ТАТУда абитуриентлар учун ўз билимларини синаш имконияти яратилди

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида шу йил 15 июнь кунидан 15 июлгача абитуриентлар учун синов тестлари ўтказилади.

1 август куни топшириладиган тестларга тайёргарлик сифатида ўтказиладиган синовларда барча хоҳловчилар қатнашишлари мумкин. Ҳар бир қатнашчи ўзини қизиқтирган йўналишни белгилаб, керакли фанлар бўйича  имтиҳон топшира олади.

– Абитуриентлар кўпинча математика ва физика фанларини танлаб тест топширишади, сабаби, ушбу фанлар бўйича максимал тўғри жавоблар орқали кўпроқ балл тўплаш мумкин. Ўйлаймизки, махсус компьютер синфларида ўтказиладиган тестлар абитуриентларга билимларини синашда етарлича ёрдам бўлади, – дейди ТАТУ Телекоммуникация технологиялари факультети декани Дилмурод Давронбеков.

Тестлар унивреситетнинг «D» блокида жойлашган Ўзбек-Ҳинд ахборот технологиялари марказида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Тадбир ёшларга фақатгина ўз билимларини синаш имкониятини берибгина қолмай, камчиликларни аниқлаб, 1 август куни ўтказиладиган ҳақиқий тест синовларига янада мукаммалроқ тайёргарлик кўриш имкониятини беради.