Ўзбекистон делегацияси Бутунжаҳон радиоалоқа конференциясида иштирок этди

21-23 ноябрь кунлари Халқаро электралоқа иттифоқининг Женева шаҳрида жойлашган бош қароргоҳида 2019 йилдаги Бутунжаҳон радиоалоқа конференциясига тайёргарлик кўришга бағишланган семинар йиғилиши бўлиб ўтди.
300 дан зиёд делегатлар, 100 дан зиёд турли мамлакатларнинг алоқа маъмурлари иштирок этган семинарда Ўзбекистон Республикасидан ҳам вакиллар мамлакатимизнинг бу йўналишдаги манфаатлари ҳимоя қиладиган ҳисобот ва чиқишлар билан иштирок этишди.
Нуфузли тадбирда радиоалоқа соҳасида шартномаларни кўриш, давлатларда радиочастота спектрлари ҳамда сунъий йўлдошлардан фойдаланиш каби масалалар кўриб чиқилди.
Бутунжаҳон радиоалоқа конференцияси 4 йилда бир маротаба ташкил этилиб, унда радиоалоқага оид халқаро муносабатлар таҳлили, халқаро шартномага мувофиқ радиочастота спектридан ҳамда геостационар, стационар бўлмаган йўлдошли орбиталардан фойдаланиш каби йўналишларда халқаро муносабатлар кўриб чиқилади. Бутунжаҳон радиоалоқа конференцияда кўрилган масалалар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, кенг полосали мобил алоқа ва рақамли телевидение, фавқулодда ҳолатлар ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда, иқлим ўзгаришини кузатишга, ерни тадқиқ қилишга, йўл транспорти хавфсизлигини таъминлашга мўлжалланган қурилмалар учун қўшимча частоталар ажратилиши, фуқаролик авиациясининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўшимча спектрлар ажратиш каби 30 дан зиёд мавзулар ҳам семинар муҳокама марказида бўлди.