Кибержиноятчиликка қарши курашишда интернет-маданиятнинг аҳамияти

Бугун дунё бўйлаб ахборот хавфсизлиги билан биргаликда “киберхавфсизлик” тушунчаси кенг қўлланилиб, унинг аҳамияти борган сари тўлиқроқ эътироф этилмоқда. Қуйида киберхавфсизлик тушунчаси, унинг ахборот хавфсизлиги ўртасидаги фарқи ҳамда кибержиноятчилик ва унга қарши курашишда Интернет-маданиятнинг аҳамияти ҳақида баён қилинади. 

Лазиз Бўранов, Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги Давлат бошкаруви академиясининг 2-курс тингловчиси

Киберхавфсизлик – кибермаконнинг барча ташкил этувчилари (яъни техник қурилмалар ва  фойдаланувчилар)ни ҳар қандай таҳдидлар ва кутилмаган таъсирлардан ҳимояланганлик ҳолати мажмуидир. Киберхавфсизлик бу кибермакон, корхона ресурслари ва фойдаланувчилар ҳимоясини таъминловчи  воситалар тўпламидан, яъни стратегия, хавфсизликни таъминлаш тамойиллари, хавфсизлик кафолатлари, таваккалчиликларни бошқаришдаги ёндашувлар, фаолиятлар, профессионал тайёргарликлар ва технологиялардан иборат. Киберхавфсизлик, ташкилот ресурслари ёки фойдаланувчиларини кибертаҳдидларга мос равишда хавфсизлик (ҳимояланганлик) хусусиятларини сақлаш ва эришишни кўзда тутади.

Киберхавфсизлик ахборот жамиятини ривожланиб боришидаги муҳим шартлардан биридир.

Ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик тушунчалари ўртасидаги фарқ шундаки, ахборот хавфсизлигининг мақсади барча йўналишларда ахборотни конфиденциаллик, яхлитлик ва фойдалана олишлик ҳолатини таъминлашдан иборат. Ўз навбатида киберхавфсизлик бу фақат кибермаконда (яъни Интернет тармоғида, ахборот тизимларида ва ҳ.к.) хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган стратегиялар, хавфсизликни таъминлаш тамойиллари ва кафолатлари ҳамда инсон ресурслари орқали амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳамда воситалар мажмуидир.

Мухтасар қилиб, киберхавфсизликни кибержиноятчиликка қарши курашга доир чора-тадбирлар мажмуи, деб атаса ҳам бўлади.

Кибержиноятчилик тушунчаси ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси даги кўплаб турдаги жиноятларни ўзида бирлаштирган. Виртуал тармоқда даҳшат солиш, вирус ва бошқа зарарли дастурлар, қонунга зид ахборотлар тайёрлаш ва тарқатиш, электрон хатларни оммавий тарқатиш (спам), хакерлик ҳужуми, веб-сайтларга ноқонуний кириш, фирибгарлик, муаллифлик ҳуқуқини бузиш, кредит карточкалари рақами ва банк реквизитларини ўғирлаш (фишинг ва фарминг) ҳамда бошқа турли ҳуқуқбузарликлар шулар жумласидандир. Бундай ҳолатларда жиноятчилар ўзларини қизиқтирган “объектлар”га моддий ва маънавий зарар етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Кибержиноятчилик ва уни содир этувчи кимсалар доираси эса йилдан-йилга кенгайиб бораётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Қуйида кибержиноятчиликнинг айрим кўринишлари мисол тариқасида келтирилади:

Кибертерроризм – террористик мақсадлар йўлида компьютер ва телекоммуникация технологиялари (асосан Интернет)дан фойдаланиш. Кибертерроризм, шунингдек, махсус хакер дастурлари орқали компьютер бошқаруви тармоқларини эгаллаб олиш ва компьютер вируслари ёрдамида Интернет тармоғида теракт содир этиш, Интернет тармоғини ишдан чиқаришни кўзда тутади. Ушбу термин биринчи маротаба 1980-йилларда АҚШдаги Хавфсизлик ва разведка институти (Institute for Security and Intelligence) катта илмий ходими Барри Коллин томонидан ишлатилган.

