Хоразм вилояти: буюк ўтмишдан порлоқ келажак сари

Маълумки, Хоразм диёри дунё цивилизациясининг энг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Ушбу кўҳна замин кўплаб мутафаккир, илм-фан ва санъат намояндалари ҳисобланган аждодларимиз ватани ҳисобланади. Ўрта Осиё ҳудудидаги энг қадимий давлатлардан бири бўлган Хоразм вилоятининг бугунги куни, хусусан, ҳудудда ахборот технологияларининг жорий этилиши кўрсаткичлари билан танишишгач, вилоятнинг ушбу йўналишда республиканинг бошқа ҳудудларидан қолишмайдиган натижаларга эришаётганига амин бўлиш мумкин.

“Электрон ҳукумат”

Мамлакатимизда “Электрон ҳукумат” тизимининг жорий этилишини янги босқичга олиб чиқиш сари қўйилган асосий қадамлардан бири –  Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигини ташкил этилиши бўлди. Ушбу вазирлик республикада “Электрон ҳукумат” соҳасидаги ваколатли орган этиб белгиланди. Бу эса ўз навбатида вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ҳамда вазирлик тизимига кирувчи соҳа корхоналари зиммасига улкан масъулият ҳамда вазифаларни юклади. Айни кунда, соҳа олдига қўйилган вазифаларни бажариш йўлида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. 

“Электрон ҳукумат”ни ривожлантириш мақсадида “2017 йилда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларнинг манзилли дастури” тасдиқланди. Ушбу манзилли дастур 40 банддан иборат бўлиб, жорий йилнинг I чорагининг ўзидаёқ манзилли дастурнинг 5 та бандининг ижроси таъминланди. АКТни ривожлантириш бўйича лойиҳаларнинг манзилли дастурининг амалга оширилишига 11819,2 млн сўм белгиланган бўлиб, лойиҳаларнинг амалга оширилишидан ўзлаштирилган маблағ 362,3 млн сўмни ташкил этмоқда.

Қўшназар Ҳайитбоев, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Қўшназар Хайитбоев вилоятда АКТнинг жорий этилганлик ҳолати бўйича эришилган кўрсаткичлар ҳақида маълумот бериб ўтдилар. – Ҳозирги вақтга келиб Хоразм вилоятида АКТнинг жорий этилганлик бўйича умумий баҳо 100 фоиздан 81,03 фоизни ташкил қилмоқда. Ҳокимликнинг расмий веб-сайти ва улар орқали тақдим этилаётган интерактив давлат хизматлари сифати бўйича эса мақсадли кўрсаткич 50 фоиз бўлиб, бизнинг вилоятда бу кўрсаткич 38,58 фоизни ташкил этди, – дейди Қўшназар Собирович. – Ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва электрон ҳужжат айланиши тизимларининг жорий этилиши бўйича мақсадли кўрсаткич 26 фоиз этиб белгиланган бўлиб, бу йўналиш бўйича 19,45 фоиз кўрсаткичга эришилди. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш даражасига тўхталадиган бўлсак, ушбу йўналиш бўйича мақсадли кўрсаткич 20 фоиз этиб белгиланган эди ва унга тўлиқ эришилди.

Телекоммуникация

Хоразм вилоятида “Ўзбектелеком” АК Хоразм филиали томонидан 2016 йил мобайнида вилоятда 232,3 км узунликдаги оптик толали алоқа линияси қурилди. Жорий йилнинг январь-март ойларида вилоят ҳудудларида 61 км оптик толали алоқа линиялари ётқизилди. Вилоятда 2017 йил январь-март ойларида кенг полосали тармоқлар сиғими 430 портга оширилиб 30 804 портга етказилди.

Мобиль алоқа йўналиши ҳақида тўхталадиган бўлсак, вилоятда CDMA-450 стандартидаги мобиль алоқа тармоғини кенгайтириш мақсадида 2013-2014 йилларда амалга оширилган лойиҳа натижасида 16 та база станциялари ўрнатилди. Натижада тармоқнинг аҳоли яшаш масканларининг қамров даражаси 39 фоиздан 82 фоизга етказилди. 2015 йилда вилоятда 4 та база станциялари, 2016 йилда 900/1800/3G/LTE стандартларида ишловчи 38 объектда 113 та база станциялари ишга туширилди. 2017 йил январь-март ойларида 5 та объектда 14 та база станциялари қурилиб ишга туширилди.

