Инҳа университетига кириш имтиҳонлари онлайн тарзда узатиб берилади

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети 2017 йилнинг 20-21 июль кунлари бўлиб ўтадиган имтиҳонларни жонли кузатишни истаганлар учун имконият яратиб, жараёнларни онлайн тарзда намойиш этишни бошлади.

Университет бу йил ҳам кириш имтиҳонларининг видео-стримингини ташкил этди. Барча хоҳловчилар кириш имтиҳонлари жараёнларини live.inha.uz ҳаволаси орқали (TAS-IX), шунингдек, университетнинг фейсбукдаги расмий саҳифаси орқали онлайн кузатишлари мумкин.

Кириш имтиҳонлари ўтказилиши мўлжалланган «Ўзкўргазмасавдо» биносида веб-камералар ўрнатилган, улар кириш имтиҳонларининг барча жараёнларини онлайн тарзда кўрсатади.

Қайд этиш жоизки, ўтган йили бўлгани каби бу йил ҳам кириш имтиҳонлари жараёнларининг шаффофлиги ва очиқлигига ишонч ҳосил қилишлари учун IUT мазкур жараёнларга оммавий ахборот воситалари вакилларини ҳам таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йили IUT Ўзбекистонда биринчи маротаба кенг жамоатчилик учун университетнинг “Facebook”даги расмий саҳифаси ҳамда махсус саҳифа орқали кириш имтиҳонларининг видео-стримингини ташкил этган эди.