Нотариус ва электрон тўлов

Бугунги дунё миқёси кундан-кунга кенгайиб бораётган оламшумул ўзгаришлар даврида яшамоқда. Бу ўтган асрда барча қитъаларни қамраб олган илмий-техник юксалишнинг натижасидир. Иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда эришилган ва глобаллашув номи остида танилган ютуқлар айнан шу илмий-техник юксалиш билан боғлиқдир. Бироқ, ҳаётда ҳар бир нарсанинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари бўлганидек, глобаллашув ҳам бундан мустасно эмас. 

Ҳозирда бутун дунёда аҳолига хизмат кўрсатишда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятидан кенг фойдаланиш жараёни жадал давом этмоқда. Айниқса, давлат идоралари томонидан кўрсатиладиган хизматларга уларни жорий қилиш бугунга келиб долзарб масалалардан бирига айланди. Ҳуқуқий хизматларнинг тезкор, сифатли бўлиши, энг муҳими, уларнинг адолатли ва шаффофлигини таъминлаш учун мазкур соҳага АКТни жорий қилиш асосий вазифалардан бири
ҳисобланади.

Юртимизда ҳам бу борада бир қатор ислоҳотлар амалга ошириляпти. Жумладан, жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Адлия вазирлиги томонидан нотариал ҳаракатларни амалга оширишда давлат божи ва тўловларни электрон тарзда тўлаш механизми йўлга қўйилди.

Ушбу хизмат ва шу каби ўзгаришлар ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Матбуот хизмати бўлим
бошлиғи Жанболат Балтабаевга мурожаат қилдик.

Нотариал хизматларни кўрсатишда электрон тўлов хизматининг йўлга қўйилиши, унгача бўлган жараён ва ташкилий ишлар ҳақида гапириб берсангиз. 

– Маълумки, илгари нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган фуқароларга кўрсатиладиган хизмат турига қараб тўлов варақаси берилар ва уларни банк орқали тўлангач ҳужжатлар расмийлаштириларди. Бу эса, ортиқча оворагарчилик, узундан узоқ навбатнинг юзага келишига сабаб бўларди. Шунингдек, бизга келиб тушаётган шикоят ва мурожаатларнинг аксариятида нотариал
идоралар ходимлари аҳолидан ортиқча пул маблағлари талаб қилаётганлиги, қоғозбозлик ва шу каби ноқулайликлар туғдираётганганлиги ҳақида айтилмоқда. Табиийки, бу ҳолатлар ўз-ўзидан соҳага бўлган ишончсизликни келтириб чиқаради.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш ва тартибга солиш, аҳолига хизмат кўрсатишда қулайлик, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бундан ташқари коррупциянинг олдини олиш мақсадида тегишли чоралар кўрилиб таклифлар киритилди. Бунинг натижасида, мазкур электрон тўлов тизими йўлга қўйилди.

Энди фуқаролар нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилганларида, давлат божи ва бошқа тўловларни мобил телефонлар ёрдамида тўлов тизимлари орқали амалга ошириш имкониятига эга бўлишади. Бунда QR-кодлардан ҳам фойдаланиш мумкин.

Бу тизимда нотариал идора ходими кўрсатилаётган хизмат турига қараб
тўланадиган пул миқдорини маълумотлар базасига киритади ва фуқарога тўлов
варақасини чиқариб беради. Базага киритилган малумотлар мунтазам назорат
қилиб борилади. Кўрсатилган суммани эса, сунъий равишда ўзгартириб қўйишнинг имкони йўқ. Ушбу варақада инвойс рақами ва QR-код мавжуд. Фойдаланувчи ўз ихтиёрига кўра улардан бири орқали тўловни амалга оширади. Агар мобил телефонида бундай имконият бўлмаса, тўловни аввалгидек банк орқали бемалол амалга ошириши ҳам мумкин. Тўлов амалга оширилгач, у автоматик тарзда қайд этилиб, тўланганлик ҳолати маълумотлар базасида акс этади. Шунингдек, тўлов варақасининг пастки қисмида

“Мазкур тўлов ҳужжатида кўрсатилган суммадан ортиқча маблағлар талаб қилиниши ноқонунийдир. Агар ортиқча маблағ талаб қилинса, Адлия вазирлигининг “1-008” ишонч телефонига зудлик билан хабар беринг.” шаклидаги огоҳлантирувчи ёзув мавжуд. Юқоридагиларнинг барчаси хизмат сифати ва тезлигини оширишга, энг асосийси, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, уларнинг давлат хизматларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган.