Киберфирибгарлик – бу Интернет тармоғи орқали бузғунчининг атайин бирор-бир кимсага моддий ёки маънавий етказиши жараёнидир. Бугунги кунда киберфирибгарликнинг яққол кўриниши – жабрдийданинг молиявий маълумотларини ўғринча қўлга киритган ҳолда, унга моддий ва маънавий зарар етказиши ҳоллари кенг тус олмоқда. Қуйида мисол келтирилади:

ИЛОВА:

Иловага изоҳ: mister.williams.1962@mail.ru электрон почта манзилидан 2017 йил 27 октябрда менга келган хатда ўзини Барристер Жонсон Уильям Эск деб таништирган кимса гўёки унинг Владимир Буранов исм-фамилияли мижози, турмуш ўртоғи ва ягона қизи тўсатдан вафот этганликлари ҳақида хабар берган. Хатда яна билдирилишича, Владимир Бурановнинг банкдаги ҳисоб рақамида 10,5 миллион доллар миқдоридаги пул маблағи қолиб кетган. Жаноб Уильям менга ушбу маблағни олишимда ёрдам бермоқчилигини, бунинг учун у билан ёзишмани давом эттиришим лозимлигини билдирган.

Dear friend Buranov,

I am contacting you to help get the deposit (10.5 million Dollars), my late client Engineer Vladimir Buranov left in his Bank before his sudden death with his wife and their only Daughter on April 21, 2007, in order to avoid confiscation.

For more information about this transaction to continue with me on out E-mail: johnsonwilliams314@gmail.com, or you can provide your private E-mail address, so that I can write to you with details.

I find it very difficult to send this items to you because of your differences mail.ru domain / IP. I suggest you create a yahoo.com, Hotmail.com or gmail.com and reply me through it easily our correspondence.

With kind regards and best wishes,

Barrister Johnson William Esq

……………………………………………………………………………………………………

Дорогой друг Буранов,

Я связываюсь с вами, чтобы помочь получить депозит (10,5 миллиона долларов), мой последний клиент-инженер Владимир Буранов ушел в свой банк до своей внезапной смерти с женой и единственной дочерью 21 апреля 2007 года, чтобы избежать конфискации.

Для получения дополнительной информации об этой транзакции, чтобы продолжить со мной на нашем E-mail: johnsonwilliams314@gmail.com, или вы можете предоставить свой частный адрес электронной почты, чтобы я мог написать вам подробную информацию.

Мне очень сложно отправить эти предметы вам из-за различий домена mail.ru / IP. Я предлагаю вам создать yahoo.com, Hotmail.com или gmail.com и ответьте мне через это легко наша переписка.

С добрыми пожеланиями,

Барристер Джонсон Уильям Эск

Киберфирибгарликнинг юқоридаги усули дунё бўйлаб кенг тарқалган бўлиб, бундай кимсалар исталган одамларга Интернет тармоғи орқали боғланиб, ўзларини нишондагиларнинг гўёки вафот этган чет эллик қариндошларининг расмий вакиллари деб таништирадилар ва “марҳум”лардан қолган катта миқдордаги пул маблағларини қўлга киритишда ёрдам беришни таклиф қиладилар. Бунинг учун улар “ўлжа”ларидан қуйидаги ишларни амалга оширишни сўрайдилар:

  1. Ҳужжатларни расмийлаштириш учун шахсга доир айрим ҳужжатлар нусхаларини юбориш (бу, авваламбор, шахсий ахборот хавфсизлиги меъёрларига тўғри келмайди);
  2. “Марҳум”лардан қолган пулларни “меросхўр”ларга тўлиқ ўтказиш (расмийлаштириш) учун маълум миқдордаги пул маблағи (масалан, 2000 АҚШ доллари) юбориш.

Ер юзида бундай фирибгарликнинг домига тушганлар ҳисобидан “ҳужжатларни расмийлаштириш” учун келиб тушадиган миллионлаб одамларнинг маблағлари йиғиндиси қанчалик катта миқдорда бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Рақамли дипломатия деганда ахборот-коммуникация технологиялари (асосан Интернет)нинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда, дипломатик топшириқларни бажариш тушунилади. Бироқ сўнгги пайтларда “рақамли дипломатия” тушунчаси бир давлатнинг АКТдан, асосан ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда, бошқа бир давлат ички ишига аралашуви, низо қўзғаши сифатида тушунилмоқда.

Буллинг (инг. “дўқ қилиш”, “зўравонлик қилиш”) ижтимоий моҳияти бошқаларни қўрқитиш, камситиш, жисмоний ва руҳий террор қилиш йўли билан ўзига бўйсундириб олиш. Кибербуллинг эса Интернет орқали виртуал тармоқ фойдаланувчиларини, айниқса, ёшларни ҳақоратлаш, камситиш ва шу билан бирга, уларда бундай хатти-ҳаракатларга рағбат уйғотиш жараёнидир.

