Ҳозирда илм-фан ва технология тараққиёти шу қадар тезлашиб кетдики, унинг таъсири турмуш тарзимизда рўй бераётган ўзгаришларда яққол намоён бўлади. Илгари газета, радио ёхуд телевизор орқали берилган ахборот бугун бизга етарли бўлмай қолди. Компьютер, интернет, смартфонларнинг ҳаётимизга кириб келиши дунёқараш ва фикрлашимизни ҳам тубдан ўзгартириб юборди. Аввал мавжуд бўлмаган янги соҳа мутахассислари: ITчилар, хакерлар, дастурчилар каби ўз ишининг усталари пайдо бўлди. Етакчи давлатлар ҳам айнан ахборот-технологиялари асрида янгидан янги ихтиролар, компьютер ва мобил дастурлар яратиш орқали виртуал оламда ўз ўрнини топиб улгуришган.
Бизнинг ёшларимиз орасида ҳам технологиялар “тили”ни тушунадиган билимдонлар сони тобора ортиб боряпти. Эҳтимол, улар яратаётган, IOS, андроид каби тизимларда ишловчи (луғатлар, мини-ўйинлар ва ҳ.к.) дастурлар ҳақида эшитган, улардан фойдаланиб кўргандирсиз?
– Энди навбат нисбатан мураккаб дастурлар яратишга келди, – дейди Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси Элбек Сатторов. – Ёшлигимда кўпчилик қатори компьютер ўйинларини ўйнаб кўрганман. Ўшанда миллий қаҳрамонларимиз тимсоли акс этган ўзбек тилидаги ўйинлар ҳам бўлишини орзу қилардим. Ана шу орзуим мени ТАТУга етаклаб келди. Бу ерда компьютер билан боғлиқ билимларимни янада мустаҳкамлаб, билмаганларимни ўрганиш имконига эга бўлдим. Бу менга мақсадимни амалга оширишимда катта ёрдам берди.
Элбек Сатторов, Жамшид Эшназаров ва Адиз Амоновдан иборат ТАТУ талабалари жамоаси ўзлари яратган видеоўйин ҳақида биз билан ўртоқлашишди.
– Биз ҳозирда Ўзбекистон тарихи, миллий қадриятларимизга асосланган компь-ютер ўйинлари яратиш устида иш олиб бормоқдамиз. Улардан бирини “Буюк йўл” деб атаганмиз. Айни пайтда мазкур ўйиннинг демо талқинини якунлаш арафасида турибмиз.
Ўйин қайси тизимда ишлайди, қурилмага қўйиладиган талаблар қандай?
– Бу ўйин дастури Windows 7 ва ундан юқори бўлган тизимларда ишлайди. Уни ўрнатиш учун қурилмадан 1 ГБ видеохотира, 2 ГБ оператив хотира талаб қилинади. Қаттиқ дискда бор йўғи 1 ГБ жойни эгаллайди. Дастлаб унга 3 та: ўзбек, рус ва инглиз тилларини киритишни режа қилганмиз. Кейинчалик талабдан келиб чиқиб бошқа тилларни ҳам қўшиш ниятидамиз.
Ўйинни яратишда кайси дастурлардан фойдаланяпсизлар?
– Умуман олганда, видеоўйинлар яратиш учун ишлатиладиган кўплаб дастурлар бор. Битта ўйинни яратиш учун бир неча дастурий таъминот керак бўлади. Масалан, моделлаштириш учун “3D Studio Max”, ўйин дастурини яратиш учун “Unreal Engine”, бундан ташқари саҳналаштириш, ҳар-хил эффектлар қўшиш ва шу каби бошқа амалларни бажариш учун алоҳида дастурлардан фойдаланамиз. Биз яратган ўйин “эпик” жанрда бўлиб, “Unreal Engine” дастури ҳозирда бутун дунёда мазкур жанр учун энг мақбули сифатида эътироф этилади. Дастлабки даврда ундан бепул фойдаланиш мумкин. Молиявий етишмовчиликларимиз бўлгани ҳолда, бу бизга анча асқотади.
Жамшид, сиз ўйин ҳақида нималар дея оласиз? Жамоадаги вазифангиз нималардан иборат?
