Яқинда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида анъанага айланиб улгурган маросим бўлиб ўтди. Семестр натижалари бўйича ҳар бир курсдан имтиҳонларда юқори балларни қўлга киритган ҳамда ўқиш давомида ўзини ижобий томондан намоён этган энг яхши 10 нафар талабаларни аниқланди. Мазкур талабалар навбатдаги бир семестр учун тўлов пулидан 50 фоиз ёки 100 фоизга озод қилинади.
Маросим давомида ўтган семестр якунларига кўра Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг энг яхши талабалари номлари эълон қилинди. Университет ректори Сарвар Бабаходжаев ҳамда университетнинг биринчи проректори Чо Ву Суг иккинчи ва учинчи босқич талабаларига сертификатларни топширишди.
Маросимда «Компьютер ва дастурий инжиниринг» факультетининг 10 нафар биринчи босқич талабаларига таъсисчиларнинг грантлари топширилди. Ушбу грантлар уларга бепул ўқишга рухсат беради. Логистика факультетининг яна беш нафар биринчи босқич талабалари 2017-2018 ўқув йилининг биринчи семестридаги таълим тўловидан тўлиқ ёки қисман озод қилинди. Шунингдек, 3,5 балл ва ундан юқори балл тўплаган талабалар Deans’ List (Деканлар рўйхати)га киритилади.
Ушбу тадбир талабаларнинг билим олиш ва уларнинг ўртасида соғлом рақобатни ривожлантиришга бўлган қизиқишини оширишга қаратилган.