Сирдарё вилояти: натижа ва кўрсаткичлар

“ЭЛЕКТРОН ҲУКУМАТ”

“Электрон ҳукумат”ни ривожлантириш мақсадида “2017 йилда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларнинг манзилли дастури” тасдиқланди. Ушбу манзилли дастур 43 банддан иборат бўлиб, 2017 йил якунига кўра 36 тасининг ижроси таъминланди. АКТни ривожлантириш бўйича лойиҳаларнинг манзилли дастурининг амалга оширилишига 10 315,0 млн сўм белгиланган бўлиб, лойиҳаларнинг амалга оширилишидан ўзлаштирилган маблағ 9 959,62 млн сўмни ташкил этмоқда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Баходир Хидиров, вилоятда АКТнинг жорий этилганлик ҳолати бўйича эришилган кўрсаткичлар ҳақида маълумот бериб ўтдилар.

– Ҳозирги вақтга келиб Сирдарё вилоятида АКТнинг жорий этилганлик бўйича умумий баҳо 100 фоиздан 85,52 фоизни ташкил қилмоқда. Ҳокимликнинг расмий веб-сайти ва улар орқали тақдим этилаётган интерактив давлат хизматлари сифати бўйича эса мақсадли кўрсаткич 50 фоиз бўлиб, бизнинг вилоятда бу кўрсаткич 44,15 фоизни ташкил этди, – дейди Баходир Хидиров.

– Ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва электрон ҳужжат айланиши тизимларининг жорий этилиши бўйича мақсадли кўрсаткич 26 фоиз этиб белгиланган бўлиб, бу йўналиш бўйича 18,07 фоиз кўрсаткичга эришилди. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш даражасига тўхталадиган бўлсак, ушбу йўналиш бўйича мақсадли кўрсаткич 20 фоиз этиб белгиланган бўлиб, бу кўрсаткич 19,3 фоизни ташкил этди.

ЯГОНА ИНТЕРАКТИВ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ ПОРТАЛИ

Вилоят ҳокимлигининг расмий sirdaryo.uz веб-сайти маълумотлар билан бойитилиб борилмоқда. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш, коммунал соҳа бўйича кўрсатилаётган Давлат хизматларини Интерактив тарзда йўлга қўйиш мақсадида, ҳозирга келиб веб-сайтда 29та интерактив хизматлар йўлга қўйилган бўлиб, улардан 12 таси базавий ва 17 таси қўшимча интерактив хизматлар яратилиб, шундан 15 та қўшимча интерактив хизматлар икки томонлама ишлаши йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан pm.gov.uz – Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси ҳамда my.gov.uz – Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам мурожаатлар қабул қилинади. Мурожаатларни кўриб чиқиб, жавоб қайтариш бўйича вилоят ҳокимлиги ҳамда шаҳар ва туман ҳокимликларида масъул шахслар белгиланган бўлиб, белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши қатъий назоратга олинган.

Сирдарё вилояти Ўзбекистон Республикасининг марказий қисмида Сирдарёнинг чап қисмида жойлашган. Ер майдони 5,1 минг кв. километрни ташкил этиб, Ўзбекистон ҳудудининг 1,14 фоизини эгаллайди. Вилоятдаги аҳоли сони 2018 йил 1 январь ҳолатига 815,7 минг кишига тенг.

Сирдарё вилояти ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ўртасида корпоратив тармоқ ва унда ijro.gov.uz электрон ҳужжат айланиши тизими жорий этилган. Ҳисобот даврида NIS.UZ тизимига киритилган маълумотга кўра, Сирдарё вилоят ҳокимлигида электрон ҳужжат айланишининг умумий кириш ва чиқиш корреспонденцияларидаги улуши 76,8 фоизни ташкил этган. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида ходимларнинг 145 нафари (вилоят ҳокимлигида 29 та, шаҳар ва туман ҳокимликларида 116 та) электрон рақамли имзо калитлари билан таъминланган.

Ўзбекистон Республикаси очиқ маълумотлар порталига Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан 272 турдаги маълумотлар тўпламлари жойлаштирилиб, ушбу маълумотлар фойдаланувчилар томонидан 132269 марта кўчириб олинган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 13 майдаги 120-сон қарорига мувофиқ, Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан кўрсатилаётган 17 турдаги давлат хизматлари Ягона реестрга киритилган ва эълон қилинган.

