Мобил алоқа охирги йилларда кундалик ҳаётимизга кириб келиб, кун сайин унда мустаҳкам ўрнашиб олмоқдаки, у бўлмаса ҳозирги замон жамиятини тассавур қилиш мураккаб бўлиб қолмоқда. Ҳудди бошқа ихтиролар каби, мобил телефони ҳаётимиз ва унинг кўп соҳаларига кучли таъсирини ўтказди. Ушбу қулай алоқа турисиз келажагимиз қандай бўлишини тахмин қилиш осон эмас. Бугунги мақоламизда Интернет шиддат билан ривожланиб келаётган бир даврда, глобал тармоқдан ва бошқа йўллар орқали хавф солиши мумкин бўлган турли хуружлардан ушбу алоқа турини, мобил телефон ва ундаги маълумотларни ҳимоя қилиш масалаларига тўхталамиз.
МОБИЛ АЛОҚА ТИЗИМЛАРИ ТУЗИЛИШИ ВА ИШЛАШИНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ
Мобил алоқа тизимлари хизмат кўрсатадиган ҳудудни қамраб оладиган ячейкалар (сот) кўринишида яратилади. Ҳар бир ячейканинг марказида ўз ячейкаси доирасида барча мобил станцияларга хизмат кўрсатувчи базавий станция жойлашади. Абонентнинг ҳаракатланишида тизимнинг ячейкалари орасида битта базавий станциядан бошқасига хизмат кўрсатишни узатиш – эстафетали узатиш (handover) амалга оширилади.
Барча базавий станциялар ажратилган симли ёки радиореле алоқа каналлари орқали мобил алоқасининг коммутация маркази билан уланган. Мобил алоқа тизимларининг ўлчамлари катта бўлган ҳолда уларда қўшимча коммутация марказлари жойлаштирилиши мумкин. Коммутация марказидан умумий фойдаланишдаги телефон тармоғига чиқиш мавжуд, у орқали мобил алоқа тизими билан ўзаро ҳаракат амалга оширилади. Абонент бошқа мобил алоқа тизими ҳудудига ўтганида, унга хизмат кўрсатиш битта мобил алоқа тизимидан бошқасида ўтказилади, яъни роуминг амалга оширилади.
МОБИЛ СТАНЦИЯСИ
Рақамли мобил станция қуйидаги блоклардан ташкил топган: бошқарув, қабул қилиш-узатиш ва антеннали.
Бошқарув блоки ўз таркибига микро-телефон гўшагини (микрофон ва динамик), клавиатура ва дисплейни қамраб олади. Клавиатура чақирилаётган абонент рақамини ҳамда станция иши режимини белгиловчи буйруқларни “команда” териш учун мўлжалланган. Дисплей, қурилма ва станция иши режими билан кўзда тутилган маълумотни акс эттириш учун қўлланилади.
Қабул қилиш-узатиш блоки узаткич, частоталар синтезатори ва мантиқий блокдан иборат. Узаткич қуйидагилардан таркиб топган: аналог-рақамли ўзгартиргич (сигнални микрофондан чиққанида рақамли шаклга ўзгартиради), нутқ кодери (рақамли сигнални кўпайиб кетмаслиги учун ўзгартиради), канал кодери (узатилаётган сигнални радиоканал бўйича узатилаётганида хатоликлардан ҳимоялаш мақсадида уни кодлайди ва ҳаракатлантиради, узатилаётган сигнал таркибига мантиқий блокдан келадиган бошқарув маълумотни киритади), модулятор (кодланган видеосигнал маълумотини ташувчи частотага узатади).
