Глобаллашув жараёнида миллий контентнинг аҳамияти

Бугунги дунё миқёси кундан-кунга кенгайиб бораётган оламшумул ўзгаришлар даврида яшамоқда. Бу ўтган асрда барча қитъаларни қамраб олган илмий-техник юксалишнинг натижасидир. Иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда эришилган ва глобаллашув номи остида танилган ютуқлар айнан шу илмий-техник юксалиш билан боғлиқдир. Бироқ, ҳаётда ҳар бир нарсанинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари бўлганидек, глобаллашув ҳам бундан мустасно эмас.

Хусусан, глобаллашув бутун дунёга шиддат билан ўз ҳукмини ўтказишга уринаётган бир пайтда, миллатимизнинг қадриятлари, маънавияти, урф-одатлари, анъаналари, тарихи ва таъбир жоиз бўлса, ўзлиги кучли синовдан ўтказилади. Бу мерос бизга насл-насабининг тайини бўлмаган аллакимлардан совға қилинмаган ва ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаганки, уни осонликча бой бериб қўйсак. Ушбу бебаҳо бойликка эришиш, уни асраб-авайлаб авлоддан авлодга етказиш йўлида ҳалқимиз томонидан озмунча ишлар қилинмаган, ота-боболаримизнинг дарёлаб қонлари тўкилиб, яна қанчадан-қанча қурбонлар бўлган. Шундай экан, ушбу меросни биз ҳам ўз навбатида, имкон қадар қойилмақом қилиб нафақат сақлаб қолишимиз, балки, янада бойитиб, сайқаллаштириб, бекаму-кўст эгасига, яъни биздан кейинги авлодга топширишимиз зарур. Айни мана шундай қалтис шароитда миллий контентни шакллантириш, уни доимий равишда ривожлантириб, мустаҳкамлаб бориш масаласи долзарб ҳисобланади.

МИЛЛИЙ КОНТЕНТ – МИЛЛИЙ ЎЗЛИГИМИЗДИР

Биринчидан, миллий контентимизга эътиборсиз бўлсак, миллий ахборот маконимизга ҳорижий ОАВлар ва улардаги ахборотларнинг кириб келишига янада кенгроқ имконият яратиб берган бўламиз. Иккинчидан, миллий ахборот маконимиз четдан кириб келган ахборот билан тўлиб-тошар экан, бу ҳолат миллий контентни ривожланишини тўхтаб қолишига олиб келади, бу эса ўз навбатида миллий контентнинг йўқолиб кетишига сабаб бўлади. Миллий контентимизнинг йўқолиши эса бора-бора миллий ўзлигимизни йўқолишига олиб келиши турган гап.

КОНТЕНТДАГИ НУҚСОНЛАР

Ҳозирда мавжуд бўлган контент ҳақида сўз юритадиган бўлсак, бу нафақат Интернет-контент, балки ОАВнинг контенти бўлсин, уларнинг орасида миллийликни тараннум этувчилари бармоқ билан санагулик бўлиб турибди. Шу билан бирга, улар сифат жиҳатидан устидан анча иш олиб боришни талаб қиладиган, мазмун жиҳатидан эса савияси ўта паст ва энг ачинарлиси, уларнинг асосий қисми хорижий ресурсларда жойлаштирилган манбалардан плагиат йўли билан олинган маълумотлар эканлиги инсонни қайғуришга мажбур қилади. Бунга айни кунларда кўп учраётган мисол сифатида оммавий ахборот воситалари ва уларнинг электрон версияларидаги  мақолаларнинг аксарияти, айниқса янгиликларга оид қисми кўр-кўрона тарзда хорижий манбалардан кўчириб олинаётганини келтирса бўлади. Телевизион макондаги мисолларнику санаб чарчайсан киши. Улардан баъзиларини келтирадиган бўлсак, бир томондан миллий йўналишдаги кўрсатувлар ўрнига ғарбона юриш-туриш, кийиниш, ўзини тутиш ва миллатимизга ёт бўлган одатларни тарғибот қилувчи бачкана ва тутуриқсиз кўрсатувлар кўпайиб бораётган бўлса, иккинчи томондан халқимизни, айниқса ёшларимизни беадаблик ва ахлоқсизлик кўчасига етакловчи хориж сериаллари ўз исканжасига олиб бормоқда.

Шу ўринда савол туғилади, наҳотки ижод қилиб, керак бўлса изланишлар ўтказиб, сифатли, долзарб ва жозибадорлиги билан ўз фойдаланувчиларини жалб қиладиган контент яратиш шунчалик мураккаб бўлса. Йўқ, бу мураккаб иш эмас, чунки буларни амалга ошириш учун бизда барча шарт-шароит ва имкониятлар бор. Мисол келтирадиган бўлсак, Ал-Хоразмий бобомизнинг алгебра фанига асос солганлиги, «Алгебра» сўзининг ўзи эса унинг «Ал-китоб ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр ва ал-муқобала» номли рисоласидан олинганлиги ҳақидаги маълумотларни миллий контентимиз орқали халқимизга етказиш мумкин. Яна бир фан офтоби бўлган аллома бобомиз Абу Райҳон Берунийнинг «Маъсуд қонуни» ва «Ат-тақвим» асарлари узоқ вақтлар уларнинг ўқув даргоҳларида асосий қўлланма бўлганлигини, “мадади Сино” – яъни медицина фанининг отаси бўлмиш Ибн Синонинг «Китоб ал-қонун фит-тибб» номли тиббиётга оид қомусий асари ҳозирга қадар барча шифокорлар учун дастурул-амал бўлиб келаётганлиги, ёки фалакиёт илмининг султони Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асарлари ўрганишга, изланишга ва миллий контент орқали ҳалқимизга етказишга арзимайдими?

