Кундалик турмушимизга тобора чуқур кириб бораётган интернет хизматидан турли мақсадларда фойдаланиб, ўз эҳтиёжларимизни қондириб келмоқдамиз. Кўплаб хизмат кўрсатиш турларининг онлайн платформага кўчиб ўтиши ёки замонавий технологиялар кўмагида олиб борилиши хизмат сифати ва тезкорлигини ошириш билан бирга унинг янгича турларини йўлга қўйишга туртки беради. Энг муҳими, уларнинг бари одамларга қулайлик яратиш истаги ортидан пайдо бўляпти. IT имкониятларидан максимал даражада фойдаланиш иштиёқи юртимизда ҳам бу борадаги янги ғояларни амалга оширишга сабаб бўлмоқда.

Беморларга тиббий маслаҳатлар бериш, уларнинг саломатлигини тиклашда янгича ёндашув билан ўз фаолиятини кенгайтириб бораётган AskDoctor лойихасини ана шу янгича ғояларнинг намунаси деб айтишимиз мумкин. Мазкур лойиҳа аҳолининг тиббий саводхонлигини оширишга катта ҳисса қўшишда давом этмоқда. Tashkent Health Care компанияси томонидан йўлга қўйилган мазкур лойиҳанинг бош мақсади бемор ва шифокорлар ўртасидаги ҳар томонлама қулай мулоқотни шакллантириш, мурожаат қилувчиларни малакали мутахассисларга йўналтириш, саломатликка оид энг самарали ва ишончли маслаҳатларни бериб боришдан иборат. Бунда беморларлар ўзларига керакли йўналишдаги шифокорни ортиқча қийинчиликсиз топиб, касал ҳоли билан навбатма-навбат сарсон бўлишдан халос бўладилар.

Эндиликда AskDoctor.uz сайтига кириб малакали шифокорлар, етакчи клиникалар ҳақида маълумот олишингиз, шунингдек тиббиёт оламида рўй бераётган янгиликлардан мунтазам равишда хабардор бўлишингиз мумкин. AskDoctor ҳозирга қадар 100 дан ортиқ хусусий ва давлат клиникалари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. 500 га яқин ўз ишининг устаси бўлган малакали мутахассис-шифокорларнинг мазкур лойиҳада иштирок этаётганлиги фойдаланувчилар учун ўзига хос тиббий маслаҳат маркази вазифасини ўтайди. Беморлар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан керакли мутахассисга тўғридан-тўғри онлайн мурожаат қилиб, ундан кисқа муддатда ишончли ва самарали тавсиялар олишлари мумкин. Шунингдек сайтда клиникалар ва шифокорлар ҳақида маълумотлар: клиника манзили, унда мавжуд тиббий техника, кўрсатиладиган хизмат турлари, шифокорларнинг эришган натижа ва ютуқлари, меҳнат фаолияти, тажрибаси кабилар ҳам киритилган. Бу сизга энг яхшиларини танлаш имкониятини беради. Тизимда баҳолаш меъзонининг мавжудлиги клиника ва шифокорлар ўртасидаги қизғин рақобатни шакллантириб, уларнинг имкон қадар самарали хизмат кўрсатишига, доимий равишда ўз устида ишлашига туртки беради. Бунда фойдаланувчилар томонидан қўйиладиган баҳо ҳамда билдириладиган фикрлар уларнинг рейтингини аниқлаб беради.

Сайт рўйхатидан ўтган ҳар бир фойдаланувчининг шахсий саҳифасида “тиббий карта” бўлими бўлиб, мижозлар унда ўзларига тегишли текширув ва лаборатория тадқиқотларини, касаллик тарихини сақлашлари мумкин. Шифокорлар беморнинг ижозати билан бу маълумотларни кўриб чиқиб уларга керакли тавсияларни берадилар. Зарурат туғилса, бемор шифокорнинг қабулига онлайн навбат олиб, белгиланган вақтда келиши мумкин. Ўз навбатида шифокорлар ҳам ўз мижозлари оқимини бошқариш имкониятига эга бўладилар.