Қабул қилгич таркиби бўйича узаткичга мос келади, фақат унга кирувчи блокларнинг тескари функциялари билан демодулятор (модулланган радиосигналдан маълумотни ташувчи кодланган видеосигнални ажратиб олади), эквалайзер (кўпнурли тарқалиши сабабли сигналнинг ўзгаришини қисман қопланиши учун мўлжалланган), канал декодери (қабул қилинган сигналда хатоликларни топади ва тўғирлайди), нутқ декодери (нутқ сигналини рақамли кўринишда тиклайди), рақамли-аналог ўзгартиргич (қабул қилинган нутқ сигналини аналог шаклига ўзгартиради ва динамикга узатади).
Мантиқий блок – бу мобил станция ишини бошқарувчи микрокомпьютер. Синтезатор – радиоканал бўйича маълумотни узатишда фойдаланадиган ташувчи частота тебранишларининг манбаси ҳисобланади.
Антенна блоки ўз ичига антенна ва қабул-қилиш узатиш коммутаторини қамраб олади. Рақамли станция учун коммутатор электрон кўринишда бўлиши мумкин, у антеннани ё узаткични чиқиш жойига, ё қабул қилгични кириш жойига улайди, чунки рақамли тизимнинг мобил станцияси бир вақтнинг ўзида ҳам қабул қилишга, ҳам узатишга ишламайди.
Аналог мобил станцияси кўриб чиқилган рақамлисидан аналог-рақамли ўзгартиргич ва кодекнинг мавжуд эмаслиги билан фарқланади.
БАЗАВИЙ СТАНЦИЯ
Мобил абонентлар алоқасини ташкил қилишнинг хусусиятларидан бири радиоканалда анча вақт жимлик бўлиши ҳисобланади. Базавий станцияга қабул қилишнинг сифатини ошириш учун тарқатилган қабулдан фойдаланилади. Бу базавий станцияда иккитадан кам бўлмаган антенна ўрнатилиши муҳимлигини билдиради. Бундан ташқари базавий станция узатиш ва қабул қилиш учун иккита алоҳида антеннага эга бўлиши мумкин. Базавий станцияларнинг яна бир хусусияти мавжуд – бир вақтнинг ўзида турли частотадаги бир неча каналларда ишлашни таъминлаш учун бир нечта қабул қилгич ва узаткичлари бўлиши мумкин.
Қабул қилгич ва узаткич мобил станциядагидек тузилмага эга бўлади, фақат уларда рақамли-аналог ўзгартиргич ва аналог-рақамли ўзгартиргичлар мавжуд бўлмайди, чунки узаткичнинг кирувчи сигнали ва қабул қилгичнинг чиқувчи сигнали рақамли шаклга эга.
Базавий станция назоратчиси (компьютер) станция ишини бошқаришни ҳамда унга кирувчи барча блоклар ва тармоқлар ишлашини назорат қилинишини таъминлайди.
Алоқа линияси билан улаш блоки коммутация марказига алоқа линияси бўйича узатилаётган маълумотни “упаковкасини” ва ундан қабул қилинаётган маълумотни “распаковкасини” амалга оширади.
Базавий станцияни коммутация марказига (агар улар ҳудудий жиҳатдан битта жойда жойлашган бўлмаса) улаш учун одатда радиореле ёки оптик-тола линия дан фойдаланилади.
Ишончлиликни таъминлаш учун базавий станциянинг блоклари ва тармоқларининг кўпчилиги нусхаланади, станция таркибига тўхтовсиз электр таъминоти ускуналари қўшилади.
КОММУТАЦИЯ МАРКАЗИ
Коммутация маркази – бу тармоқни бошқаришнинг барча функцияларини таъминловчи автоматик телефон станция. Коммутация маркази мобил станцияси устидан доимий кузатувни амалга ошириб боради, алоқани узлуксизлигини таъминлаш учун уларнинг эстафетали узатилишини ташкил қилади ва шовқин ҳамда носозликлар пайдо бўлганида сотдаги ишчи каналларини бошқасига ўтказилишини таъминлайди.
