Давлат хизматчилари Кореяга йўл олмоқдалар

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимиз давлат идораларида хизмат қилаётган 22 нафар мутахассис «Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш» мавзусидаги ихтисослашган ўқув-курсида таҳсил олиш учун Жанубий Кореяга жўнаб кетмоқда.

Давлат ва жамият бошқарувида ахборот технологияларининг ўрни ошиб, АКТ ривожланишнинг муҳим омилига айланди. Бугун ҳар бир соҳада инновацион ечимларни жорий қилиш, аҳолига интерактив хизмат кўрсатиш замон талабига айланди. Ўз навбатида, бу вазифаларни амалга ошириш мутахассислардан тажриба ва замонавий билимни талаб қилади.

29 июлдан бошлаб, сал кам бир ой давом этадиган ўқувларда ахборот технологиялари билан бирга, молия, солиқ, адлия соҳаларида, шунингдек «Ергеодехкадастр» давлат қўмитаси тизимида фаолият олиб бораётган мутахассислар иштирок этадилар.

Корея Республикасининг Миллий ахборот жамияти (NIA) ҳамда Корея халқаро кооперация (KOICA) агентликлари кўмагида ташкил қилинаётган ўқувларда Кореянинг етакчи мутахассислари иштирокчиларга жамиятни ахборотлаштириш, «электрон ҳукумат» тизимини шакллантириш ва унинг меъёрий-ҳуқуқий асосини яратиш, ижтимоий ва интерактив хизматларни жорий қилишда АКТ ҳамда янгича инновацион ёндашувларни ишлаб чиқиш, «ақлли шаҳар» платформасини ишлаб чиқиш, электрон суд тизимининг ўзига хосликлари каби мавзуларда маъруза қиладилар.

Шунингдек, иштирокчилар Корея Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Сеул транспорт бошқаруви ва ахборот тизими муассасасига, «BigData» марказларига, ахборотлашган махсус ҳудудларга ташриф буюрадилар. Айтиш ўринлики, Корея Республикаси ахборотлашган жамият қуришда жаҳоннинг етакчи мамлакатлари сафида туради. Шунингдек, Жанибуй Корея ахборот-коммуникация технологиялрини ривожлантириш бўйича Ўзбекистоннинг ишончли ва стратегик ҳамкори ҳисобланади.