11 октябрь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида IBM компаниясининг МДҲ мамлакатларида бизнесни ривожлантириш бўйича минтақавий директори билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда рақамли технологияларга ўтиш, иқтисодий соҳалар, шунингдек таълим, тиббиёт, телекоммуникация ва бошқа соҳаларга IBMнинг инновацион ечимларини жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 18-20 сентябрь кунлари АҚШга уюштирган давлат ташрифи мобайнида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги делегацияси давлат раҳбари топшириғи билан Нью-Йорк шаҳрида жойлашган IBM Watson марказида бўлиб, компания фаолиятининг йўналишлари билан яқиндан танишди. Унга кўра давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда рақамли технологияларни Ўзбекистонда татбиқ қилишда ҳамкорлик қилишга мўлжалланган англашув меморандуми имзоланди.
Вазирликда ўтказилган учрашувда IBM вакиллари томонидан сунъий онг соҳасидаги ишланмалари ҳам тақдим қилинди. Муҳокамалар якунлари бўйича истиқболда лойиҳаларни амалга ошириш келишиб олинди.