Коммутация марказида барча базавий станциялардан келган оқимлар тўпланади ва у орқали алоқанинг бошқа турларига (умумий фойдаланишдаги стационар телефон тармоғига), шаҳарлараро алоқа, йўлдош алоқа тармоғига ва бошқа мобил алоқа тизимларига чиқиш амалга оширилади. Коммутация маркази таркибига бир нечта назоратчилар (процессорлар) киради.
Коммутатор алоқа линияларига маълумотлар оқимларига оралиқ ишлов (упаковка-распаковка, буферда сақлаш) берувчи алоқа назоратчилари орқали уланади. Коммутация маркази ва тизим ишининг бошқаруви асосан марказий назоратчи орқали амалга оширилади. Коммутация марказининг иши операторлар иштирокини талаб этади, шунинг учун марказ таркибига терминаллар ва маълумотни акс этиш ҳамда рўйхатга олиш (ҳужжатлаштириш) воситалари киради. Операторлар, хусусан, абонентлар ва уларга хизмат кўрсатиш шароитлари тўғрисидаги маълумотларни, тизим иши режимининг бирламчи маълумотларини киритадилар ҳамда фавқулодда ҳолатларда тегишли буйруқларни бериб, тармоқни бевосита бошқарадилар. Тизимнинг муҳим унсурлари бўлиб маълумотлар базалари ҳисобланади – мезбон регистри, меҳмон регистри, аутентификациялаш маркази, асбоб-ускуналар регистри.
МОБИЛ АЛОҚА ТИЗИМЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ МАҚСАДЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ
Мобил алоқа тизимларини ҳимоя қилишнинг асосий мақсадлари қуйидагилардир:
- мобил алоқа тизимларининг барча бўғинларида ҳам тинчлик вақтида, ҳам алоҳида даврда ҳамда фавқулодда вазиятлар пайдо бўлганида ташқи хавфлардан ахборот хавфсизлиги ҳолатини таъминлаш;
- шахс, жамият ва давлатнинг мобил алоқа тизимларида айланадиган маълумотларининг маҳфийлигини сақлашга оид ҳуқуқлари бузилишини олдини олиш.
Мақсадларга асосланган ҳолда мобил алоқа тизимларида маълумотларни ҳимоя қилиш вазифалари шакллантирилади:
- ахборот хавфсизлигининг ички ва ташқи хавфларини аниқлаш ва башорат қилиш, уларни олдини олиш ва бартараф қилиш бўйича иқтисодий асосланган чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- республика миқёсида мобил алоқа тизимларида маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича ягона сиёсатни шакллантириш;
- мобил алоқа тизимларида маълумотларни ҳимоя қилишда қўлланадиган усуллар ва воситаларни такомиллаштириш ва стандартлаштириш;
- маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятни давлат бошқаруви (лицензиялаш) механизмини яратиш ва амалга ошириш ҳамда мобил алоқа тизимларини сертификациялаш тизимининг ва уларнинг таркибига кирувчи ҳимояланган техник воситалар, маълумотларни ҳимоялаш воситалари ҳамда қўлланиладиган ҳимоя чораларининг самарадорлигини назорат қилиш воситаларининг фаолият юритишини таъминлаш.
Ҳар бир алоҳида мобил алоқа тизимидаги маълумотларни ҳимоя қилиш тизими ҳамда унинг тузилиши ва амалга оширилишига ёндашув индивидуал ҳисобланади. Бироқ ҳар бир ҳолатларда мобил алоқа тизимидаги маълумотларни самарали комплекс ҳимоясини яратиш учун қуйидагилар зарур:
- Ҳимояга муҳтож маълумотларнинг заифлигига таъсир кўрсатувчи барча омилларни аниқлаш, яъни мобил алоқа тизимига бўлган хавфлар моделини қуриш ва чиқиб кетиш каналларини аниқлаш.
- Хавфларни аниқлашга қаратилган маълумотларни ҳимоя қилиш усулларини асослаш.
