XXI аср тараққиёти дунё ижтимоий-сиёсий ҳаётида туб ўзгаришлар билан бирга, улкан ахборот оқимларини ҳам юзага келтирмоқда. Бу эса уларни тартибга солувчи ва жадал суръатда оммага етказиб берувчи “майдон”ларга эҳтиёж катталигини англатади. Ўзбекистонда фаолият юритаётган “Кун.уз”, “Дарё.уз”, “Газета.уз”, “Хабар.уз”, “Анҳор.уз” сингари ахборот порталлари ҳозирда ана шундай долзарб вазифани бажариб, маълумотларни тезкор ва қулай усулда етказишда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Бу борада ахборот тарқатувчи анъанавий воситалар – босма нашрлар фаолиятини ҳам инкор этиб бўлмайди. Чунки уларнинг ҳам ўз аудиторияси мавжуд. Масаланинг муҳим жиҳати – маълумотларни етказиш механизмида эмас, балки унинг самарадорлигидадир. Давр нуқтаи назаридан ахборот порталлари бугун ана шундай самарадорликни таклиф қилмоқда. Бу сифатлар нималардан иборат?
Биринчидан, ахборотни тезкор етказиш имконияти. Бугун айрим истисно ҳолатларни ҳисобга олмаганда, кимгадир қоғоз-қалам орқали мактуб юбориш ёки бирор шошилинч хабарни почта орқали етказиш аллақачон “ибтидоий” усулга айланиб улгурди. Яқин ўтмишда оммабоп саналган бундай воситалар ўрнини интернет тамоман эгалламоқда. Шунга мувофиқ, ахборотларни етказиш усули ва шакллари ҳам кескин ўзгарди. Бу, айниқса, янгилик ёки хабар кўринишидаги маълумотларни узатиш тармоғида яққол сезилмоқда, уларнинг аксарияти айнан ахборот порталлари улушига тўғри келади. Масалан, ҳозир юз бераётган бирор ҳодиса ҳақида, агар у чиндан долзарб аҳамиятга эга бўлса, шу куннинг ўзида, ҳатто бир неча дақиқа ўтгач, “Кун.уз” ёки “Дарё.уз” порталлари орқали хабардор бўлиш мумкин. Илгарилари маълум воқеликлар маълум вақтдан сўнг нашрнинг даврийлигига қараб оммага етиб борган бўлса, бугун жараён шу оннинг ўзидаёқ миллионлар эътиборига ҳавола қилиняпти. Афсуски, ушбу тенденция ҳамма ахборот порталларида ҳам бирдек эмас.