“Стартап ҳафталиги” танловининг Мирзо Улуғбек туман босқичи совриндорига айланган Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)нинг талабалари ўз стартап лойиҳалари устида ишлаш учун молиялаштириладилар.
Танловнинг туман босқичи Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташаббуси, Ўзбекистон Марказий банки ҳамда пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туман ҳокимиятининг қўллаб-қувватлаши остида 3 июнь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўтказилди.
Танловда мингдан ортиқ касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртларининг битирувчилари иштирок этишди. Иштирокчилар 100 дан ортиқ компания, тижорат банклари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари эътиборига ўз стартапларининг тақдимоти ҳавола этишди.
Тақдимот тугагач, ҳакамлар ҳайъати етти нафар лойиҳа муаллифларини танлаб олиб, уларга ўз ғояларини амалга оширишлари учун тижорат банкларидан кредит олиш имкониятини тақдим этишди. Қайд этиш лозимки, ғолиблар орасида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг икки нафар талабаси ҳам бор эди.
IUT талабаси Ниғматжон Анваров ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар ўртасидаги ўзаро алоқа жараёнини автоматлаштириш бўйича лойиҳани тақдим этди. У ўз лойиҳасини молиялаштириш учун «Ипотека банк» АТИБнинг кредитини қўлга киритди.
IUTнинг яна бир талабаси Дилмурод Мадраҳимов эса ўзининг стартап лойиҳасини амалга ошириш учун «Капиталбанк» АТБнинг кредитини қўлга киритди.
Танлов якунида, “Стартап ҳафталиги” Мирзо Улуғбек туман босқичи ғолибларига ҳомийлар томонидан совринлар топширилди.
Сарвар Бабаходжаев, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори:
Мен талабаларимизни бундай натижани қўлга киритганлари билан табриклайман. Уларнинг бу ютуқлари нафақат бизнинг талабаларимизга, балки бошқа олий ўқув юртларининг талабаларига ҳам ўрнак бўлишга арзийди. Ҳозир биз инновациялар ва янги технологиялар оламида яшамоқдамиз. Бизнинг ёшларимиз инсонлар ҳаётини енгиллаштиришга қаратилган янгилликларни ихтиро қилишлари ҳамда шу билан АКТ соҳасининг ва умуман Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшишлари керак.