– Мен ҳам Элбекка ўхшаб ёшлигимдан видеоўйинларга қизиқардим. Тарихий қахрамонларимиз сиймоси гавдаланган ўйнлар бўлишини, ўлар орқали юртимизнинг бой тарихи, маданияти бўтун дунёга таралишини хоҳлардим. Айниқса, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур каби жаҳонгирлар олиб борган жангу-жадаллар, бунёдкорлик лавҳаларинин ўзида акс эттирган, ёшларимиз учун тарбиявий аҳамиятга эга бўлган видеоўйинлар яратиш истаги менга тинчлик бермасди. Ўқишга киргач, Элбек билан танишдим. Иккимиз ҳам бир мақсадни кўзлаганимиз учун фикримиз бир жойдан чиқди. Бир неча йил мобайнида маслаҳатлашиб, режалар тузиб бордик. Бизга нималар керак бўлиши, нималар қилишимиз ҳақида ўйлардик. Бир-биримиздан билмаганларимизни ўргандик.
Бошланишига имкониятимиздан келиб чиққан ҳолда тарихий бир ўйин яратишга киришдик. Ўйин сюжети тўқима бўлиб, унга кўра, бош қахрамон одамларни сеҳрлаб, уларнинг руҳидан ёвуз мақсадда фойдаланаётган сеҳргарга қарши кураш олиб боради. Уни енгиш учун бир неча ўнлаб босқичлардан ўтиш керак бўлади.
Жамоадаги вазифамга келадиган бўлсак, асосан саҳналаштириш ва моделлаштириш ишлари билан шуғулланаман. Бу жуда нозик жараён бўлиб, анчагина сабр-тоқат ва меҳнатни талаб қилади. Анимацияларни яратиш, қахрамонларнинг ҳар бир ҳаракатини алоҳида ёзиб чиқиш ниҳоятда мураккаб. Биргина қўл ҳаракатининг дастлабки ва сўнгги ҳолатини тайёрлаш учун соатлаб компьютер қаршисида ўтиришга тўғри келади. Жамоадошим айтганидек, моделлаштириш учун “3D Studio Max” дастуридан фойдаланаман. Аммо техник етишмовчиликлар туфайли қўшимча дастурий таъминотлардан ҳам фойдаланишга тўғри келади. Бу эса, янада кўпроқ вақтни талаб қилади
Биргина ўйинни яратишга шунча дастур керак бўлар экан, уларни ишлатиш-чи? Бу қийин эмасми?
– Албатта, ўзига яраша қийинчиликлари бор. Масалан, ишлатилаётган дастурларнинг аксариятидан бизда ҳеч ким фойдаланмайди. Натажада уларни мустақил ўрганишимизга тўғри келади. Интернет орқали видеоқўлланмалар, онлайн дарс-лар кўмагида ҳафталаб, баъзида ойлаб вақт сарфлаб ўрганамиз. Бироқ буларни етарли деб бўлмайди. Сабаби, дастур яратувчи компанияларнинг кўпчилиги ўз сирларини ошкор қилишни исташмайди. Шунинг учун, малакали IT кадрлар тайёрлашда хориждаги тегишли олий ўқув юртлари билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилса, мақсадга мувофик бўларди деб ўйлайман.
Элбек, айтиб ўтилган техник муаммоларга қарамасдан бир амаллаб бўлса-да ишнинг уддасидан чиқмоқдасиз. Сизлар учун зарур бўлган техника нималардан иборат?
– Ҳақиқатдан ҳам жамоадошим айтганидек, тез-тез қийинчиликларга учраб турамиз. Ана шундай ҳолатларда устозимиз Миркомил Миробидов ўз маслаҳатлари билан бизга тўғри йўналиш бериб боради. Бироқ ўйин яратишда шундай амаллар борки, уларни бажариш учун керакли техника бизда йўқ. Масалан, “Motion Capture” деб аталувчи махсус тизим жамланмаси мавжуд. Ўйиндаги ҳар бир қаҳрамоннинг юз ифодаси, ҳаракатлари ва бошқаларни тайёрлаш учун актёрларга махсус ўлчагичлар ўрнатилган либосни кийиб ҳаракатланишнинг ўзи етарли. Павильон бўйлаб ўрнатилган камералар уларнинг ҳаракатини ўқиб олади ва компьютер дастурига узатади. Карабсизки, анимация тайёр. Аммо бу каби курилмалар ниҳоятда қиммат. Бизда бундай имконият йўқлиги сабаб, анимацияларни тайёрлаш жараёни янада “майдалашиб”, талайгина вақтимизни олади. Ҳозирда бир неча ташкилотар ҳомийлик қилиш истагида. Улар билан келишувга эриша олсак, ўйлайманки, ишимиз янада осонлашади.
