2017 йилнинг 20 ноябрь куни Ўзбекистондаги бир қатор муассасаларнинг ахборот ресурсларига кибер ҳужумлар амалга оширилди. Жаҳон миқёсида оммавий уюштирилган виртуал ҳужумлар оқибатида турли мамлакатларда 60 мингдан зиёд ресурслар зарарланган. Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази томонидан амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида, тегишли ташкилотларнинг веб-сайтларининг фаолияти қайта тикланди.
«UZINFOCOM» Маркази ҳамда Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш марказлари ҳамкорлигида ҳужум манбасини аниқлаш ҳамда кейинчалик бу турдаги ҳужумлардан ҳиммояланиш мақсадида, зарарланган ресурсларнинг заҳира нусхаларини яратиш юзасидан ишлар амалга оширилди.
Айни пайтда мазкур ҳужум оқибатлари тўлиқ бартараф этилган, ҳозирда зарарланган ахборот ресурслари тўлақонли режимда ишламоқда. Шунингдек, истиқболда ҳимоя чораларини ишлаб чиқиш учун кибер ҳужумларнинг уюштирилиши сабаблари ҳамда усуллари яқиндан ўрганилмоқда.