйича 2018 йил учинчи чораги якунига кўра Андижон вилояти ҳокимлигининг кўрсаткичи 100 балли баҳолаш мезонидан 92,48 балл деб топилди. Шу йилнинг дастлабки даври билан қиёсланганда натижалар 129,5 фоизга ошган.
2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантиришнинг комплекс дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси томонидан 2016 йил 23 февралда 7-сонли баён нома қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжатнинг 5-иловаси билан тасдиқланган 30 турдаги мажбурий жойлаштириладиган маълумотларнинг Андижон вилояти ҳокимлигига тегишли қисмини data.gov.uz порталига ўз вақтида киритиш Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси очиқ маълумотлар порталига Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан 120 турдаги маълумотлар тўплами жойлаштирилди, улар фойдаланувчилар томонидан 13 050 марта юклаб олинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги “Идоралараро ягона ижро интизоми электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-5017-сон фармойишига асосан, 2018 йил 14-15 март кунлари жойларга чиқилиб, шаҳар ва туман ҳокимликлари ходимлари “IJRO.GOV.UZ” – ягона идоралараро ижро интизоми электрон тизимидан фойдаланиш бўйича ўқитилди. Худди шундай амалиёт Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон вилоят ахборот-кутубхона марказида ҳам ташкил этилиб, 9-14 апрель кунлари вилоят бошқармаси ва ташкилотларнинг 160 нафар ходими, 16-20 апрель кунлари шаҳар ва туман бўлимларининг 390 нафар ходими тажриба орттиришди.
Бугунги кунда Андижон вилояти ҳокимлигининг марказий аппарат ходимлари учун 54 та, шаҳар ва туман ҳокимликлари ходимлари учун 312 та Е-калит қурилмалари берилиб, IJRO.GOV.UZ га уланган.
Ҳудудий бошқарма ва “Компьютерлаштириш маркази” ДУК билан ҳамкорликда хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилиб, “Velorent” ахборот тизими ишлаб чиқилди ва velorent.uz манзилига жойлаштирилди.
14 та давлат ахборот ресурслари (ДАР) ва 11 та ахборот тизимлари (АТ) http://www.reestr.uz сайтида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган. “Лицензия” ахборот тизими комплексига ҳокимлик томонидан тақдим этиладиган лицензиялар реестрини киритиш мақсадида шаҳар ва туман ҳокимликларининг масъул мутахассислари билан бирга ҳозирда жами 1085 дан ортиқ лицензия маълумотлари киритилган.
ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ ИНФРАТУЗИЛМАСИ
Андижон вилоятида умумий сиғими 103 800 рақамга тенг 73 та телефон станцияси 100 фоиз рақамлаштирилган бўлиб, улар орқали 61395 нафар фойдаланувчига замонавий алоқа хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Интернет хизматлари бўйича кенг полосали қурилмалар сиғими 39288 портга етказилди, ҳозирда 22609 дан ортиқ абонент ушбу замонавий телекоммуникация хизматларидан фойдаланмоқда. IP-TV хизмати соҳасида бу кўрсаткич 3708 тани ташкил этади.
Вилоят бўйича 99,4 километрдан ошиқроқ масофада оптик толали алоқа кабелларини ётқизиш ишлари якунланиб, бу турдаги линияларнинг жами узунлиги 764 километрга етказилди, тармоқнинг ўтказувчанлик даражаси вилоят марказигача 40 Гбит/с га, ҳар бир туман марказларигача 10 Гбит/с га тенг.
“Ўзбектелеком” АК Андижон филиали томонидан маҳаллий тармоқни ривожлантириш бўйича Пахтаобод туманидаги Мустақиллик, Булоқбоши туманидаги Нефтьпром, Избоскан туманидаги Қўшкўприк МФЙ, шунингдек, Асака шаҳридаги Бобур ҳамда Андижон шаҳридаги Ахтачи МФЙ ҳудудларига 128 портли MSAN, Балиқчи туманидаги Сортепа ҚФЙ ва Булоқбоши туманидаги Кулла МФЙ ҳудудларига 96 портли DSLAM қурилмалари ўрнатилиб, аҳолига IP-TV хизматлари тақдим этилмоқда.
