Бугунги кунда юртимизда ахборотлаштириш, инновацион дастурлар ва IT компаниялар ҳамда давлат ўртасидаги муносабатнинг янги тури ҳақида кўп гапирилмоқда. Инновациялар асри деб аталган ХХI асрдаги тараққиёт таълим соҳасига ҳам ўз таъсирини ўтказиб, қатор ўзгаришларга сабаб бўлди. Уларнинг замирида эса таълим соҳасида замонавий инновацион технологиялардан фойдаланишга асосланган янгича ёндашувларнинг ривожланиши ётади. Зеро, ҳозирги ва келажак авлод самарали, инновацион технологияларга асосланган таълим тизимига муҳтож. Ана шуларни ҳисобга оладиган бўлсак, бугунги кунда таълим соҳасининг замонавий ўқитиш сифатини оширадиган, унинг долзарб эҳтиёжларини қондирадиган, янгича имкониятлар эшигини очадиган инновацион технологияларга бўлган талаб ошганлиги яққол кўзга ташланади.
Юқоридаги талабларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 25 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Таълим муассасаларида электрон таълимни жорий этиш Марказини ташкил этиш тўғрисида”ги 228-сон Қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида “Таълим муассасаарида электрон таълимни жорий этиш маркази” ташкил этилди. Бугунги суҳбатдошимиз ушбу Марказ директори вазифасини вақтинча бажарувчи Озодбек Ҳайдаровдир.
Озодбек Асламқулович, суҳбатимиз аввалида марказнинг асосий фаолияти қандай вазифаларни амалга оширишга қаратилганлиги хусусида тўхталсангиз.
– Марказ олдига қўйилган вазифалар қамрови ҳам, кўлами ҳам кенг. Булар нималардан иборат? Аввало, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган биринчи йўналишида белгиланган “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш ва ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган тўртинчи йўналишида кўрсатилган муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган устувор вазифаларни бажаришда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги ПК-2909 сонли “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгиланган “Олий таълим муассасаларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш, олий таълим муассасалари талабалари, ўқитувчилари ва ёш тадқиқотчиларининг жаҳон таълим ресурслари, замонавий илмий адабиётларнинг электрон каталоглари ва маълумотлар базаларига кириш имкониятларини кенгайтириш”, деб алоҳида мақсадли вазифа юклатилган. Шу нуқтаи назардан марказимиз ўз фаолиятида “Электрон таълим” миллий тизимининг маъмури ва бошқариш функциясини амалга ошириш, олий ва ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ахборот-коммуникация технологиялари, шу жумладан, видеоконференц-алоқа ва масофадан ўқитиш методларидан фойдаланган ҳолда ўқув жараёни ва илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш, шу турдаги таълим муассасаларининг “Электрон таълим” миллий тизими ахборот-таълим ресурсларидан эркин фойдаланишни таъминлаш, “Электрон таълим” тизимига киритиладиган электрон методик комплекслар ва бошқа таълим ресурсларига ягона талабларни ишлаб чиқиб таълим амалиётида жорий қилмокда.
Бундан ташқари, Марказ олий ва ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими кадрларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш муассасалари педагоглари учун ўқув жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш бўйича махсус ўқув курсларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, таълим жараёнида компьютер ускуналаридан фойдаланишнинг самарадорлигини таҳлил қилиш ва мониторинг олиб бориш, вазирлик тасарруфидаги ўқув юртларининг компьютер ва коммуникация воситаларини янгилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, “Таълим” ахборот тизимлари мажмуасининг олий таълим қисмини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш, билан ҳам шуғулланади.
Олий таълим муассасалари учун “Электрон таълим” миллий тармоғини мувофиқлаштириш йўлида Марказ томонидан қандай тадбирлар амалга оширилди ва ҳозирда нечоғлик ишлар олиб борилаётир?