Вилоят ва туман марказларигача маълумотлар узатиш тармоқлари ўтказувчанлигини ошириш мақсадида 17 та объектларда замонавий қурилмалар ишга туширилиб вилоят марказига қадар магистрал тармоқ ўтказувчанлигини 40 Гбит/с.гача, туман марказларига қадар 10 Гбит/с.гача оширилган.

Корпоратив секторга мультимедия хизматларини кўрсатиш мақсадида Урганч шаҳрида тадбиркорлик ва бизнес фаолиятини ривожлантириш масалаларида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига видеоконференция алоқаси ёрдамида интерактив йиғилишларни ташкил этиш, илғор хориж тажрибаларини ўрганишга имконият берувчи сиғими 80 кишилик катта ва 12 кишилик кичик заллар замонавий телекоммуникация технологиялари билан жиҳозланиб, фойдаланишга топширилган.

Хоразм вилоятида АКТни жорий этилганлик ҳолати буйича рейтинг кўрсаткичлари

“ZiyoNET” ахборот таълим тармоғи

Ҳозирги кунда Хоразм вилоятидаги барча таълим муассасалариZiyoNET” ахборот таълим тармоғига уланган. Вилоятда умумтаълим мактаблар сони жами 527 та бўлиб, уларнинг 73 таси ADSL технологияси орқали, 455 таси CDMA-450 мобиль тармоғи орқали ушбу ахборот таълим тармоғига уланган.

Шунингдек, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасалари ҳам 100 фоиз таълим тармоғига уланган.

Рақамли телевидение тармоғини ривожлантириш

Ўзбекистон Республикасида Япония давлатининг халқаро хамкорлик банкининг имтиёзли кредити асосида “Ўзбекистон Республикасида Ер усти рақамли телевидениесини ривожлантириш” дастури ижросини таъминлаш мақсадида “Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази” ДУК (РРТМ) томонидан 2016 йил 4-чорак якунига Тупроққалъа РТС да 1 та 1 кВт, Урганч РТС да 1 та 5 кВтли қувватга тенг рақамли телеузаткичнинг монтаж ишлари якунланиб, тест режимида эфирга узатиш орқали вилоятда рақамли телевидение қамрови 99,99 фоизга етказилди.

“РРТМ” ДУКнинг Хоразм радиотелеузатув маркази филиали директори Санжарбек Садуллаев филиалдаги техник ўзгаришлар ҳақида тўхталиб ўтди:

Бизнинг филиалга келган янги технологияларнинг аввалгиларидан афзаллик томонларидан бири, уларнинг оптик кабеллар орқали уланганлигидир, – деди Санжарбек Султонович. – Албатта, сифат, қулайлик ва хизмат кўрсатиш босқичлари жиҳатларидан ҳам яқинда кириб келган техникалар олдингиларидан анча устун. Шунингдек, янги технологиялар орқали маҳаллий телеканалларни ҳам рақамли сигнал таркибида эфирга узатиш имконияти мавжуд.

Жорий йилнинг 1 ярим йиллигида вилоятда Хоразм РТУМга қарашли Урганч РТСда 1та 5 кВт, Питнак РТСда 1 кВт ҳамда Саримой РТСда 30 Втлик рақамли телеузатгич ўрнатиш, монтаж ишларини якунлаш ва тест режимида эфирга узатиш режалаштирилган. Урганч РТСга 2016 йил якунида ўрнатилган 1 та 5 кВтли ҳамда қўшимча ўрнатиладиган 1 та 5 кВт қувватга эга рақамли телеузатгичлар орқали 24 та тижорат каналларни ва жами 36 та рақамли теледастурларни Хоразм вилояти аҳолиси ва Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткул, Беруний ва Элликқалъа туманлари аҳолиси томоша қилиш имкониятига эга бўладилар.

“Ягона дарча” маркази

Маълумки, юртимизда бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бир қатор ҳужжатлар тайёрлаш лозим. Ҳужжатларнинг маълум қисми давлат хизматлари кўрсатиш марказлари орқали расмийлаштирилиши ҳам сир эмас. Хоразм вилояти Адлия бошқармаси Урганч шаҳар тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш “Ягона дарча” маркази фаолияти ҳақида марказ директори Азамат Теребаев билан суҳбатлашдик.

Азамат Теребаев, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси Урганч шаҳар тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш “Ягона дарча” маркази фаолияти ҳақида марказ директори

– Ҳозирги кунда марказимизга 2017 йилнинг ўтган 4 ойи давомида 16 турдаги давлат хизматларидан фақат 11таси бўйича мурожаатлар келиб тушди, – дейди Азамат Алламуратович. – Шунингдек, ўтган 4 ой давомида марказ томонидан 631 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди. Шундан 360 таси якка тартибдаги тадбиркор субъектларини, 59 таси оилавий тадбиркорлик субъектларини ва 212 таси юридик шахсларни ташкил қилади.

