Интернетдан самарали фойдаланиш – давр талаби

Бугунги кунда дунё аҳлининг аксарият қисми Интернетдан фойдаланмоқда. Инсон ва жамият бир жойда турмайди, доим ўзгариб боради, биз яшаб турган ҳозирги вақтни глобаллашув даври деб номланиши одатий ҳолат бўлиб улгурган. Маълумотлар узатиш воситаларининг ривожланиши барча давлатлар киритилган ягона ахборот тизимини яратилишига хизмат қилди. Айнан Интернет туфайли локал ахборот тармоқлари ягона глобал тармоғига бирлашади.

Ушбу соҳанинг ривожланишига республикамиз Раҳбарияти томонидан ҳам катта эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтиш муҳим. Жумладан, республикада ахборот-коммуникациялар тизими ва технологияларини ривожлантириш ишларининг аҳволи, бу соҳадаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш юзасидан 2018 йил 9 январь куни Ўзбекистон Президенти ҳузурида мажлис ўтказилди. Ушбу йиғилишда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарлари ҳисобот бердилар. Мажлисда белгиланган вазифаларни тўлиқ ва муддатида бажариш, жумладан Интернет тезлигини кескин ошириш ва сифатини яхшилаш, мобил хизмат турларини кўпайтириш, халқаро етакчи телекоммуникация компаниялари билан алоқаларни кучайтириш, “Электрон ҳукумат” тизимини янада ривожлантириш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Ўзбекистонда Интернетга улаш хизматини кўрсатиш бўйича рақобатбардош муҳит мавжуд эмаслиги ҳамда шимолий, яъни Қозоғистон Россия интернет-каналига боғлиқ
бўлган вазият юзага келганлиги сабаб Интернетга уланиш МДҲ давлатлариникига нисбатан анча секин ва қиммат ҳисобланади. Ушбу муаммони Ўзбекистон янги ташқи каналлар очиш эвазига ҳал қилишни мўжалламоқда. Интернетга уланиш тезлигининг ошиши ва барқарорлигининг ўсишига Туркманистон, Эрон, Қирғизистон ва Хитой давлатлари орқали янги ташқи каналлар очиш орқали эришиш кўзда тутилмоқда. Шу йилнинг охиригача ушбу давлатларнинг миллий операторлари билан каналларни ижарага олиш ва сотиб олиш тўғрисидаги келишувлар имзоланади.

Бунда, шимолий йўналишдаги каналдан воз кечиш тўғрисида ҳеч ким фикр юритаётгани йўқ, шунчаки у қатори, аҳолининг эҳтиёжларини қоплайдиган янги қўшимча каналлар пайдо бўлади. Айнан шу ишларнинг амалга ошиши мамлакатимизда Интернетнинг юқори тезлигини ва уни анча арзон бўлишини таъминлайди.

Бироқ, ушбу ишлар яқин келажакда амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Ҳўш ҳозирчи, бугунги кунда миллий Интернет маконимизда ишлаш даражаси қай аҳволда? Ундаги ресурслардан оқилона ва унумли фойдалана оляпмизи? Интернетдан фойдаланиш маданияти онгимизда нечоғлик шаклланиб улгурган? Интернет деб аталмиш бу “билимлар уммонида” қандай улкан имкониятлар мавжуд эканлигидан ўзимизнинг ва болаларимизнинг қанчалик хабаримиз бор?

Интернетга бир бузғунчи ва ёт ғояларни тарғиб қилувчи ҳамда жиноят оламига етакловчи “бало”га қарагандай қараб, ҳа деганда болаларимизга Интернетга киришга тақиқ қўявермасдан, аввал ота-оналар ундаги фойдали ва зарарли томонларни фарқлашни, ажрата олишни ўрганишимиз зарур ва муҳим. Ана ундан сўнг фарзандларимизга у ёки бу ресурс ёҳуд ижтимоий тармоқ уларга маънавий ёки моддий зарар еткизиши мумкинлиги, бошқалари эса маънавиятини, билим ва кўникмаларини оширишга ёрдам бериши ҳақида тушунтиришимиз даркор. Бунинг устига Инетрнетда
шундай сайтлар борки, уларда бизнес очиш йўллари ва шунга ўхшаш бошқа кўплаб фойдали ресурсларга тўлиб-тошиб ётибди. Бир сўз билан айтганда, Интернет пул топишнинг бепоён имкониятлари манбасидир. Агар шуларни ҳаммасини ётиғи билан
фарзандларимизга тушунтириб бера олсак, ёшлигидан Интернетнинг тегишли ресурсларидан тўғри фойдаланган ҳолда ўз кучи билан даромад топа олиши мумкинлигини сингдириб борсак, болаларимизда вақтини бекор ўтказмасдан, ўз ота-онасига тушаётган оғирлигини камайтириб бориб, оила бюджетига ўзининг ҳам улушини қўшиш истаги пайдо бўлади.