– Марказ ташкил этилгандан буён ўтган давр мобайнида “Электрон таълим” миллий тармоғи инфраструктурасига жами 163 та объект уланган бўлиб улардан, 59 таси асосий олий таълим муассасалари, 13 таси филиаллар, 15 таси ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасалари, 5 таси вазирлик ҳузуридаги ташкилотлар, 4 таси давлат ташкилотлари булар – Воҳидов номли юрак хасталиклари ва жаррохлиги марказининг янги биноси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Банк молия академияси, Олий аттестация комиссияси ҳамда “Истеъдод” жамғармасидир. “Электрон таълим” миллий тармоғини шакллантириш бўйича барча олий таълим муассасалари тўлиқ корпоратив тармоққа уланиб, видео-конференц алоқа тизими ишга туширилди. Ана шу вақт ичида вазирликнинг беш юзга яқин тадбирлари олий таълим муассасалари билан видеоконференция тизими орқали амалга оширилди. Шулардан юздан ортиғи илмий тадбирлардир.
Бундан ташқари бир нечта ахборот тизимлари ишлаб чиқилди. Масалан, “Ишчи ўқув режа ва фан дастурлари муҳокамаси” ахборот тизими. Бунда етакчи олий таълим муассасаларида тайёрланган ўқув режа ва фан дастурларининг лойиҳаларини олий таълим муассасалари, иш берувчи корхона ва ташкилотлар, манфаатдор вазирлик ва идоралар ушбу ҳужжатларни кўриш, улар юзасидан фикр-мулоҳазаларни ёзиб қолдиришга ҳамда уларни таҳлил қилиш имкониятини беради.
“Олий таълим муассасалари илмий-тадқиқот фаолияти” ахборот тизимида Олий таълим муассасалари илмий-тадқиқот фаолиятини мониторингини олиб бориш, ҳисоботларни автоматик шакллантириш ва барча олий таълим муассаслари маълумотларини умумлаштириш имконияти мавжуд. Ҳозиргача 269 та кўрсаткич бўйича ҳисоботлар қабул қилинган.
“Олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний бандлик мониторинги” ахборот тизими олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний бандлик билан таъминлаш мониторингини олиб бориш ва ҳисоботларни автоматик шакллантиради. Ушбу тизимда битирувчиларни соҳалари бўйича ишга тақсимлаш, худудлар кесимида мониторинги олиб борилади.
“Олий таълим муассасалари асосий кўрсаткичлари” ахборот тизими, Олий таълим муассасалари асосий фаолиятига оид 308 та кўрсаткич бўйича ҳисоботлар мониторингини олиб бориш, ҳисоботларни автоматик шакллантириш ва барча олий таълим муассаслари маълумотларини умумлаштириш каби вазифаларни амалга оширади. “Info-ҳужжат алмашиш” ахборот тизимида вазирлик томонидан қабул қилинган буйруқлар, топшириқлар, хатлар ва бошқа ҳужжатларни тезкор олий таълим муссасаларига электрон шаклда етказиб бериш вазифасини бажаради.
Шу билан бирга “Ички ижро назорат мониторинг” ахборот тизими жорий этилган бўлиб, у ҳужжатлар ижросини ходимларга етказиш ва унинг ижросини таъминлашни назорат қилиш ҳамда ҳисоботларни автоматлаштирилган ҳолда умумлаштириш имкониятини беради.
“Олий таълим муассасалари ахборот ресурс марказларининг автоматлаштирилган тизими” ушбу тизим орқали фойдаланувчилар ахборот ресурс марказларида мавжуд адабиётларнинг библиографик ёзуви билан танишишлари, мавжуд тўлиқ матнли электрон ресурслардан фойдаланишлари ва кўчириб олиш имкониятига эга бўладилар. Тизимнинг бошқа анъанавий тизимлардан фарқи унда марказлашган ҳолда ишлаб республикамиздаги барча олий таълим муассасаларида мавжуд адабиётлар ҳақида маълумот олиш имконияти мавжуд.
Бунда олий таълим муассасалари Ахборот ресурс марказлари томонидан АРМАТ дастурига киритилган ўқув адабиётларининг электрон каталогдаги библиографик ёзувлар сони – 1 169 303 тани, тўлиқ матнли электрон ресурслар – 19 678 тани ташкил этади.