– Бугунги кунда Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 29 турдаги рухсат бериш, лицензиялаш ҳамда ахборот туридаги хизматлар расмий веб-сайт ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилмоқда, – дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Баходир Хидиров.

ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ

Сирдарё вилоятида “Ўзбектелеком” АК Сирдарё филиали томонидан 2017 йил мобайнида вилоятда 91,7 км узунликдаги оптик толали алоқа линияси қурилди. 2018 йил давомида вилоят ҳудудларида 137 км оптик толали алоқа линиялари ётқизилиши режалаштирилган. Вилоятда 2017 йилда кенг полосали тармоқлар сиғими 4200 портга оширилиб, 22,0 минг портга етказилди. АDSL ва FTTx технологиясига асосланган юқори тезликдаги Интернет хизматларидан фойдаланувчилар сони 13 276 тани ташкил этади.

“ЎзМобайл” GSM алоқа тармоғининг қамровини кенгайтириш лойиҳаси бўйича 2017 йил давомида туманлардаги жами 30 та объектда база станциялар ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, йил якунига кўра жами 27 та объектларда GSM база станция қурилмаларини монтаж қилиш ишлари якунланиб вилоят бўйича 54 тага етказилди.

“ЎзМобайл” CDMA-450 алоқа тармоғининг қамровини кенгайтириш бўйича 2017 йил давомида туманлардаги жами 15 та объектда база станциялар ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, йил якунига кўра жами 14 та объектларда CDMA-450 база станция қурилмаларини монтаж қилиш ишлари якунланиб Вилоят бўйича 26 тага етказилди.

Вилоят ва туман марказларигача маълумотлар узатиш тармоқлари ўтказувчанлигини ошириш мақсадида марказига қадар магистрал тармоқ ўтказувчанлигини 40 Гбит/с.гача, туман марказларига қадар 10 Гбит/с.гача оширилган. Сирдарё вилоятида 298 та умумтаълим мактаблари, 4 та академик лицейлар, 48 та касб-ҳунар коллежлари, 104 та милиция таянч пунктлари, 69 та қишлоқ врачлик пунктидан 59 таси, 57 та касалхона ва поликлиникалар, 150 та мактабгача таълим муассасалари алоқа воситалари билан таъминланган.

Рақамли телевидение тармоғини ривожлантириш

Ўзбекистон Республикасида Япония давлатининг халқаро хамкорлик банкининг имтиёзли кредити асосида “Ўзбекистон Республикасида Ер усти рақамли телевидениесини ривожлантириш” дастури ижросини таъминлаш мақсадида “Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази” ДУК (РРТМ) томонидан 2017 йил Гулистон РТСда 1та 1кВтли қувватга тенг рақамли телеузаткич ўрнатилиб ишга туширилган ва вилоятда рақамли телевидение қамрови 100 фоизга етказилди.

КОМПЬЮТЕРЛАШТИРИШ МАРКАЗИ

Сирдарё вилоятида Ахборот-коммуникация технологияларини давлат бошқаруви органларида, таълим тизимида__ ва иқтисодиётнинг реал секторида кенг жорий этиш, ишчи ўринларини автоматлаштириш йўналишида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

– Ҳақиқатдан ҳам, бугунги кунда ишлаб чиқилган ахборот тизимлари жойларда кенг йўлга қўйилмоқда. Масалан, қоғоз сарфини камайтириш, ягона ахборот маконини ҳосил қилиш, бошқарув қарорларининг бажарилиш тезкорлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида “Пахта”, вилоятда кадрлар билан боғлиқ муаммоларни тез ҳал қилиш имконини берувчи “Кадр”, “Ижро интизомининг ягона электрон тизими http://www.ijro.gov.uz ахборот тизимлари жорий этилган, – дея сўз бошлади Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Компьютерлаштириш маркази” ДУК директори А.Бурханов. – Вилоят ҳокимлигининг 2009 йилдан расмий ишга туширилган веб-сайтида вилоятдаги янгиликлар ва хабарлар тўғрисида маълумотлар ёритилиб борилмоқда.

Вилоятда идоралараро маълумот алмашиниш “Е-ХАТ” ҳимояланган электрон почта тизими орқали амалга ошириб келинмоқда. 2017 йилнинг охирига келиб, ушбу почта тизимдан фойдаланувчилар сони 100 тадан ошди. Бу борадаги ишлар изчиллик билан давом этмоқда. Бундан ташқари, вилоятда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Гулистон Давлат университети профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ходимларнинг “Компьютер саводхонлиги” курсларида малакасини ошириш ишлари йўлга қўйилган.

