Яқинда ёшларнинг стартап-ташаббусларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган уч ойлик дастур ўз ишини бошлади. Танлов саралашининг натижасига кўра, «Стартап-ташаббуслари» дастурининг иккинчи даврида бутун Ўзбекистондан топширилган 40 та стартап-лойиҳа иштирок этмоқда.
Жорий йилда стартап-лойиҳалар мамлакатнинг барча ҳудудларидан тақдим этилгани муҳим аҳамият касб этган бўлиб, улар қишлоқ хўжалиги, логистика, молия, таълим каби янги соҳаларни қамраб олди. Дастурий иловаларни ишлаб чиқишга қаратилган лойиҳалардан ташқари, мухандислик-техник ечимларини тайёрлайдиган жамоалар ҳам тақдим этилган. Шунингдек, иштирокчилар орасидан 3D-принтери, машина тўхташ жойи учун «ақлли» тизим, болалар учун конструктор ва ҳаттоки, нанозарралардан ишланган ноёб гидрофоб материал ишланмаларининг муаллифлари ўрин олган.
Дастурни беш кунлик интенсив семинар бошлаб бериб, унда иштирокчилар «LeanStartup» («тежамкор стартап») усули бўйича старапни ишга тушириш асосларини ўрганадилар. Таълим қисмидан кейин ёш стартапчилар лойиҳаларини амалга оширишга киришадилар, яъни лойиҳани ривожлантириш «йўл харитасини» яратадилар, прототипни ишлаб чиқадилар ва синов сотувларини амалга ошира бошлайдилар.
Дастур давомида лойиҳаларга трекерлар (яъни, жамоа ривожланиши кузатиб, белгиланган мақсадларга эришиш масалалари бўйича маслаҳат берадиган тажрибали мураббийлар) йўналиш ва маслаҳат бериб борадилар. Дастурнинг ҳар бир босқичида иштирокчилар учун маркетинг, солиққа тортиш, бизнес юритишнинг юридик жиҳатларига оид масалалар бўйича манзилли маҳорат мактаблари ташкил этилади.
Жорий йилда дастлабки даврни ўтказиш тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, асосий эътибор иштирокчиларга техник кўмак кўрсатишга қаратилади. Бунинг учун мураббийлар ва трекерлар сифатида стартапларни яратишда катта тажрибага эга бўлган бозор етакчилари – тадбиркорлар жалб этилган. Экспертлар жамоаси Paynet, MyTaxi, Robokidz асосчилари, StartupFactory акселерация дастурининг директори ва бошқа малакали мутахассислардан иборат.
Уч ойлик дастур натижаларига кўра битирувчи жамоалар бизнес-лойиҳаларини янада ривожлантириш учун манфаатдор ташкилотлар ва инвесторларни жалб қилиш мақсадида, ўз лойиҳаларини «DemoDay» (намойиш куни) ҳамда Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида тақдим этадилар.
Мазкур Дастур таълим ва хусусий сектор ўртасидаги алоқани йўлга қўйиш орқали ёшларга тадбиркорларнинг кўмагига эга бўлиб уларнинг бизнес яратиш бўйича тажрибасини ўрганиш имконини беради. Ўз навбатида, ёшлар ҳам тадбиркорларнинг фаолиятида янги йўналиш касб этиши мумкин бўлган инновацион ғоялари ва ишланмалари билан бўлишадилар.
Ушбу ташаббус Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт Дастурининг «Ўзбекистон Бизнес-форуми (фаза-III)» қўшма лойиҳаси томонидан Фан ва технологиялар агентлиги ҳамда «Sasol» компанияси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.