Грифинг бу кўпчилик компьютер ўйинчилари иштирокидаги ўйин жараёнида кимнингдир қаттиқ жаҳлини чиқариш, яъни руҳий зарба бериш. Бундай ўйинлар натижасида айрим ҳолларда “жаҳл отига минган” жабрдийда ёшлар ўзига шикаст етказиб қўяди. Грифинг “ўйин ичидаги вандализм” деб ҳам таърифланади. Грифинг билан шуғулланувчи кимсалар “грифёрлар” деб аталади.

Юқорида кибержиноятчиликнинг айрим кўринишлари мисол сифатида келтирилди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: кибержиноятчиликка қарши курашишда энг самарали восита борми? Бор! Бу – Интернет-маданият.

Интернет-маданият – бу Интернет орқали фойдаланувчиларнинг мулоқот, ахборот олиш ва узатиш маданиятидир. Интернет-маданият (кибермаданият деб ҳам аталади) деганда, шунингдек, виртуал тармоқдаги ижтимоий онгга салбий таъсир этувчи, яъни вайронкор-бузғунчи, ахлоқ меъёрларига тўғри келмайдиган ва нохолис мазмундаги ахборотлардан фойдаланишнинг онгли равишда чекланилиши тушунилади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Интернет оламида кенг учраётган жиноятлар, жумладан, ғоявий ва техник (хакерлик) бузғунчиликлар жиноятчилар ва жабрдийдаларнинг Интернет-маданият меъёрларига риоя қилмаслиги оқибатида юзага келмоқда. Нафақат мамлакатда, балки дунё миқёсида Интернет-маданиятни ривожлантириш орқалигина кибержиноятчиликка қарши самарали курашиш мумкин.

Жамиятда Интернет-маданиятни ривожлантиришга доир қуйидаги таклифларни келтириш мумкин:

  1. Оилада фарзанд тарбиясига катта масъулият билан ёндашиш;
  2. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга компьютер саводхонлиги ва Интернетдан фойдаланиш маданиятини ўргатилиши ва улар орқали ёшларнинг Интернетдан тўғри ва самарали фойдаланишларини таъминлаш;
  3. Интернет хавфсизлиги соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш;
  4. Ёшлар онгида Интернет-маданият ва ахборот хавфсизлиги кўникмаларини оширишга қаратилган қўлланманинг ишлаб чиқилиши ва ўқув юртларига бепул тарқатилиши;
  5. Тегишли ташкилотлар томонидан ўқув муассасалари ва давлат корхоналарида Интернет тармоғидан фойдаланишда Интернет-маданиятга, жумладан, одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилиниши ҳамда фуқароларни турли маънавий таҳдидлардан сақлаш, уларнинг онгида мафкуравий иммунитетни кучайтиришга қаратилган ўқув семинарлари ва тадбирларнинг ташкил этилиши;
  6. Оммавий ахборот воситаларида Интернет-маданиятга доир материалларнинг эълон қилиб борилиши;
  7. Таълим муассасаларидаги АКТга доир дарсликларга Интернет-маданият ва унинг аҳамиятига қаратилган мавзуларнинг киритилиши;
  8. Республикада фаолият юритаётган психологларни ёшларнинг Интернетга қарамлигига қарши кураш йўналиши бўйича қайта тайёрлаш;
  9. Компьютерга ножўя ахборотларни қабул қилишга қарши махсус тақиқлов дастурлари ўрнатилиши. Хорижда бундай тажриба кенг йўлга қўйилган (бу йўналишдаги энг машҳур дастурлар: Киберпатруль ёки Кидсконтрол);
  10. Оммабоп хорижий ижтимоий тармоқларнинг миллий фойдаланувчиларга маъқул келаётган имкониятлари тўлиқ ўрганилиб, миллий ижтимоий тармоқларга татбиқ этилиши;
  11. Таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчи ва талабалар ўртасида Интернет-маданиятга оид турли кўринишдаги танловларнинг ташкил этилиши;
  12. Интернетдан фойдаланиш маданияти тарғиб этилган ташқи рекламаларнинг ташкил этилиши (яъни кўчалардаги биллбордларда бу йўналишдаги тарғибот матнлари ва суратларнинг жойлаштирилиши);
  13. Республикада “Хавфсиз Интернет ойлиги”ни йўлга қўйиш.

Хулоса қилиб айтганда, корхоналар, таълим муассасалари ва оилалардаги ахборот тизимларида киберхавфсизликнинг ишончли таъминланганлиги ва Интернет фойдалувчилари онгида эса Интернетдан фойдаланиш маданияти кўникмасини ошириш кибертаҳдидларнинг олдини олиши учун муҳим аҳамият касб этади.