Ахборот технологиялари ва аёллар

Замонавий техника ва технология, интернет, IT ва шу каби соҳаларда фаолият олиб бораётган йирик компанияларнинг таниқли раҳбар ва ходимлари ҳақида гап кетганда ўз ишининг моҳир устаси бўлган эркаклар кўз олдингизга келади. Бордию, “Google” га “машҳур дастурчилар”, “компьютер муҳандислари” ёки шунга ўхшаш сўровлар билан мурожаат қилсангиз, турли миллатга мансуб эркакларнинг узундан узоқ фотосуратлари рўйхатини оласиз. Эҳтимол, техника аёллар учун эмас эканда, деган хулосага келгандирсиз? Бироқ, ҳозирда бошқа соҳаларда бўлгани каби, IT да ҳам катта ютуқларга эришаётган, оламшумул янгиликлар қилаётган, аммо кўп ҳолларда эркакларнинг сояси ортида сирлилигича қолиб кетаётган аёлларнинг салмоғи ошиб бормоқда. Бу мавзуда қанча кўп баҳс-мунозарага киришилмасин, факт фактлигича қолаверади.

1990 йилларда Мери Микер дунё ҳамжамиятига интернетнинг улкан имкониятларини очиб берди. У 2010 йилда инновацион лойиҳаларга йўналтирилган инвестиция фонди (KPCB)нинг раҳбарлик лавозимига тайинланганидан то ҳозирга қадар бутун дунё ўргимчак тўрининг қоқ марказида фаолият юритиб келяпти.

Мери Микер Morgan Stanley компаниясининг катта аналитиги. У саноатнинг асосий белгиларини бошқалардан кўра яхшироқ ҳис қилади. Унинг ҳар бир ҳисоботи IT–технологиялар соҳасида янги кашфиёт сифатида намоён бўлиб, етакчи инвесторлар томонидан намуна сифатида мунтазам ўрганиб борилади.

“Twitter” га киритилган 150 млн доллардан ортиқ инвестиция, Мерининг KPCBга келганидан сўнг эришилган энг диққатга сазовор битимлардан биридир.


Бу меҳнатсевар, топ-менеджер аёлга тақлид қилувчилар, унга ҳавас билан қаровчилар талайгина. Негаки, у йирик мадиакомпаниялардан бири “Facebook” да энг юқори марраларни забт этди. Унинг бу қадар баланд “парвози” тўлиғича интернет ва ижтимоий тармоқлар билан боғлиқдир. Бундан ташқари, дастурлаш соҳасидаги асосий билимларга эгалиги, мақсади сари қатъият билан ҳаракат қилиши унинг бадавлат инсонлардан бирига айланишига кўмак берди.

Шерил дастлабки раҳбарлик фаолиятини АҚШ Молия Вазирлигида бошлаб, бу ерда у ижтимоий сўровномалар билан шуғулланарди. 2001 йилда эндигина иш бошлаган Google жамоаси таркибига қўшилиб, онлайн-сотувлар бўйича президент ўринбосари лавозимини эгаллади.

Айнан шу ерда Марк Цукерберг унинг иқтидорини пайқаб қолади ва уни шахсан ўзи “Facebook” га ишга таклиф қилади. Улар ўртасида 15 ёшлик фарқ бўлишига қарамай, тезда тил топишиб кетишди ва ижтимоий тармоқлардаги стратегик саволларга ечим топишди. Сендберг компаниянинг реклама ҳизмати ва молиявий жиҳатлари билан шуғулланиб, улкан муваффақиятга эришди. У келиши билан “Facebook”нинг даромадлари шиддат билан (ҳар йили, деярли, 100% га) ўсиб борди.

Энг муҳими, Сендберг аёлларни ҳар қандай вазиятда ҳам таслим бўлмасликка, қулайликлардан воз кечиб, каттароқ масъулиятни бўйнига олишдан қўрқмасликка ундагани ҳолда, ўз мисолида буни кўрсатиб бера олди.


64 ёшида “Яндекс”нинг директорлар кенгашида раҳбарлик лавозимини эгаллаган бу аёл сармоядорлар орасида ҳам ўз ўрнига эга.

У 1974 йилда Гарвард университетини тамомлагач, Forbes журналига муҳаррир сифатида ишга киради. Ушбу лавозим унинг касбий мавқеида бошланғич нуқта бўлиб қолди.

Орадан уч йил ўтиб, бир неча ихтисослашган компанияларда ишлаш орқали IT-аналитик сифатида шаклланди. 1983 йилда эса, Эстер ўз бошлиғига қарашли Rosen Research компаниясини сотиб олиб, унинг базасида янги EDventure Holdings инвестиция компаниясини ташкил қилади. Бизнесни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири янги ғояларни молиявий жиҳатдан қўллаб қувватлаш эканлигини кўра билган Дайсон Flickr ва Del.icio.us каби лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширади. Шундай бўлсада, Эстернинг ўзи киритган сармояларининг 10 га яқини муваффақиятсизликка учраганини айтади.

Унинг фикрича, “хатолар янада омадлироқ бўлишга ўргатади. Омадсизликни бошдан кечириш орқали, айнан ниманинг нотўғри қилинганлигини англаб етиш мумкин”.

2008 йилдан бошлаб Дайсон тиббий ва космик лойиҳаларга йирик сармоялар киритиб келяпти. Шунингдек, Россия интернет-бозорига ҳам катта қизиқиш билдирмоқда.


