7 февралда Amazon интернет-ритейлери 2013 йилда иш бошлаганидан буён Amazon Payments сервисидан 33 миллион нафардан зиёд мижоз фойдаланганлигини маълум қилди. Бир йил олдин бу кўрсаткич 23 миллион фойдаланувчини ташкил қиларди.
Бундан ташқари, ўтган йилда одамларга бошқа сайтларда, масалан, Nine West ва L’Occitane дўконларида харид ҳақини тўлаш учун ўзларининг Amazon-логинларидан фойдаланиш имконини берувчи хизмат ҳақи ҳажми ҳам икки баробарга ошди. Шунингдек, ўтган йилда Amazon Payments Франция, Италия ва Испанияда шуҳрат қозонди.
Турли тўлов сервисларини яратиш ва оммавийлаштириш – мижозлар садоқатини ошириш ва улар ҳақда кўпроқ маълумотларни йиғишнинг яна бир усулидир. Шу тариқа одамлар ўзларининг Amazonдаги логинларини кўплаб жойларда қўллай бошлайдилар. Қайд этиш керакки, компаниянинг ўзи Amazon Paymentsдан қўшимча даромад олмоқда.
Шунга қарамай, Amazon Payments бугунги кунда рақамли тўловлар соҳасида етакчилик қилаётган PayPalдан анча орқада қолмоқда. Amazon соҳадаги PayPal, Apple Pay ва Android Pay (Google) каби гигантлар билан рақобатлашишда давом этади. Харид жараёнини соддалаштириш учун компания, жумладан ўз савдо нуқталарида, масалан Amazon китоб дўконида сервисни ривожлантиришни давом эттиради.