Андижон вилояти: асосий мақсад – хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш

Ахборот-коммуникация технологиялари эндиликда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча жабҳаларига кенг жорий этилмоқда. Бу ҳол эришилаётган муваффақиятларнинг муҳим омилига айланаётир, десак муболаға бўлмас. Қайси соҳани олмайлик, ахборот-коммуникация технологиялари қанчалик кенг қўлланилаётган бўлса, у ерда қўлга киритилаётган ютуқлар салмоғи ҳам ортмоқда. Зеро, бундай кўрсаткичлар замон билан ҳамнафас қадам ташланаётганлигидан яққол далолатдир. Бу борада Андижон вилоятида нималар қилинаётир? Суҳбатдошимиз, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Андижон вилояти Ҳудудий бошқармаси бошлиғи Лазизбек Усмоновга берган биринчи саволимиз шу ҳақида бўлди.

– Келинг, буни рақамлар мисолида кўрсатишга ҳаракат қилайлик, – дейди у киши. – Ўзбекистон Республикасининг миллий ахборот-коммуникация тизимини ивожлантиришнинг комплекс дастурига асосан FTTx лойиҳаси бўйича вилоятимизда 2013-2016 йиллар давомида жами 397,4 км. оптик толали алоқа линияси тортилди. 2017 йилнинг тўққиз ойи давомида бу кўрсаткич 151,4 км.ни ташкил этди.

Ана шу вақт давомида 4271 та интернет фойдаланучилари уланди. 2017 йил охиригача фойдаланувчилар сонини 19700 нафарга етказилиши режалаштирилди.

Магистрал тармоқларни ўтказувчанлик қобилиятини кучайтириш мақсадида, маълумотлар узатиш тезлигини туман марказлари ўртасида 1 Гбит/с дан 10 Гбит/с га, вилоят марказлари орасида эса 10Гбит/с дан 40Гбит/с га ошириш мўлжалланган. Ҳозирги кунда қурилмалар олиб келиниб, монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Андижон вилоятида умумий сиғими 103,9 минг рақамга тенг 73 та телефон станциялари 100 фоиз рақамлаштирилган бўлиб, улар орқали 60 минг фойдаланувчиларга замонавий алоқа хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Вилоят аҳолисига Интернет хизматларини кўрсатувчи кенг полосали қурилмаларнинг сиғими 35,8 минг портга етказилди. Улар орқали 18,5 минг абонентга хизмат кўрсатилмоқда. IP-TV хизматидан фойдаланувчилар сони 3583 тани ташкил қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 12 февралдаги “Мобил алоқа миллий оператори фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ 2015 йилнинг 1 декабрь кунидан Андижон шаҳрида 9 та LTE технологияси асосидаги ишловчи база станциялари қурилди ва GSM тармоғи ишга туширилди.

“Ўзмобайл” филиали томонидан 2017 йил 9 ойи давомида вилоятда 32 та база станциялари ўрнатилди. “Лицензия” ахборот тизими комплексига шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан тақдим этиладиган лицензиялар реестри киритилди.

Республика ҳудудларида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг компьютер саводхонлигини ошириш мақсадида 2017 йилнинг 4 апрель куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ҳамда

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетлари томонидан қўшма қарор имзоланган. Ушбу қарорга асосан Андижон вилоятидаги 18 та касб-ҳунар коллежларидан 45 нафар ўқитувчилар ТАТУнинг Фарғона филиалида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига компьютер саводхонлиги бўйича ўқув курсларини ўтказилиши учун тренер сифатида таҳсил олиб келдилар, ҳозирда ўқув курсларини ташкиллаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунга келиб вилоятдаги касб-ҳунар коллежларининг ўқитувчи ходимлари томонидан ўқув курс тренинглари тайёрланди. 14-15 август кунида Андижон шаҳрининг 2 та коллежида жами 110 нафар фуқаро ва тадбиркорларга ўқув курслари ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатлар таснифи бўйича 2017 йил 9 ой давомида 178 та, Вазирнинг виртуал қабулхонасига 48 та мурожаат келиб тушган ва барчаси муддатида ёпилган.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” дастури доирасида Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан тасдиқланган сайёр қабул режасига мувофиқ 2017 йилнинг 9 ойи давомида Асака, Марҳамат, Бўз, Хўжаобод, Андижон тумани, Андижон шаҳри, Қўрғонтепа ва Пахтаобод туманларида сайёр қабуллар ташкил этилиб, аҳолининг алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация, интернет, кабел телевидениеси йўналишлардаги муаммоли масалалари бўйича шикоятлари ўрнатилган тартибда ҳал этиб келинмоқда.

