Давлат органларига рақамли имзосиз мурожаат қилиш мумкин

Жорий йилнинг 13 сентябридан бошлаб давлат органларига мурожаат қилганда электрон рақамли имзонинг бўлиши бекор қилинди. Мазкур қоида «Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 12 сентябрь куни имзоланган янги таҳририда ўз аксини топган.

Шунингдек, қонуннинг янги таҳририда «қайта мурожаат» тушунчаси ҳам қўлланилган бўлиб, у фуқаронинг аввалги мурожаатига нисбатан давлат органи томонидан билдирилган муносабат ёки жавобдан норозилигини маълум қилиш ёки мурожаатини кўриб чиқишни кечиктирилгани баён қилинган мурожаатларга нисбатан ишлатилади.

Шу билан бирга ҳужжатнинг янги таҳририга қуйидаги янги тушунчалар киритилган:

«оммавий қабул» — давлат органи раҳбарининг ёки бу борада ваколат берилган мансабдор шахснинг жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари билан оммавий учрашувларида мурожаатларни қабул қилишга доир ҳаракатини;

видеоконференцалоқа — узоқда жойлашган бир нечта абонентларнинг реал вақт режимида аудио- ва видеоахборот алмашиш имконияти билан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда интерактив ҳамкорлик қилишини;

электрон мурожаат — белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологиялари воситасида берилган, шу жумладан давлат органининг, ташкилотнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилган мурожаатни англатувчи янги тушунчалар киритилган.

Эслатиб ўтамиз, электрон рақамли имзосиз фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш амалиёти илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси фаолиятида татбиқ қилинган эди.