Фестиваль-танлов ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, техник воситалар ва компьютер технологиялари ишини ўрганиш ҳамда техник ижодкорликни ривожлантириш мақсадида илк маротаба ўтказилди.
Фестивалда «автомодель», «авиа-ракетамодель», «кемасозлик», «робототехника», «электрон ўйинчоқлар», «радиотехника», «электроника ва алоқа», «кино-видео ҳаваскорлик» йўналишларида яратилган ишланмалар кўриб чиқилди. Танловнинг ҳудудий босқичларида жами 7000 нафарга яқин ўқувчилар 10 мингдан ортиқ ижодий ишлари билан қатнашишди.
Жорий йилнинг 30 октябрь куни пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да танловнинг республика босқичи ўтказилиб, унда ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган 105 нафар ўқувчилар иштирок этди.
Республика босқичида тақдим этилган ижодий ишлар Тошкент шаҳридаги Турин политехника, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника ҳамда Тошкент Ахборот технологиялари университетларининг мутахассиcлари томонидан баҳоланди.
“Робототехника” йўналишида биринчи ўринни Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги 23-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Меҳриддин Раҳматуллаев эгаллади. “Электрон ўйинчоқлар” йўналишида ғолибликни Наманган вилояти Наманган шаҳри 79-мактаб, 5-синф ўқувчиси Хасанбой Жамолиддинов қўлга киритди.
Танлов ғолиблари вазирликнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.