Жорий йилнинг 17 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг «Рақамли телеэшиттиришларга ўтиш ва ер усти аналог телеэшиттиришларни тўхтатишга доир амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги 502-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра республиканинг барча ҳудудларида 90 комплект юқори қувватли ва 404 комплект кам қувватли рақамли телеэшиттириш узаткичларини ўрнатиш ва фойдаланишга топшириш ҳисобига республиканинг барча аҳоли пунктлари рақамли телеэшиттиришлар билан қамраб олиниши кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳукумат томонидан тасдиқланган ер усти аналог телеэшиттиришларни босқичма-босқич тўхтатиш жадвалига кўра, 2018 йилнинг январь ойидан йилнинг якунига қадар бутун республика бўйлаб барча аналог форматдаги телеэшиттиришлар тўхтатилади.
Шу сабабли, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги телетомошабинларга янги ойнаи жаҳон харид қилаётганда унинг DVB-T2 стандартини қўллаб-қувватлашига алоҳида эътибор қаратишни тавсия қилади.