Дорихоналар фаолиятини автоматлаштирадиган янги тизим рўйхатдан ўтказилди

Дорихоналарнинг дори воситалари билан ишлайдиган бўлимларида ҳисобот бериш, иш юритиш ва ҳисоботларни тўлиқ автоматлаштиришни таъминлашга мўлжалланган тизим «TETRASOFT GROUP» МЧЖ томонидан ишга туширилди.

Ушбу тизим бир қатор имкониятларга эга, жумладан: дори воситаларини етказиб берувчилардан олинган ва қайтарилган мол ҳисобини қайта баҳолаш, ҳисобдан чиқариш ва инвентаризация қилиш; қолиплари очилиб, доналаб сотилган дорилар ҳисобини ва муддати тугаган дориларни алоҳида рангда ажратиб қўйиш.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги Ахборот хизматининг хабарига кўра, мазкур тизим ёрдамида ҳар қандай давр учун ҳисоб-китоб ўтказиш мумкин. Тизимда мол айланиши (кирим-чиқим), чекнинг исталган муддати учун касса ҳисоботи тузиш (пул маблағлари, терминал), инкассация, касса китоби юритиш, бир вақтнинг ўзида бир нечта мижозларга хизмат кўрсатиш, сотилган чекни бекор қилиш (қайтариб олиш) каби функционал имкониятлар мавжуд.

Тизим муаллифларига ушбу дастурлари учун «DGU 04716» рақамли гувоҳнома берилди.