Маълумот учун эслатиб ўтамиз, улғайиб келаётган ёш авлодга Интернет тармоғида қулай, хавфсиз муҳит яратиш, таълим ва билим берувчи ресурслардан ягона нуқтадан фойдаланишларини ташкил қилиш орқали соғликлари ва ривожланишларига салбий таъсир кўрсатувчи ахборот ҳамда кибер-хуружлардан ҳимоя қилиш мақсадида, “Ўзбектелеком” АК томонидан 2017 йилда махсус тариф режалари,“хавфсиз Интернет”
туркуми ва қўшимча хизматлар жорий қилди.

Энди компания Интернет фойдаланувчилари «ZiyoNET» тариф режасининг хизматларига уланиб, фарзандларига ҳозирча 3 мингга яқин сайтни ўз ичига олган Ягона ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятини беришади. Мазкур рўйхатдан илмий-таълимий, маънавий-маърифий ва боланинг етук ва соғлом бўлиб вояга етишига хизмат қиладиган бошқа миллий ва халқаро Интернет саҳифалари ўрин олган. Бу орқали болаларнинг Интернетдаги хавфлардан ҳимояланиши, турли бузғунчи ва ғоявий нобоп сайтларга кириши кафолатланади. Шунингдек, ота-оналар рўйхатга ўзлари маъқул топган, болалар учун қизиқарли сайтларни киритиш бўйича таклиф ҳам беришлари мумкин.

Қуйида ёшларда қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган Интернет ресурсларининг баъзи йўналишлари билан танишишимиз мумкин.

ОНЛАЙН СЎРОВЛАР

Ҳозирда Интернет маконида кўп учрайдиган онлайн сўровлар талабалар бўш вақтида пул ишлашлари учун кундан-кунга танилиб борилаётган усул ҳисобланади. Турли тадқиқотларни ўтказаётган компаниялар ҳар доим ҳар хил суровларга жавоб бериш
ва янгидан-янги маҳсулотларни синовдан ўтказиш учун янги аъзоларни қабул қилиб боради.

ИНТЕРНЕТДА ПУЛЛИК ҚИДИРУВ

Интернетда олдиндан бажараётган ишингиз учун пул олишга манфаатдормисиз? Qmee.com дан инновацион ғоя сизни “Google”, “Bing” ёки “Yahoo” қидириш ресурсларидан фойдаланганингиз учун мукофотлайди. Сиз шунчаки ўз браузерингизга оддий қўшимча қурилмани ўрнатишингиз ва қидирув амалга ошираётганингизда оддий
қидирув қаторида бир нечта спонсорланадиган натижалар ҳам бўлиши мумкин. Qmee даги ҳар бир натижа пуллик мукофотга эга, агар сиз унга қизиқиб қолган бўлсангиз,
тугмани босиб ва мукофотни қўлга киритишингиз мумкин.

ЎЗ САЙТИНГНИ ОЧ ВА УНДАН ФОЙДА ОЛ

Ушбу вариант сиздан дастлабки қўйилмаларни талаб этади, бироқ бироздан сўнг бир неча баробар ўзини оқлайди. Сайт иши яхши йўлга қўйилса ундан ҳар ойда 10 минг АҚШ доллар миқдорида фойда олиш мумкин. Асосий фойдани реклама (контекстли, баннерли, тизерли) олиб келади, бунда шерикли дастурларда иштирок этиш ёки
ҳаволаларни сотиш мумкин бўлади. Агар сиз янада илдамлаб кетмоқчи бўлсангиз ва фақатгина сайтни ривожлантирмай қолиб, ўзингизнинг инфо-бизнесингизни қурмоқчи бўлсангиз, у ҳолда фойда унданда кўпроқ бўлади. Бу энг фойдали вариант ҳисобла-
нади, шунинг учун Интернетда пул ишлаб топиш ҳақиқатми деб сўраманг, чунки сайтлар эгаларининг баралла жавоби “ҳа” бўлиб турибди.

