Бугун Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида қўмита ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ўртасида «Тошкент ахборот технологиялари университетининг ўқув медиа-маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ноталар алмашинуви ва грант келишуви имзоланди.
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан беғараз ёрдам сифатида тақдим қилинаётган мазкур грант миқдори 187,9 млн япон иенаси (1,6 млн. АҚШ доллар)ни ташкил қилади.
Лойиҳа доирасида Тошкент ахборот технологиялари университетида АКТ соҳасининг ривожланиш тенденцияларини ва жаҳоннинг бу борада пешқадам таълим муассасалари тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, телерадио соҳасининг бўлажак мутахассислари учун компьютер, мультимедиа ускуналари билан таъминланган замонавий илмий-тадқиқот ҳамда ўқув лабораторияси қурилади.
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши «Кино ва теле операторлик», «Махсус ёритиш технологияси» йўналишларида таҳсил олаётган ёшларга назарий билимларилан амалда фойдаланиш имконини беради, интерактив ўқув муҳитининг яратилишига хизмат қилади.