Адиз, сиз ҳам ўйин ҳақида гапириб берсангиз. Тарихий мавзудаги ўйинни яратишда нималарга эътибор қаратяпсизлар?
– Сўнгги вақтларда Жамшидга юклатилган вазифа янада оғирлашиб кетганди. Элбек эса, ўйиннинг дастурий қисми билан шуғулланади. Шу сабаб, мени ҳам ўз сафларига таклиф қилишди. Менда ҳам бунга қизиқиш борлиги учун узоқ ўйлаб ўтирмай рози бўлдим. Ҳозирда Жамшид билан биргаликда эффект бериш, материаллаштириш, моделлаштириш ишларини олиб боряпмиз. Айтганингиздек, мавзунинг тарихийлиги бизга юклатилган масъулиятни янада оширади. Тарихий обидалар, уйлар, кўчалар, кўприк ва бинолардан тортиб от-араваларгача мукаммал тасвирлаш учун кўп китобларни варақлаб чиқдик. Уларнинг расмларини кайта-қайта кўздан кечирдик. Аммо қилинган меҳнатлар самарасини қўрганимиз сари, чарчоқлар унутилиб, иштиёқимиз ошиб боряпти. Демо версияни имкон қадар тезроқ якунлаш истагидамиз.
Кўпчилик ота-оналар компьютер ўйинларининг фарзандлари тарбиясига, дарсларни ўзлаштиришига салбий таъсир қилишидан норози бўлишади. Бундай вазиятда сизлар яратган ўйиннинг ўз истеъмолчиларини топа олишига қанчалик умид боғлаяпсиз?
– Тўғри, фарзанди тарбиясига бефарқ бўлмаган ҳар қандай ота-она бўнга қарши чиқиши табиий ҳол. Бунинг сабаби, ҳозирги компьютер ўйинлариниг аксарияти жанговар, қонли саҳналар билан тўлиб кетган. Ғоявий жиҳатдан менталитетимизга зид бўлганлари ҳам бор. Аммо биз бу мақсаддан йироқмиз. Техника тараққиёти даврида қанчалик уринманг, ёшларни бу жараёндан бутунлай айириб олишнинг имкони йўқ. Ота-оналар қўйган чекловларга қарамай болалар барибир, имкон бўлди дегунча компьютер ёки смартфонга ёпишишади.
Модомики шундай экан, уларга миллий қадриятларимиз акс этган, инсонпарварлик ғоялари сингдирилган, уларни ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшадиган видеоўйинларни таклиф қилиш керак деб ўйлаймиз. Бунда болаларнинг ёшини ҳам ҳисобга олганмиз, албатта. Масалан, биз яратган ўйинда қонли жанг саҳналари йўқ. Бундай саҳналарни неча ёшдан бошлаб кўриш мумкинлиги, унинг болалар руҳиятига қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида мутахассис-психологлар билан доимий равишда маслаҳатлашиб борамиз. Бундан ташқари, миллий ўйинлар яратиш орқали бой тарихимизни бутун дунёга намойиш қилиш имконига эга бўламиз.
Ижтимоий тармоқларда одамлар фикрини билиш учун ўйиндан айрим лавҳаларни тақдим қилгандик. Уларнинг аксарияти бунга ижобий муносабат билдиришмоқдалар. Ҳатто, фойдаланувчилардан бири “Энди Қўқон араваси борлигини бутун дунё билади”, дея ўз қувончини яшириб ўтирмади. Бундай илиқ муносабатлар ўзимизга бўлган ишончни янада орттирди.