“Yahoo!” компаниясининг ташкил топишидан то ҳозиргача тарихи давомидаги энг ёш, шу билан бирга, энг муваффақиятли рахбари Марисса нисбатан мураккаб лойиҳаларни ҳам қийинчиликсиз амалга ошира олади. У акциялар бошқарувини ўз қўлига олганидан икки йил ўтиб, кутилмаганда, компания нархи карийб уч бараварга ошди.

АҚШ даги номдор олийгоҳлардан бири ҳисобланувчи Стэнфорд илмий-тадқиқот университетини тамомлаганида, унга 10 дан ортиқ ташкилотлар яхшигина иш таклиф қилишганди. Мутахассислиги “рақамли тизимлар” бўлган Марисса фалсафа, психология ва тилшунослик фанлари билан бир қаторда, дастурлаш бўйича дарсларни ҳам аъло даражада ўзлаштиради.

Дастлабки меҳнат фаолиятини у вақтлари унчалик катта бўлмаган, ҳали ном қозониб улгурмаган “Google” компаниясида бошлайди. Марисса ўшанда у билан олиб борилган суҳбатнинг илк дақиқалариданоқ ҳамкасбларининг билим даражаси, янги лойиҳа ва ғоялар яратиш билан бандлигидан ҳайратга тушганди.

Кейинчалик, 2012 йилда Майерни “Yahoo!” нинг директорлар кенгаши бош директорлик лавозимига ишга таклиф қилади. Ниҳоят, компанияни инқироздан олиб чиқиш чора-тадбирлари батафсил ёритилган тенги йўқ тақдимотидан сўнг, раҳбарлик курсисини эгаллайди. Бу ерда у 2 йил ичида компания маҳсулотларини фойдаланувчиларга қулай ва қизиқарлироқ қилиш орқали уларнинг аҳамиятини кучайтиришга хизмат қиладиган 40 дан ортиқ лойиҳаларни амалга оширади.


1998 йил Сюзен Войчицки ўз гаражини янги лойиҳа устида иш олиб бораётган икки йигитга ижарага беради. Бу унинг ҳаётида ҳал қилувчи воқеа бўлди. Гап ҳозирда бутун дунёга машҳур Google ҳақида кетяпти. Ўша икки йигит, унинг асосчилари эди.

Бир неча йилдан сўнг Сюзен ушбу компанияда президент ўринбосари лавозимини эгаллайди. Кейинчалик эса, YouTube раҳбарига айланади.

Бир вақтлар қаёқдаги “гараж” лойиҳасини деб Intel даги масъул лавозимидан воз кечганида, ҳамма уни ақлдан озган деб ҳисобларди. Бугун ҳеч иккиланмай, унинг бу ишини ҳаёти давомида қилган энг тўғри қарори деб айтиш мумкин.

Топ-менежерликдан ташқари, 5 фарзанднинг онаси бўлган Сюзен Войчицки доимий равишда банд бўлишига қарамай, ишдан кейинги вақтларини оила даврасида ўтказишга алоҳида эътибор қаратади. Ҳамкасбларига уни телефон қўнғироқлари билан безовта қилмасликларини тайинлайди.

Войчицки ҳозирда IT оламидаги энг муваффақиятли аёллардан бири саналади.

Унинг омад формуласи ҳам жуда оддий: “хато қилдингми? — уни дарҳол тўғирла, ўз ҳатти-ҳаракатларингни таҳлил қил, ақл билан иш тут, бекорчи нарсаларга вақт сарфлама ва шошил”.


Машҳур голливуд актрисаси Хеди Ламарни кўпчилик кино юлдузи сифатида яхши танийди. Аммо унинг ихтироси ҳозирда кенг қўлланилаётган Bluetooth ва Wi-Fi яратилишига асос бўлганлигидан ҳамманинг ҳам хабари бўлмаса керак.

1940 йилнинг 17 сентябрида қутқарув кемасининг чўкиб кетиши оқибатида 77 нафар ёш болаларнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни эшитган Ламар дўсти, компози тор Жорж Антейл билан биргаликда масофадан туриб бошқариладиган торпеда (сувости снаряди) ларини яратиш устида иш бошлайди.

Ламарнинг ғоясига кўра, масофадан бошқарилаётган торпедага нишонга олинган объектнинг координатларинини битта частота орқали юборилса, душман сигнални осонликча тутиб олиб, ҳужумни бартараф қилиши ёки уни бошқа нишонга йўналтириб юбориши мумкин. Шунинг учун,координатларни юборишда тасодифий кодлардан фойдаланиш керак эди.

1942 йилнинг августида Ламар “махфий алоқа тизими” (Secret Communication System) га патент олади.

Бу янгилик ҳарбий кемаларда кенг қўлланилди. Бундан ташқари, Bluetooth, COFDM (Wi-Fi-тармоқларда) ва CDMA (симсиз телефонларда қўлланилади) каби замонавий аҳборот технологиялари учун асос бўлиб хизмат қилди.

Юқорида айтиб ўтилганлардан ташқари, бу борада ўз ўрнига эга бўлган аёллар кўпчиликни ташкил қилади. Бугун уларнинг IT даги ўрни қай даражада эканлиги ҳақида билдирилаётган фикрлар турлича. Бироқ, шунга қарамай улар соҳа ривожига сезиларли ҳисса қўшишган деб, бемалол айтишимиз мумкин.