 

Ушбу марказга тўрт ой давомида табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш масалалари бўйича келиб тушган аризаларнинг ҳаммаси ижобий ҳал этилган. Бундан ташқари, ташқи рекламани жойлаштиришга рухсат олиш мақсадидаги аризалар сони 38 тани ташкил этиб, улардан 32 таси ижобий ҳал этилган.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали 

Интерактив хизмат турларига тўхталадиган бўлсак, вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайти (www.xorazm.uz) орқали кўрсатилаётган 12 та базавий ва 15 та кўшимча интерактив хизматларининг регламенти қайта ишлаб чиқилди. Улар сайтга тўлиқ жойлаштирилгач, интерактив давлат хизматларининг 14 таси Ягона давлат интерактив хизматлар порталига интеграция қилинди.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали вилоят бўйича
2017 йил 31 март ҳолатига жами 163 та, шундан вилоят ҳокимлигига 104 та, шаҳар ва туманлар ҳокимликларига 59 та мурожаатлар келиб тушган. Йўлланган жавоблардан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қониққанлик даражаси максимал 5 балл бўлиб, вилоятда ушбу кўрсаткич 4,56 баллни ташкил этди.

Хоразм вилояти Ўзбекистон Республикасининг шимолий-ғарбида жойлашган. Ер майдони 6,1 минг кв. километрни ташкил этиб, Ўзбекистон ҳудудининг 1,4 фоизини эгаллайди. Вилоятдаги аҳоли сони 2014 йил 1 январь ҳолатига 1683,7 минг кишига тенг. Вилоятнинг энг шимолий чекка нуқтаси Гурлан тумани Олчин қишлоғи яқинидаги Нуронбобо тўқайига тўғри келади. Жанубий чекка нуқтаси эса Тупроққалъадан бир мунча жанубда жойлашган.

Вилоятдаги давлат ва хўжалик бошқарув органларининг расмий веб-сайти орқали 2017 йил давомида жорий этилиши режалаштирилаётган интерактив хизматлар бўйича чора-тадбирларни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси билан келишилган ҳолда тасдиқлаш ва бу билан амалга ошириладиган чора тадбирларни тўлиқ йўлга қўйиш мақсадида вилоятдаги 31 та давлат ва хўжалик бошқарув органларига ҳудудий бошқарманинг хати чиқарилди. Ҳудудий бошқарманинг хатига асосан вилоятдаги фақат 18 та давлат ва хўжалик бошқарув органлари томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб тасдиқланди.

Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 14 турдаги рухсат бериш ва 3 та лицензиялаш туридаги хизматлар кўрсатилиши белгиланган. Бугунги кунда Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан ушбу хизматларнинг 6 таси расмий веб-сайт орқали тақдим этилмоқда ва 14 таси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграция қилинган, – дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Қўшназар Хайитбоев.

Шуни таъкидлаш жоизки, 2017 йилнинг I чораги давомида вилоятдаги 18 та корхона ва ташкилотлар билан Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва янада ривожлантириш бўйича 2017 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилди

Компьютерлаштириш маркази

Хоразм вилоятида Ахборот-коммуникация технологияларини давлат бошқаруви органларида, таълим тизимида ва иқтисодиётнинг реал секторида кенг жорий этиш, ишчи ўринларини автоматлаштириш йўналишида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ҳокимлик, ташкилот ва муассасаларнинг 600 дан ортиқ расмий веб-сайтлари яратилиб, интернет тармоғига жойлаштирилган. Шунингдек, қатор ахборот тизимлари ишлаб чиқилиб, вилоятдаги ҳокимлик, корхона, ташкилот ва муассасаларга жорий қилинди.

– Ҳақиқатдан ҳам, бугунги кунда ишлаб чиқилган ахборот тизимлари жойларда кенг йўлга қўйилмоқдалар. Масалан, қоғоз сарфини камайтириш, ягона ахборот маконини ҳосил қилиш, бошқарув қарорларининг бажарилиш тезкорлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида “Корхона ва селектр”, вилоятда кадрлар билан боғлиқ муаммоларни тез ҳал қилиш имконини берувчи “Уз-Кадр”, “Аҳоли” ахборот тизимлари яратилган, – дея сўз бошлади Хоразм вилояти хокимлиги ҳузуридаги “Компьютерлаштириш маркази” ДУК директор ўринбосари Худойберган Эржонов. – Вилоят ҳокимлигининг 2008 йил октябрь ойидан расмий ишга туширилган веб-сайтида воҳадаги янгиликлар ва хабарлар тўғрисида маълумотлар ёритиб борилмоқда.