“UZMOBILE” GSMнинг 10 та объектига 8,9 км, FTTx тармоғини жорий этиш бўйича қурилаётган кўп қаватли уйларга 1,23 км узунликдаги оптик толали алоқа кабеллари ётқизилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги “Судлар фаолиятига замонавий АКТни янада жорий этиш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3250-сон ҳамда 2015 йил 16 ноябрдаги “Прокуратура органлари фаолиятига замонавий АКТни янада жорий этиш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2433-сон қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан вилоятдаги туман ва шаҳарларда фаолият юритаётган жами 20 та олий суд биносигача 12,16 км, прокуратура ва унинг ҳузуридаги департамент биноларига қадар 9,7 км узунликда оптик толали алоқа линиялари тортилиб, локал тармоққа уланиш учун амалий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, Андижон вилоятидаги 1-сонли ҳарбий шаҳарча биносида ўқув синфини ташкил этиш бўйича 1,6 км, идоралараро тармоққа уланиши лозим бўлган объектлар бўйича 9,7 км ва манзилий дастурга киритилмаган объектлар бўйича 44 та объектга 55,8 км узунликдаги ОТАКни ётқизиш ишлари амалга оширилди.
Андижон вилоятида “UZMOBILE” мобил алоқа оператори тармоғини ташкил этиш бўйича ҳам қатор ишлар бажарилиб, 2018 йил бошидан жами 15 та GSM стандартидаги базавий станциялар ишга туширилди ва шу орқали вилоятдаги “UZMOBILE” GSM базавий станцияларнинг сони 56 тага етказилди. Умумий ҳисобда жорий йилнинг 9 ойлик якуни бўйича мобил алоқа тармоқларида ўрнатилган жами базавий станциялар сони 876 тани, шунга мувофиқ фойдаланувчилар сони 1, 783 млн. кишини ташкил этди.
МУРОЖААТЛАР
2018 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармасига жами 71 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг барчаси тегишли тартибда ҳал этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4904-сон фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 январдаги 08-1-1048-сон топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 10 апрелда “Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғининг вилоят ҳудудларида алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация соҳасига оид жисмоний ва юридик шахслар (вакиллари) билан учрашувлари бўйича сайёр қабуллар жадвали” тасдиқланган. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 9 ой мобайнида Булоқбоши, Хўжаобод, Жалақудуқ, Қўрғонтепа туманларида ва Асака шаҳрида 5 маротаба сайёр қабуллар ўтказилди. Ушбу сайёр қабуллар давомида иштирок этган 100 дан ортиқ фуқаролардан жами 25 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг барчасига ўз вақтида ечим топилган.
Йўналишлар кесими бўйича мурожаатларнинг энг кўпи, яъни 46,8 фоизи (33 та) мобил алоқа, 7 фоизи (5 та) интернет масалалари, 8 фоизи (6 та) алоқа тармоқлари, яна 7 фоизи (5 та) телевидение, 8 фоизи (6 та) соҳага таклифлар ва 22,5 фоизи (16 та) бошқа йўналишлар бўйича юборилган. Шулардан ҳудудлар кесими бўйича келиб тушган энг кўп мурожаатлар Андижон (38 фоиз, яъни 24 та) ва Асака (10 фоиз, яъни 7 та) шаҳарлари ҳисобланади.
Бундан ташқари, Андижон вилояти инспекцияси орқали ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари қабул қилинган. Хусусан, 2018 йилнинг 9 ойи давомида алоқа соҳаси бўйича Андижон вилояти ҳудудий инспекциясига 419 та мурожаат йўлланган бўлиб, бугунги кунгача уларнинг 416 таси кўриб чиқилган ва 31 таси асосли деб топилган.