Сирдарё вилоятида тадбиқ қилинган ахборот тизимларини барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида вилоят “Компьютерлаштириш маркази” ходимлари шаҳар ва туманларда 100 дан ортиқ ўқув ва амалий семинарлар ўтказдилар. Бунинг натижаси ўлароқ, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш самарадорлигининг рейтингли натижалари бўйича вилоят 2017 йилнинг якуни бўйича 85.52 балл тўплаб Республикадаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ичида 3-ўринни эгаллади.


РЕЖАЛАР

Телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича:

  • қишлоқ жойларда NGN технологияси асосида ахборот-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 3072 портга тенг MSAN станцияларини ўрнатиш ва 40 км ОТАЛ қуриш;
  • замонавий телекомммуникация хизматлари кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида 133,5 км оптик толали алоқа линияларини қуриш;
  • 3G ва 4G LTE технологияси асосида ҳудудларда мобил алоқа операторлар тармоғини ривожлантириш мақсадида 72 та база станцияларини қуриш;
  • вилоятда дастурчиларни қўллаб-қувватлаш ва иқтидорлиларни аниқлашга қаратилган “Ёш дастурчилар форуми – 2018”ни ўтказиш;
  • ёш дастурчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соҳада янги инновацион ғояларни амалга ошириш учун қулай шароитларни яратиш мақсадида Гулистон шаҳрида “Коворкинг” (co-working – биргаликда ишлаш) марказини ташкил этиш чораларини кўриш;
  • Сирдарё вилоятида 2018 йил мобайнида мобил абонентлар сонини 589 мингтадан 620 мингтага етказиш;
  • Интернет фойдаланувчилар сони 347,8 мингтадан 360 мингтага етказиш режалаштирилган;
  • кенг полосали тармоқни ривожлантириш бўйича 4992 та портга тенг 13 та MSAN қурилмасини ўрнатиш;
  • “ЎзМобайл” филиали томонидан 2018 йил давомида 42 та GSM мобил алоқа база станцияларини ўрнатиш режалаштирилган. 
АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ЙЎНАЛИШИ БЎЙИЧА:
  • Ялпи ҳудудий маҳсулотда АКТ улуши 2017 йилда 138,1 млрд сўмлик кўрсатилган хизматларни 2018 йилда 165,0 млрдга (20% дан кам бўлмаган) етказиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш. Шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг мавжуд маълумотлар узатиш локал тармоқларини инвентаризациядан ўтказиш ва модернизация қилиш;
  • Вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларида ахборот-коммуникация инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;
  • Сирдарё вилояти, шаҳар ва туман ҳокимликларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 9.08.2017 йилдаги 5017-фармойишига асосан ijro.gov.uz Ижро интизомининг Ягона идоралараро электрон тизимини жорий этиш;
  • Вилоятда “Ёш дастурчилар форуми-2018” кўрик танловини ўтказиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.02.2014 йилдаги ПҚ-2126-сон қарорига асосан вилоятда 42 та GSM база станциялари ўрнатилишига амалий ёрдам кўрсатиш.

Шунингдек, ҳудудий бошқарма томонидан 2018 йил давомида соҳа корхоналарида 2018 йилда амалга оширилиши режалаштирилган ахборот хавфсизлигини ривожлантиришга қаратилган йиллик чора-тадбирлар режасининг ишлаб чиқилиши ва Вазирликнинг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқарма бошлиғига келишиш учун киритилишини таъминлаш кўзда тутилган.

Сирдарё вилояти туманлари ва айниқса қишлоқ жойларида компьютер, интернет тармоғини кенгайтириш, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг шароитлар яратиш мақсадида алоқа ва ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиш учун лицензиялаш тартиблари, имтиёзлари шунингдек Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқарувчиларга яратилган имкониятлар ҳамда “электрон ҳукумат” тизими доирасида ягона дарча тамойили бўйича электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисида «Очиқ эшиклар куни» амалий семинарларини ўтказиш режалаштирилган.

Лочинбек Бердимуратов, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Сирдарё вилоят Худудий бошкармаси етакчи мутахассиси