Вилоятда идоралараро маълумот алмашиниш “Э-ХАТ” ҳимояланган электрон почта тизими орқали амалга ошириб келинмоқда. 2016 йилнинг бошида ушбу почта тизимдан фойдаланувчилар сони 120 тани ташкил этган бўлса, йил якунига келиб фойдаланувчилар сони 200 тадан ошди. Бу борадаги ишлар изчиллик билан давом этмоқда. – Бундан ташқари, вилоятда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, ТАТУ Урганч филиали профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ходимларнинг “Компьютер саводхонлиги” курсларида малакасини ошириш ишлари йўлга қўйилган.

Хоразм вилоятида тадбиқ қилинган ахборот тизимларини барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида вилоят компьютерлаштириш маркази ходимлари шаҳар ва туманларда 100 дан ортиқ ўқув ва амалий семинарлар ўтказдилар. Бунинг натижаси ўлароқ, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш самарадорлигининг рейтингли натижалари бўйича вилоят 2016 йилнинг якуни бўйича 96.14 балл тўплаб республикадаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ичида 1-ўринни эгаллади.

Янги авлод мутахассислари

Хоразм вилоятида АКТ соҳаси учун олий маълумотли кадрлар етиштириб берувчи асосий ўқув муассаса – Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиалидир. Филиал раҳбари университетда ўқув жараёни ҳақида маълумот бера туриб, ўз талабалари учун ўтказилиб турадиган кўргазма ва танловлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтдилар.

Университетимиз талабаларини соҳамизга бўлган қизиқишларини янада орттириш, иқтидорли талабаларни танлаш, уларни билимларини ошириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида мунтазам равишда танловлар ўтказилиб турилади, – дейди Урганч филиали директори Умид Хайитметов. – Охирги ўқув йили давомида Компьютер инжиниринги факультети талабаларидан бири Йўлдош Султоновнинг “Беруний” номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат стипендиясига сазовор бўлганини, ва шу йилнинг ўзидаёқ Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг махсус стипендиясига эришганлигини алоҳида таъкидлаш мумкин. Бундан ташқари, ТАТУ Урганч филиалида соҳа корхоналари ҳомийлигида лаборатория хоналари ташкил қилинмоқда.  Улардан бири – Радио ва телевидение узатиш маркази ҳомийлигида “Телеузатиш” лаборатория хонасидир. Ушбу хонада 12 каналли рақамли телевидение сигналларни узатиш, қабул қилиш ва уларни таҳрир қилиш учун мўлжалланган қурилмалар мавжуд.

Режалар

Вилоятда кенг полосали хизматларни тақдим этиш имкониятини  кенгайтириш мақсадида жами 144,9 км оптик толали алоқа линияларини қуриш, бундан ташқари, кенг полосали тармоқларни 6 816 портга кенгайтириш бўйича жами 60 та MSAN қурилмаларни ўрнатиш режалаштирилган.

Рақамли телевидение тармоғини ривожлантириш бўйича вилоятнинг Саримой аҳоли яшаш пунктида 1 та кам қувватли рақамли телеузаткич ўрнатиб ишга тушириш ва вилоятда аҳолини рақамли телевидение қамров даражасини 100 фоизга етказиш режалаштирилган.

Шунингдек, жорий йилда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси, ТАТУ Урганч филиали ва “Компьютерлаштириш маркази” ДУК, вилоятдаги олий ўқув юртлари, Халқ таълими бошқармаси, Ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси “Ёш дастурчилар – 2017” ва “Энг яхши веб сайт”  кўрик танловларини ташкил этиш белгиланган.

ТАТУ Урганч филиали қошидаги “Электрон ҳукумат” ўқув марказида вилоятдаги давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларини замонавий АКТ, шу жумладан, “Электрон ҳукумат”, “Ахборот хавфсизлиги” ва бошқа турдош ўқув курсларида 2586 нафар ходимни  ўқитиш режалаштирилган.

Хоразм вилояти ҳокимлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда ўрта махсус касб-ҳунар таълими марказлари ҳудудий бошқармалари билан Республика ҳудудларида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг компьютер саводхонлигини ошириш ва уларга давлат электрон хизматларидан фойдаланишни ўргатиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш кўзда тутилган.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