Мурожаатлар таҳлилини қуйидаги жадвал орқали кўришингиз мумкин:
ТАЪЛИМ СОҲАСИ
Андижон ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи 900 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 1053 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, уларнинг 691 нафари 3-курс, 362 нафари 2-курс ўқувчилари. 2018/2019 ўқув йиллари учун қабул ўтказилмади.
2018 йилда 607 нафар ўқувчи ўқишни тамомлаган. Бугунга қадар уларнинг 134 нафари ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминланган, 63 нафари бошқа йўналишларда ишга жойлашган, 30 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган, 25 нафари бошқа шаҳарларга кўчиб кетишган. Оилавий шароити (турмушга чиққанлиги, фарзанд кўрганлиги, бетоблиги ва ҳ. к.) сабаб, 36 нафари ишга жойлашмаслигини маълум қилган. Қолган 319 нафар битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда
Коллежда фаолият юритадиган 54 нафар педагогнинг 53 нафари олий маълумотли, уларнинг 46 нафари педагог мутахассислигига эга. Коллеждаги 7 та компьютер хонасида 100 та компьютер қурилмаси мавжуд бўлиб, улардан 60 таси 2006 йилда, 40 таси 2018 йилда олиб келинган.
Бугун коллеждаги ўқув лабораториялари учун керакли алоқа ва ахборот технологиялари қурилмаларига ҳамда АКТ соҳасида етарли билимга эга мутахассис кадрларга эҳтиёж сезилмоқда.
РЕЖАЛАР
- FTTx техоногиялари асосида кенг полосали хизмат турларини кенгайтириш учун қиймати 600,3 млн. сўмни ташкил этадиган 4434 портга тенг телекоммуникация қурилмаларини ўрнатиш;
- Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан Андижон вилоят ҳокимлиги раҳбарияти қабулига онлайн рўйхатдан ўтиш хизмати орқали келиб тушаётган мурожаатларни муддатларда кўриб чиқишни йўлга қўйиш;
- маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг туман ва шаҳар ҳокимликлари, давлат ва хўжалик бошқарув органларининг вилоят бошқармалари ҳамда туман ва шаҳар бўлимларида Ягона идоралараро ижро интизоми электрон тизими жорий этилишини жадаллаштириш, ўқув семинарларини ташкил этиш;
- Ахборот технологияларини ривожлантириш марказининг “Ахборот хавфсизлиги сиёсати”ни тегишли ваколатли органлар билан келишув ишларини якунлаш;
- вилоят ҳокимияти, шаҳар ва туман ҳокимликларидаги ишчи компьютерлар дастурий таъминотини ҳамда операцион тизимини янгилаш ҳамда сервер ва ишчи компьютерларни лицензияга эга бўлган антивируслар билан таъминлаш.
ТАКЛИФЛАР
- Уяли алоқа компаниялари антенна мачта қурилмаларини демонтаж қилиб, қайта қуриш ва ўша ҳудудда алоқа сифати пасайишига йўл қўймаслик учун ҳудудий бошқарма томонидан вақтинчалик рухсат бериш тизимини ишга тушириш.
- “Ўзбектелеком” АК тармоқларини модернизация қилиш ва тармоқни кенгайтириш, аҳолига кўрсатилаётган хизматларни кенгайтиришда GPON технологиясидан кенг фойдаланиш.
- Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Андижон вилояти ҳокимлигига келиб тушаётган мурожаатларнинг муддатларда кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида Бошқармага порталга кириш имкониятини яратиш (порталга ўзгартириш киритиш имкониятисиз);
- Вилоят ҳудудида дастурий маҳсулотлар ва замонавий ахборот тизимларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида ўзаро рақобатни кучайтириш.
- Вилоятда IP-TV фойдаланувчилар сонини ошириш мақсадида мижозлар учун тақдим этиладиган тюнер қурилмалари тўловини ойлик тўловларга қўшган ҳолда амалга ошириш.