Ягона портал: сон ҳамда сифат уйғунлиги

Давлат органлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида кўрсатиладиган электрон давлат хизматлари (ЭДХ) электрон ҳужжат шаклида тақдим этилади. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида икки турдаги давлат хизматлари мавжуд бўлиб, булар ахборот (офлайн) ва интерактив хизматлардир.

  • “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш марказининг 2017 йил январь ойида ўтказилган сарҳисобига кўра, энг оммабоп интерактив хизматлар сирасига қуйидаги хизматлар кирган:
  • “Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда якка тартибдаги тадбиркор ёки деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун онлайн ариза юбориш”;
  • “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга олиш”;
  • “Хорижий автомобилда юк ташувчилар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракатланиш йўналишларини ўзгартиришга рухсатнома олиш учун электрон ариза тақдим этиш”;
  • “Судланганлик ёки судланмаганлик тўғрисидаги маълумотномаларни олиш учун электрон ариза юбориш”,
  • “Электрон рақамли имзони олиш учун ариза юбориш”.

Шунингдек, Давлат божхона қўмитасининг хизматлари юридик шахслар ўртасида энг талабгир хизматлар ҳисобланади. Хусусан, “Божхона тўловлари бўйича солиштирув далолатномалари”, “Ташқи иқтисодий фаолиятга тегишли контракт (шартномалар) маълумотларини Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритиш” ва “Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини автомобиль транспортида олиб ўтишда юк ташувчилар томонидан Давлат божхона хизмати органларига олдиндан электрон маълумот тақдим этиш” хизматларидан юридик шахслар кўпроқ фойдаланишган.

Интерактив хизматлар қаторида автоматик тарзда ишлайдиган хизматлар ҳам мавжуд бўлиб, уларда сўров жўнатилгани заҳоти жавоб дарҳол шаклланади. Бу турдаги энг кўп қўлланиладиган хизматлар сирасига “Фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимида ҳисобга олиш”, “Фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи ҳолати ҳақида маълумот олиш”, “СТИРни аниқлаш ва гувоҳномани шакллантириш” кабилар киради.

Ягона порталнинг муҳим жиҳатлари:

  • 1729 та давлат органи кўрсатаётган 308 та электрон хизмат;
  • фойдаланувчиларнинг кўрсатилаётган хизматга нисбатан билдираётган мулоҳазаси, электрон иштирок этиши;
  • давлат хизматлари кўрсатилишининг шаффофлиги;
  • Call-марказлар ҳамда давлат хизматларидан фойдаланишда маслаҳатчилар ёрдами кўрсатилиши;
  • мамлакатнинг 194 туманида “Ягона дарча” марказлари фаолият юритиши.

ЯИДХПда яратилган яна бир имконият – давлат органлари ёки бошқармаларининг фаолиятига оид ариза, шикоят ва таклифларни юборишдир. Шикоят давлат хизмати кўрсатилаётган саҳифада, ундан қониқмаган ҳолатда, ўша ташкилот ёки уни бошқарувчи юқори ташкилотга нисбатан қолдирилиши мумкин. “Фуқаролар мурожаати тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, фойдаланувчиларнинг шикояти белгиланган муддатда кўриб чиқилади. Ушбу ҳолатда шикоят қилувчи шахс маълумотларнинг ҳаққонийлигига ва тўлақонлилигига масъулдир.

Таъкидлаш жоизки, Ягона порталнинг ҳар бир хизмат кўрсатиш саҳифасида хизмат кўрсатувчи давлат ташкилотининг номи, манзили, телефони ҳамда боғланиш учун бошқа маълумотлар келтирилган бўлиб, муаммо ва англашилмовчиликлар юзага келган ҳолатда, фойдаланувчи улардан фойдаланиб боғланиш орқали керакли маслаҳат олиши мумкин.

2017 йилнинг 8 февралида Ягона интерактив хизматлар порталига келиб тушган мурожаатлар сони 1 000 000 га етганига ало ҳида урғу бериш керак.

Статистик маълумотларга кўра, давлат ва хўжалик органларига келиб тушган мурожаатларнинг 98 фоизи (982,7 мингтаси) ҳал қилинган, 2 фоиздан камроғи ўрганиш ва ишлаб чиқиш жараёнида. Айтиш керакки, Ягона порталга келиб тушган энг кўп мурожаатлар сони 2016 йилнинг октябрига тўғри келиб, бу юридик ва жисмоний шахсларга кўрсатилаётган интерактив давлат хизматлари сонининг ортиши билан боғлиқ.

2013 йил 1 июль (Ягона портал ишга тушган кун)дан буён 432,5 мингта мурожаат жисмоний шахслардан, 567,6 минг мурожаат юридик шахслар (тадбиркорлар)дан келиб тушган. Бундан ташқари, 68 минг мурожаат алоқа марказлари (Call-center)га 1060 ва 200-18-18 рақамлари орқали келиб тушган.

Айни пайтда порталнинг янги шакли устида иш олиб борилмоқда, у фуқаро ҳамда давлат органи вакиллари ўртасидаги электрон алоқа жараёнининг самарадорлигини оширишга, сифат даражасининг кўтарилишига қаратилгандир. Унинг ишга тушиши Ягона портал кўрсатаётган хизматлар тезкорлиги,қулайлигини ва айниқса, самарадорлигини оширади. Зеро, Ягона интерактив давлат хизматлари портали фаолиятининг бош мақсади ҳам аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини сифатли ҳамда самарали кўрсатиш ҳамда фойдаланувчиларнинг сонини оширишдир.


Жасур Умаров, “Электрон ҳукумат”
маркази Интерактив хизматларнинг ягона порталини
ривожлантириш бўлими бошлиғи,
Нигора Умарова, бўлим етакчи мутахассиси

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