Бундан ташқари, фойдаланувчилар таҳлил натижалари ҳамда касаллик тарихини сақлаш учун шахсий “электрон тиббий карта”га буюртма бериш имконига эгалар. Яъни, энди ушбу маълумотлар аввалгидек қалин папкаларда эмас, мўъжазгина пластик карталарда сақланади. Барча маълумотлар NFC тизими орқали махсус тиббий картага киритилади. “Ask Doctor”даги саҳифангиз орқали диагностика натижалари ва олинган муолажалар тарихини кўздан кечиришингиз, шифокорга мурожаат қилаётган вақтингизда унга тиббиёт картангиздаги ўзингиз танлаган маълумотларни кўришга рухсат беришингиз мумкин. Бу шифокорнинг сизга янада аниқроқ ташҳис қўйишига ёрдам бериб, саломатлигингизни тиклаш жараёнини осонлаштиради. Мазкур хизмат тиббий маълумотларнинг дахсизлигини таъминлаш билан бирга, йўқотиб қўйилганда ортиқча муаммоларсиз қайта тиклаш имконини ҳам беради. Тиббий карталар чегирмали бўлиб, унинг эгалари лойиҳа қатнашчиси бўлган клиникалар хизматидан  фойдаланганда 5 фоиздан 50 фоизгача чегирмаларга эга бўлишади.

Умуман олганда, www.askdoctor.uz портали бемор, шифокор ва касалхоналар учун яратилган онлайн платформа бўлиб, ўз ўқувчиларига касалхона ёки шифокор-мутахассисни танлаш ҳамда бошланғич тавсияларни онлайн тарзда олиш имконини тақдим этади. Консультациялар бепул амалга оширилади. Бунинг учун порталда рўйхатдан ўтишнинг ўзи кифоя.

AskDoctor мобил иловаси эса хизматдан фойдаланишда қулайлик яратади. Смартфонингизга “Play Market” ёки “App Store”дан керакли дастурни бепул юклаб олиб, хизматдан максимал даражада фойдаланишингиз мумкин. Мобил илова турли хил фойдали бўлимлар билан бойитилган бўлиб, унда малакали шифокорлар билан онлайн-чатда алоҳида мулоқотга киришиш мумкин. Бунда шахсий касалликка оид маълумотларнинг махфийлиги кафолатланган. Бу беморларга  саломатлигига оид муаммолар билан тортинмай мурожаат қилишда қулайлик яратади.

AskDoctor ходимлари беморларнинг аксарияти аҳолининг ёши катта, замонавий техногиялардан фойдаланишда қийинчиликка учрайдиган қатламдан эканлигини ҳисобга олиб, улар учун Call-марказини йўлга қўйишган. Қўнғироқларга тиббий билимга эга ходимлар жавоб беришади.

– Ходим мурожаат қилувчининг шикоятидан келиб чиқиб у учун энг мос мутахассисни танлайди ва йўналтиради;

– Мурожаат қилувчини тегишли клиника қабулхонаси билан улаб беради;

– Таҳлиллар (лабораториялар) ҳақида маълумот беради;

– Клиникаларда мавжуд хизмат турлари ва шу кабилар ҳакида маълумот беради.

Хуллас, фойдаланувчилар Call-марказида ҳам шифокор ва клиникаларга оид ўзларини қизиқтирган барча маълумотларни олиш имкониятига эгалар.

Агарда фойдаланувчилар шифокор ёки тиббий муассаса танлашда бирон бир қийинчиликка дуч келса, www.askdoctor.uz ахборот хизмати ходимларига мурожаат қилишлари мумкин.

Ҳозирда мазкур соҳада амалга оширилаётган ишларнинг қамрови янада кенгайиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш турларининг сони ортиб бормоқда.

Бунда хорижий мутахассислар билан ҳам ҳар икки томонлама манфаатли ҳамкорликлар йўлга қўйиляпти.

Жумладан, Ҳиндистондаги Max Help Care клиникасининг тажрибали шифокорлари билан видеомулоқот хизмати ишга туширилди. Маълумки, ушбу мамлакат тиббиёти анча илғор ва кўп ҳолларда юртдошларимиз ҳинд мутахассислари кўмагига эҳтиёж туғилганида у ерга бориб даволанишларига тўғри келади. Табиийки, бу молиявий етишмовчилиги бўлган беморларга анча оғирлик қилади. Мазкур лойиҳага кўра, энди юртдошларимиз маълумот марказларига ташриф буюриб, етакчи шифокорлар хизматидан фойдаланишлари мумкин. Маълумот марказларидаги маҳаллий шифокорларимиз келган беморларни қабул қилиб уларнинг шикоятларини тинглашади ва заруратга қараб мижозлардан айримларида кузатилаётган касаллик белгилари бўйича  ҳиндистонлик ҳамкасбларига мурожаат қилишади.
Ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари ўтказиладиган онлайн видеомулоқотда ҳинд шифокорлари беморларни ўрганиб чиқиб, касаллик белгиларига кўра уларга аниқ ташҳис қўйиш ва даволаш бўйича ўз тавсияларини берадилар.