Бундан ташқари мустақил таълимни ташкил этиш мақсадида Moodle тизими жорий этилган. Ушбу тизим орқали олий таълим муассасалари талабалари фанлар бўйича ўқув-услубий мажмуалардан фойдаланиш, профессор-ўқитувчилар билан онлайн мулоқот қилиш имконияти мавжуд.
Қолаверса, Марказ томонидан қатор маълумотлар базалари ҳам яратилди. Жумладан: олий таълим муассасалари битирувчиларига берилган дипломлар ҳақидаги маълумотлар базаси. Бугунги кунда олий таълим муассасалари битиурвчилари дипломини тасдиқлаш бўйича идоралараро маълумот алмашиниш тизими йўлга қўйилган бўлиб республикамиздаги манфаатдор вазирлик ва идоралар электрон шаклда дипломларни тасдиқлаш бўйича сўров юборишлари имконияти яратилди. Бугунги кунга қадар 1 млн 400 мингдан зиёд маълумотлар тўпланган.
Ҳаммамизга маълумки, олий таълим муассасаларида магистратурада ўқиётган талабалар ўзлари ўқиётган мутахассисликлари бўйича Республикамизда фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар билан мулоқотни шакллантириш мақсадида “Магистрларнинг илмий иш мавзулари” базаси жорий этилди. Ушбу база орқали магистрларимизга илмий иш мавзуларини ва илмий раҳбарларни танлаш имконияти берилади.
Озодбек Асламқулович, ҳозирги пайтда деярли барча давлат идоралари, вазирликлар қошида ташкил этилган бундай марказлар одамлар оғирини енгил, узоғини яқин қилиш учун ўз сайтлари орқали аҳолига турли интерактив хизматлар кўрсатишмоқда. Сиз раҳбарлик қилаётган Марказда бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Албатта, бизда ҳам бундай интерактив хизматлар Ягона давлат интерактив хизматлари портали my.gov.uz ҳамда вазирликнинг расмий веб сайтида edu. uz да йўлга қўйилган. Масалан, “Мурожаатларни кўриб чиқиш”, “Раҳбар қабулига онлайн тарзда ёзилиш”, “Абитуриентларнинг ҳужжатлар тўпламини қайтариб олишларни учун электрон ариза бериш”, “Талабалар турар-жойида ариза бериш”, “Бўш иш ўринлари”, “Ахборот-ресурс маркази (АРМ) ва Ахборот кутубхона маркази (АКМ), ҳамда Ўзбекистон Республикаси махсус кутубхоналари рўйхати”, “Олий таълим муассасалари хизматлари” шулар жумласидандир. Уларнинг ҳар бири ҳақида узоқ гапириш мумкин. Келинг, “Абитуриентларнинг ҳужжатлар тўпламини қайтариб олишлари учун электрон ариза бериш” хизматини олайлик. Олий ўқув юртларига кириш учун топширилган ҳужжатлар тўпламини имтиҳон натижалари эълон қилингандан сўнг қайтариб олиш зарурияти туғилганда, Ягона портал орқали тўғридан тўғри ариза юбориш билан амалга ошириш мумкин. Жорий этилган янги хизмат вилоятларда, олий ўқув юртидан олисда истиқомат қилувчи абитуриентлар учун ҳужжатлар тўпламини қайтариб олиш имкониятини яратади. Хизмат натижасига кўра, абитуриентга буюртма почта орқали ҳужжатлар тўплами қайтарилади. Аризачи яшаш манзилига яқин бўлган почта бўлимларига ташриф буюриб, шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этган ҳолда уларни олиши мумкин. Ушбу хизматдан фойдаланувчилар сони йилдан йилга кўпаймоқда.
Ҳозирги кунда edu.uz да жорий этилган интерактив хизматлар ҳам фаолият кўрсатмоқда. Улар “Магистратурага ўқишга кириш учун онлайн ҳужжат топшириш”, “Дипломни текшириш”, “Кўп берилган саволлар”, “Олий таълимнинг давлат таълим стандарти” хизматларидир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, марказимизнинг фаолият қамрови ҳам, кўлами ҳам кенг. Асосий мақсадимиз – Олий ва ўрта махсус таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, халқаро стандартлар даражасига мос, етук мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратилишини таъминлашдан иборатдир.