Вилоятда 2017 йилда АКТни жорий этиш ва ривожлантириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларнинг манзилли дастурига умумий қиймати 20 764,8 млн. сўмга тенг бўлган 32 та лойиҳалар киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, ҳисобот даврида ушбу лойиҳаларнинг 20 таси амалга оширилган бўлиб, дастурда белгиланган маблағларнинг 5 379,78 млн. сўм ёки 25 фоизи ўзлаштирилган. Жумладан, жорий йил 3 чорагида режа бўйича 7 та лойиҳадан барчаси бажарилди.

Портал орқали 2017 йил 9 ойи давомида вилоят ҳокимлигига келиб тушган мурожаатлар сони жами 2583 та эди. Мурожаатчиларнинг жавоблардан қониққанлик даражаси ўртача 4,82 баллни ташкил этган.

Вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайти орқали бугунги кунда аҳоли ва тадбиркорларга 17 та базавий ва 13 та қўшимча интерактив хизматлар кўрсатилмоқда. Ушбу веб-сайт орқали 17 турдаги давлат хизматлари икки томонлама, маълумот тариқасида 13 турдаги хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилди. Ягона давлат интерактив хизматлар портали орқали кўрсатилаётган хизматларнинг 14 тури вилоят расмий веб-сайтида маълумот ҳамда фойдаланиш имконияти билан жорий этилди.

“Очиқ маълумотлар портали” ҳамда давлат хизматларининг Ягона реестрига маълумотларнинг киритилиши ҳолати ҳақида тўхталсангиз…

– 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш

комплекс дастури амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг қарорига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан уларнинг расмий веб-сайтлари ва Ўзбекистон Республикасининг “Очиқ маълумотлар портали”да мажбурий жойлаштирилиши лозим бўлган 30 турдаги маълумотлар тўпламлари рўйхати тасдиқланган. 2017 йилнинг 9 ойи давомида Очиқ маълумотлар порталида

Андижон вилоятининг 60 дан ортиқ очиқ маълумотлари жойлаштирилди. Ҳозирги кунда унда 80 та очиқ маълумотлар мавжуд.

Телерадиоэшиттириш тизими ахборот соҳасининг муҳим ва тез ривожланаётган тармоқларидан бири. У жамиятни демократлаштиришда муҳим ўрин тутади. Айни дамларда вилоятда бу борада қандай ишлар амалга оширилаётир?

– Рақамли телевидение… Сўнгги пайтларда ушбу жумла тез-тез тилга олинмоқда ва бу ҳақда кўп гапирилмоқда. Бугунги кунда замонавий телевидение рақамли телевидение деб аталади. Ҳозирги замон рақамли телевидениясининг имкониятлари жуда кенг. Рақамли телевидение ахборот узатишнинг рақамли усулларидан фойдаланган ҳолда телевизион сигналларни тарқатиш тизимидир.

Рақамли телевидениенинг бошқаларидан фарқи, бу аввало тасвир сифатида кўзга яққол ташланади. Илгари уйдаги телевизор жуда кам ҳолатларда аъло даражада кўрсатарди. Экрандаги тасвирлар жимирлашиб, турли ташқи таъсирлар кузатиларди ва тасвир тез-тез йўқолиб қолар эди. Янги шаклдаги телевидениеда эса ташқи таъсирлар сезиларли даражада камайиб, тасвирнинг равшанлигига эришилган. Буни товуш сифатида ҳам кўриш мумкин.

