Ёшлар иттифоқи аъзолари мобил алоқадан деярли бепул фойдаланишлари мумкин

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси, айниқса, ёшлар мобил алоқадан фаол фойдаланмоқда. Ёшларга қулайликлар яратиш мақсадидан бутун республикамиз бўйлаб хизматлар тақдим этувчи UZMOBILE миллий мобил алоқа оператори Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи билан ҳамкорликда махсус ижтимоий лойиҳа — янги «Ёшлар» тариф режасини тақдим этди.

Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 5-июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросининг таъминланишига кенг имкониятлар беради.

Ижтимоий йўналтирилган бундай лойиҳа Ўзбекистонда биринчиси ҳисобланади. Лойиҳанинг асосий мақсади – ёшларни бирлаштириш ва уларнинг ахборот-коммуникация технологияларининг энг сўнгги ютуқларидан фойдаланиши учун имкониятларни кенгайтириш.

Мазкур тариф режасининг жорий этилишини миллионлаб ёшларга сифатли ва хамёнбоп нархдаги алоқадан фойдаланиш имконини берди. Тариф режаси ичида мулоқот қилиш мутлақо бепул. Унга уланишнинг ягона шарти – Ёшлар иттифоқига аъзолик ҳисобланади.

Мамлакатимизнинг Ёшлар иттифоқига аъзо фаол ёш йигит ва қизлари эндиликда суҳбат нархидан хавотирланмай, ўзаро чексиз мулоқот қила оладилар.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги мамлакатнинг бошқа операторларининг ҳам ёшларимизнинг мобил алоқа хизматларидан имтиёзли фойдаланишга имконият берувчи ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.