Хўш, ахборот сайти ва инфо-бизнес орасида қандай фарқ бор? Дастлаб фойдали ахбороти бўлган контентли сайт ҳам ахборот эвазига пул ишлайдигандек туюлади. Бироқ биринчи ҳолатда пул ташқаридан (реклама, шерикли дастурлар) кириб келади,
инфобизнесда эса, сиз муайян бир ахборот маҳсулотини сотасиз ва унинг учун мижозларингиздан пул оласиз. Қуйидагилар ахборот маҳсулотлари бўлиши мумкин:

  • Вебинарлар;
  • Тренинглар;
  • Онлайн ўқув курслари;
  • Электрон китоблар.

Ушбу пул ишлаш усулининг хусусияти шундаки, сиз маҳсулотни бир марта яратасиз, ундан фойдани эса доимий равишда олиб турасиз. Шу билан бирга, параллел
равишда янгидан-янги маҳсулотлар яратиш, янги йўналишларда ривожланиб, каттадан-катта даромадлар топиш мумкин бўлади. Бундай ҳолатда даромад бир-неча
мартага кўпаяди.

ВЕБ-САЙТЛАР ВА ВЕБ-ИЛОВАЛАРНИ НАҚ Д ПУЛ ЭВАЗИГА КЎРИБ ЧИҚИШ

Агар сиз веб-браузерингиздан моҳирона фойдалана олсангиз, унда веб-сайтларни кўриб чиқиш вақтингизни тўловли ва қизиқарли ишга айлантириш вақти келди.
UserTesting.com каби янги платформалар хоҳловчиларга барча турдаги веб-сайтларни кўриб чиқишлари учун пул тўлайди. Ҳар бир кўриб чиқиш учун 20 дақиқа вақт сарфланади 10 АҚШ доллари ҳажмида пул тўланади. Рўйхатдан ўтиб, кўриб чиқиш тестини тўлдиринг ва “кириш” папкангизда кўриб чиқилиши зарур бўлган веб-сайтлар рўйхатини қабул қилиб олинг.

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР БИЛАН ИШЛАШ

Бундай ишни фриланс биржаларида ҳам топса бўлади, бу иш алоҳида кўникмаларни
талаб қилмайди. Одатда бу иш лайк қўйиш, репост қилиш ёки гуруҳга қўшилиш кабиларни ўз ичига олади. Бу иш учун одатда минимал даражада ҳақ тўланади, бироқ барчаси сизнинг аккаунтингизга боғлиқ бўлади. Дўстларингиз қанча кўп бўлиб,
профилингиз қанчалик фаол бўлса, буюртмачилар шунчалик кўп пул тўлашга тайёр бўладилар. Қиймати каттароқ бўлган ишлар турига гуруҳлар бўйича постинг қилиш, каталоглар бўйича маълумотларни тақсимлаш кабилар киради. Бундай ишларни Advego, Socialtools, Smmka ва Forumok да топиш мумкин. Ушбу тармоқларда фаоллик билан ишласангиз бир ойда 100 АҚШ долларига яқин бўлган маблағ ишлашингиз
мумкин.

Кўрсатиб ўтилган имкониятлардан ташқари ҳам ишлаб пул топадиган анчагина ресурслар мавжуд. Кўриб чиққанимиздек, Интернет олами ўзида чексиз имконятларни жамулжам қилган. Ундаги имкониятлардан фойдаланиш вақтимизни унум билан ўтказишга, фарзандларимизни ўз оиласига, жамиятга фойдаси тегадиган етук маънавиятли инсон қилиб тарбиялашга ёрдам беради. Ўзбек халқининг ҳам ёшлари ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда Интернет имкониятларидан тўла-тўкис фойдаланиб келаётгани юртимиз ривожига албатта ўз ҳиссасини қўшишига умид бағишлайди.