Бундан ташқари, рақамли телевидениенинг жорий қилиниши бутун республика бўйлаб янада кўпроқ теледастурларни намойиш этиш имконини беради. Аналогли ТВда битта узаткич битта дастурни етказиб берарди. Табиийки, 12 та дастурни узатиш учун 12 та узаткич ўрнатиш керак бўларди. Бу эса радиотўлқин каналлари етишмаслиги сабабли имконсиз эди. Қолаверса, катта электр энергия сафини ва катта ҳаражатларни талаб қиларди. Рақамли телевидениянинг DVB-T2 стандартида битта узаткич орқали узатиладиган телеканаллар сонини 12-18 гача етказиш имконини беради.

Теледастурларни рақамли форматда узатиш турли давлатларда муваффақиятли синовдан ўтказилган ва жорий қилинган. Мисол учун, Беларусда 2016 йилда рақамли телевидениега тўлиқ ўтилди. Аналогли сигнал узатиш тўхтатилди. Қозоғистонда эса 2012 йилда бир қатор шаҳарларда рақамли эфир йўлга қўйилди. Литвада бу даврда DVB-T янги рақамли стандарти жорий қилинган ва ўшандаёқ аналогли эфирдан воз кечилган. Россия эса 2018 йилда аналогли эфир узатишни тўлиқ тўхтатади. Бизнинг мутахассисларимиз ҳам Ўзбекистоннинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиб чиқишди.

Мамлакатимизда рақамли телевидениени жорий этиш борасидаги ишлар 2007 йилдан бошлаган эди. Тошкент ва Бухоро вилоятларида ер усти рақамли телевидение тажриба зонасининг ташкил этилиши янги турдаги телекўрсатувларга босқичма-босқич ўтишни бошлаб берди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли телеэшиттиришларга техник ва технологик жиҳатдан ўтиш давлат дастури тўғрисидаги” ва 2014 йил 3 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида ер усти рақамли телевидениени ривожлантириш учун Япония халқаро ҳамкорлик банки ва Япония тижорат банкларининг имтиёзли кредитини жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорлари асосида Республикамизда рақамли телевидениега ўтиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг алоҳида бандида рақамли телевидение учун техник қурилмалар ва асбоб-ускуналар ўрнатиш белгиланган.

Лойиҳа асосида бугунги кунда Андижон вилоятида жойлашган Андижон радио телевизион станциясига Германия Rohde&Schwarz компаниясининг ва Япония НЕС компаниясининг юқори қувватли рақамли узаткич қурилмалари ўрнатилиб ишга туширилди.

Андижон вилоятининг бориш қийин бўлган тоғ орти ҳудудларида жойлашган аҳолини рақамли телевидение сигналлари билан таъминлаш мақсадида 8 та кам қувватли станциялар ташкил этиш режалаштирилган эди. Бугунги кунда ана шу режа асосида 6 та кам қувватли станцияларга рақамли узаткич қурилмалари ўрнатилди ва синов тариқасида ишга туширилди. Йил якунига қадар қолган 2 та станцияда ҳам бундай тадбирлар амалга оширилади.

2017 йилнинг 17 июлида Вазирлар Маҳкамасининг “Рақамли телеэшиттиришларга ўтиш ва ер усти аналог телеэшиттиришларни тўхтатишга доир амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори чиқди. 2017 йил якунига қадар Республиканинг барча ҳудудларга 90 комплект юқори қувватли ва 404 комплект кам қувватли рақамли телеэшиттириш ўтказгичларни ўрнатиш ва фойдаланишга топшириш натижасида Республиканинг барча аҳоли пунктлари рақамли телеэшиттиришлар билан қамраб олиниши белгиланган. Ушбу қарорга мувофиқ Андижон вилоятида 2018 йил 15 январда юқори қувватли аналог узаткич қурилмалари (8 дона) 2018 йил июль ойида эса кам қувватли аналог узаткич қурилмалари (5 дона) эфирдан узилиши белгиланган.

Бир сўз билан айтганда, тизимдаги ишлар кўлами кенг. Кутилган натижага эришиш катта меҳнатни талаб этади. Рақамли телерадиоэшиттириш тармоғи ривожланиш пировардида жамиятда сўз ва ахборот эркинлиги кучайишига хизмат қилади.