Электрон тўлов хизмати айнан қайси тўлов тизимларда ишлайди? 

–Бу хизмат ҳозирча фақатгина U-Pay тўлов тизимида ишлайди. Бу вақтинча, албатта.

Айни пайтда Click, Payme каби тўлов тизимлари орқали ҳам хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш устида иш олиб боряпмиз. Шу мақсадда тизим эгалари билан музокаралар ўтказяпмиз. Мазкур хизматни тез орада барча тўлов тизимларида йўлга
қўйиш ниятидамиз.

Айни пайтда U-Pay тўлов тизимининг мобил иловасида “Нотариус” бўлими яратилган. Фойдаланувчилар уни ўз телефонларига ўрнатиб, тўловларни бемалол амалга оширишлари мумкин.

Нотариал хизматлар сифатини ошириш ва такомиллаштириш бўйича яна қандай ишлар амалга оширилди?

–Аслида электрон тўлов тизими фуқароларга яратиб берилаётган қулайликларнинг бир қисмини ташкил этади, холос. Бунга қадар ҳам кўплаб хизматларнинг
электрон шаклини жорий қилганмиз.

Жумладан, 2017 йил 27 февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида тегишли ислоҳотлар қилинди.

Хусусан, 2017 йил 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳри бўйича нотариал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ хизматлар автоматлаштирилиб, кўчмас мулк ва автомототранспорт воситаларини бошқага ўтказиш тақиқланганлиги ёки хатланганлиги, шу кабилар бўйича ягона маълумотлар базаси шакллантирилди.

Илгари фуқаролардан қарздорлик ҳолати ёки мулкка тақиқ бор ёки йўқлиги ҳақида маълумотнома олиб келиши талаб қилинар, бу эса, ортиқча оворагарчилик ва қоғозбозликларга сабаб бўларди. Эндиликда, буларни паспорт маълумотларни
киритиш орқали нотариал идораларнинг ўзида аниқлаш мумкин.

Бундан ташқари, нотариал идоралар томонидан кўрсатилган хизматларнинг кунлик ҳисоботи автоматик тарзда маълумотлар базасига киритилади. Бу орқали ходимларга ҳам қулайлик яратиш мақсад қилинган. Энди нотариал идоралар ходимлари ҳар сафар янги ойнинг дастлабки кунларида фақат ҳисобот тайёрлаш билан банд бўлмайдилар, ҳисобот топшириш учун шаҳар марказига бориб-келиб юришларига ҳам ҳожат йўқ.

Нотариус идораларида юзага келаётган узундан-узоқ навбатларни бартараф қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида гапириб берсангиз.

–Навбатда туриш ҳолатларини камайтириш масадида 2017 йилда йўлга қўйилган хизмат орқали фуқаролар нотариус қабулига аввалдан ёзилишлари мумкин.

Бунинг учун фуқаролар ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) га кириб хизмат тури, сана, аниқ вақт, нотариал идора ва шу кабилар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган онлайн шаклни тўлдиришлари керак.

Ариза берувчининг мурожаати келиб тушгандан сўнг кўпи билан бир иш куни муддатида қабул қилинади.

Ушбу электрон хизматдан фойдаланиш учун фуқаролар OneID аутентификация
тизимида тасдиқланган аккаунтга эга бўлишлари керак.

Электрон хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича келгусидаги режаларингиз қандай? 

–Юқорида айтиб ўтилган хизматларнинг кўпчилиги ҳозирча фақат Тошкент
шаҳри ҳудудида амал қилади. Вазирлар маҳкамасининг қарорига кўра, 2018
йилнинг 1 июлидан бошлаб уларни бутун республика бўйлаб йўлга қўйиш ҳаракатидамиз.

Шунингдек, бизга келиб тушаётган таклифлар ва мурожаатларни ўрганиб чиқиб бошқа хизматларни ҳам яратишни мақсад қилганмиз.