Бундай бой маданий мерос билан ҳамма ҳам фахрлана олмайди. Бундай маданият, маърифат ҳамда тарихга эга бўлган миллатга ҳеч қайси зарарли оммавиймаданият футур етказа олмаслиги керак. Биз ушбу ахборотларни нафақат ўз миллий контентимизда ёритиб боришимиз, балки хорижий ресурсларда ҳам жойлаштириб бориб, бутун дунёга маълум ва машҳур қилишимиз зарур.

МИЛЛИЙ КОНТЕНТНИ РИВОЖЛАНТИРИШДАГИ МУАММОЛАР

Миллий контентни ривожлантириш мавзусини ўрганар эканмиз, ушбу йўналишдаги муаммоларни ҳам келтириб ўтиш жоиз. Юқорида қайд этиб ўтилган ишларни амалга ошириш учун албатта катта маблағ керак бўлади. Ўзимизни миллий мавзудаги ресурсларни яратиш учун ёки кино ё кўрсатув ишлаб чиқиш учун маблағ етишмаганлиги сабабли чет давлатларникидан кўчириб миллий контентимиз бўшлиқларини тўлдирилиб келингани катта муаммодир. Иккинчи долзарб муаммо – ўша миллий йўналишда ижод қилиб, изланишлар олиб бориб ишлайдиган кадрларнинг етишмаслиги ҳисобланади. Учинчиси – фойдаланувчилар битта ресурсга “ёпишиб” олиб, бундан ташқари яна бошқа сайтлар, газета ва журналлар ёки телеканаллар мавжудлигини  билмишмасдан, улар билан қизиқмасдан, бир эски қолипга жойлашиб олишган.

МИЛЛИЙ КОНТЕНТНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ЗАРУРАТ

Контент авваламбор ундан фойдаланувчи аудитория учун ишлаб чиқилиши зарурлигини тушуниш ва англаш лозим. Маҳсулот фойдаланувчиларининг эҳтиёжларини билиш ва эътиборга олиш муҳим ҳисобланади. Фойдаланувчи ўз миллий ресурсларидан эҳтиёжини қондира олмас экан, миллий контентдан ўзига қизиқ ва керак бўлган ахборотларни топа олмас экан, у бу нарсаларни хорижий ресурслардан қидириши табиий ҳолат. Ўз ўрнида миллий фойдланувчиларимиз, айниқса ёшлар, хорижий ресурслардаги салбий характердаги маълумотлардан озуқалангандан сўнг, ушбу ахборотлар уларнинг дунёқарашига ўзининг таъсирини ўтказа бошлайди. Натижада, келажагимиз деб аталмиш ёшларнинг тарбияси бузилиши, ота-онаси асраб-авайлаб катта қилган фарзандига бўлган орзу умидлари пучга чиқиши мумкин.

Бундай ҳалокатли вазиятларни олдини олиш барчамизни вазифамиз. Дунё бўйлаб рўй бераётган воқеликларни инобатга олган ҳолда, ўз миллий қадриятларимиз, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган урф-одатларимиз, маданий бойлигимиз ва тарихимизни сақлаб қолиб, буларнинг барчасини ўзимиздан кейинги авлодга бут-бутун топшириш чораларини кўришимиз зарур.

Шу буюк вазифани бажаришда миллий контентимизни ўрни беқиёс ҳисобланади. Шу кунларда республикамизда айнан миллий контентни ривожлантиришга доир бўлган қарорнинг қабул қилиниши бежиз эмас. Ҳукуматимиз томонидан юзага келган мазкур вазиятга баҳо берилиб, ўз вақтида тегишли чоралар кўриш мақсадида Вазирлар Маҳқамаси томонидан 2017 йилнинг 14 августида “Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 625-сон қарорининг қабул қилиниши ва ушбу қарор билан 2017-2019 йилларда Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни ривожлантириш бўйича комплекс дастурнинг тасдиқланиши бунинг яққол исботи ҳисобланади. Мазкур дастурда жумладан қуйидагилар белгиланган:

  • миллий контент ва веб-ресурсларни ривожлантиришни рағбатлантириш ва оммалаштириш, уларни ташкилий, моддий-техник ва молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш;
  • Интернетнинг миллий сегментини ғоявий-мазмунан тўлдириш, фойдаланувчиларнинг, энг аввало ёшларнинг замонавий талабларига жавоб берадиган оммабоп ахборот ресурслари, медиа-маҳсулотлари, бадиий, мультипликацион ва ҳужжатли фильмларни яратиш ва ривожлантириш, шунингдек интернет-журналистикани ривожлантириш;
  • Интернетнинг глобал ва миллий сегменти ривожланиш тенденцияларини доимий ўрганиб бориш, миллий контентни ривожлантириш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифларни шакллантириш, давлат-хусусий шерикликни жорий этиш ва тегишли норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва бошқалар.

Шу билан бирга, ушбу қарор билан комплекс дастурни сифатли амалга ошириш учун вазирликлар ва идоралар, шунингдек, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари шахсан масъул этиб белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори билан миллий контентни ривожлантириш учун амалга оширилиши лозим бўлган барча ишларимиз очиқ-ойдин ва батафсил ёритиб берилган. Ушбу қарорда белгиланган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириб борсак, юқорида келтирилган муаммолар ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетаверади. Ҳаммаси бўлмасада, анчаси ўз ечимини топади, фақат ишлашимиз керак холос. Ишлашга мажбурмиз, дунёда рўй бераётган жараёнларга четдан туриб томошабин ёки баҳо берувчи арбитрга ўхшаб индамай тура олмаймиз.