Бугунга қадар аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ва тезлигини ошириш мақсадида ҳукумат, давлат идоралари томонидан кўплаб ишлар амалга оширилди. Бунда замонавий технологиялардан ҳам кенг кўламда фойдаланиш ўз самарасини бермай қолмади.
Жумладан, ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) нинг ишга туширилиши бу борада амалга оширилган энг катта ишлардан бири бўлди десак, янглишмаган бўламиз. Бундан ташқари, нотариус тизимида йўлга қўйилган электрон тўлов, онлайн тарзда навбатга ёзилиш ва шу кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Давлат идораларида рўй бераётган бундай ўзгаришлар бошқаларга ҳам намуна вазифасини ўтаб беряпти. Яъни, аҳолига хизмат кўрсатишда IT нинг жорий қилинишидан ҳар икки томоннинг ҳам манфаатдор эканлигини бугун кўпчилик англаб етмоқда.
Бинобарин, солиқ тизимида ҳам юқоридагилар каби амалга оширилаётган кўплаб ижобий ислоҳот ва ўзгаришларни кўришимиз мумкин.
Айнан шулар ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси АКТ бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Музаффар Исломовга бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.
Дастлаб, яқинда ишга туширилган esi.uz тизими ва унинг афзалликлари ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.
— Маълумки, 2015 йил 15 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатдан ўтказиш марказлари фаолиятини янада тартибга солишга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Ана шу қарорнинг 2-бандига асосан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат тизимларининг ахборот-технологик ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида электрон рақамли имзолар орқали фойдаланувчиларни идентификациялашнинг ягона ахборот тизими — esi.uz ишга туширилди.
Шунингдек, электрон рақам-ли имзо калитларини тегишли хўжалик юритувчи субъектлар вакилларига етказилишини таъминлаш ва уларга электрон рақамли имзо калитларини олишда ҳам қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Янги технологиялар илмий-ахборот маркази томонидан кўплаб ишлар амалга оширилди.
Жумладан, электрон рақамли имзо калитидан эгасининг рухсатисиз фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида фойдаланувчиларни идентификациялаш тизимида (esi.uz) СМС хабарлар орқали икки факторли аутентификациядан ўтиш имконияти яратилди. Бунда фойдаланувчининг шахсий телефон рақамига динамик тасдиқловчи код келиши таъминланди.
Электрон рақамли имзоларни олиш тартибида ҳам қулайликлар мавжудми?
— Албатта, жумладан, 2016 йилнинг 1 сентябридан эътиборан интерактив давлат хизматлари амалиётига электрон рақамли имзо олиш учун электрон ариза юбориш тартиби жорий қилинди. Мазкур янгилик мурожаат қилувчиларни ортиқча оворагарчиликлардан ҳалос қилибгина қолмай, имзоларнинг хавфсизлиги даражасини ҳам анча оширди. Яъни, ушбу интерактив тизимда электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитларини фойдаланувчининг ўзи яратиши мумкин. Бундай имкониятнинг жорий этилиши электрон рақамли имзонинг ёпиқ кодлари фойдаланувчининг компьютеридан ташқарига чиқиб кетиши ва унинг бегона шахслар томонидан қўлга киритилиши эҳтимолини анча камайтирди.
Бундан ташқари, Янги технологиялар илмий ахборот маркази томонидан электрон рақамли имзо калитларини бериш ва уларнинг реестирини юритиш билан боғлиқ ахборотлаштириш тизимида электрон рақамли имзо калитларини сақлашга мўлжалланган махсус USB- қурилмаларини боғлаш ишлари ҳам амалга оширилиб, улардан ягона идентификация тизими ва “Электрон солиқ хизматлари” (my.soliq.uz) порталида фойдаланиш имконияти йўлга қўйилди.
Тизимни такомиллаштириш борасида яна қандай ишлар амалга оширилди?
— 2017 йил 23 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Тадбиркорлик субъектларига фақат “ягона дарча” тамойили бўйича ягона марказлар орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатига қўшимча киритиш тўғрисидаги” қарор тасдиқланди. Мазкур қарорга кўра, электрон рақамли имзо сертификатларини тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини “ягона дарча” тамойили бўйича амалга оширувчи ягона марказлар орқали берилиши белгиланди. Бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг қўшма қарори имзоланди. Унга биноан электрон рақамли имзо калитларини беришда солиқ тўловчидан аризани қабул қилиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилган электрон рақамли имзо сертификатини солиқ тўловчига тақдим этиш муддати 5 кундан 3 иш соатигача қисқартирилди. Бундай имконият хизмат кўрсатиш сифати ва тезлигини анча оширди деб, бемалол айтишимиз мумкин.
Ушбу хизматдан кай даражада фойдаланиляпти?
— Бизга келиб тушаётган мурожаатлардан шуни айта оламанки, мазкур хизмат анча оммалашиб улгурди. Бундан ташқари, қулайлик яратиш мақсадида электрон рақамли имзо сертификатларини тадбиркорлик субъетларига “ягона дарча” марказларининг ходимлари томонидан берилишини таъминлаш мақсадида “Электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш” ҳамда “ягона дарча” марказларининг автоматлаштирилган ахборот тизими (birdarcha.uz) интеграция қилинди.
2018 йилнинг январь ойи давомида мазкур тизим орқали “ягона дарча” марказлари томонидан жами 8734 та электрон рақамли имзо сертификатларининг берилганлиги тизимнинг қанчалик кенг тарқалганлигини кўрсатиб турибди.