- Эҳтимолли маълумотларни чиқиб кетишидан бўлган зарарни минимиллаштиришга асосланган мобил алоқа тизимидаги маълумотларни ҳимоя қилиш вазифаларини сифатли ечимини таъминловчи комплекс тизимини яратиш.
МОБИЛ АЛОҚА ТИЗИМИГА МАЪЛУМОТЛАРНИ ТАҚДИМ ҚИЛИШ ТУРЛАРИ ВА ЧИҚИБ КЕТИШ ЭҲТИМОЛЛИ КАНАЛЛАРИ
Мобил алоқа тизимида маҳфий маълумотлар муаммосининг ечимини мураккаблигининг асосий сабабларидан бири бўлиб, унинг ушбу тизимлардаги жисмоний турларининг кўплигида ҳисобланади, бу эҳтимолли чиқиб кетиш каналларининг мавжуд бўлишини олдиндан башорат қилади ва шу билан жисмоний ҳамда функционал жиҳатдан ҳимоя тизимининг кенг қамровли ҳимоясини ташкил қилишни тақозо этади.
Шундай қилиб, идоравий тасарруфда бўлган замонавий автоматлаштирилган мобил алоқа тизимларида маълумот нутқ кўринишида, матн кўринишида, ёки қоғоздаги график тасвирларда, фото- ва кинопленкада, прекцион экаранларда, шу жумладан ЭҲМ мониторларида ва бошқа кўринишларда айланиши мумкин.
Алоқа каналлари бўйича мобил алоқа тизимларининг объектлари орасида айланаётган маълумотларни ўғирлаш ҳолатлари ҳам радиоканаллар линиялари орқали узатилаётганда, ҳам симли линиялар орқали узатилаётганда юз бериши мумкин.
Мобил алоқа тизимларининг объектлари ҳудуди ташқарисидан техник разведка олиб бориш имконияти, маълумотлар чиқиб кетиш техник каналларининг мавжудлиги билан аниқланади. Мобил алоқа тизимларининг объектларидаги маълумотлар чиқиб кетиш каналларининг барчаси 3 та асосий тоифага ажратилади:
- акустик каналлар;
- оптик каналлар;
- техник воситаларнинг чиқиб кетиш каналлари.
Хавфли каналлар тарқалиш тури бўйича акустик каналлар атмосферали ва виброакустик, оптик каналлар – кўринадиган ва тўлқинларнинг инфрақизил диапазонли каналларига ажратилади. Техник воситаларнинг чиқиб кетиш каналларига майдон каналлари, уларга кўрсатилган воситаларнинг электрик ва магнит майдонлари ҳамда линия каналларидан иборат. Уларга мобил алоқа тизимининг қуриқланадиган объектлари ҳудудидан ташқаридаги ҳар хил турдаги занжирлар ва электр ўтказувчи конструкциялар киради.
Мобил алоқа тизимининг объектларида маълумотлар чиқиб кетишининг асосий каналлари жисмоний майдонлар ҳисобга олинган ҳолда кўриб чиқилади:
- акустик канал бўйича чиқиб кетиши;
- виброакустик канал бўйича чиқиб кетиши;
- шифрловчи ва дешифрловчи ускуналарга эга бўлмаган симли ва радиоалоқа каналлари бўйича чиқиб кетиши;
- электромагнит каналлари бўйича чиқиб кетиши;
- электр энергиянинг истеъмоли бир маромли бўлмаганлиги ҳисобига асосий техник воситалари электр таъминотининг иккиламчи манбалари орқали чиқиб кетиш;
- электрик, магнитли ва акустик майдонлар хавфли сигналининг ёрдамчи техник воситаларга таъсир кўрсатиши натижасида чиқиб кетиши;
- ерга уланган сим занжирларидаги хавфли сигналнинг электр энергияси ҳисобига чиқиб кетиш;
- маҳфий маълумотлар узатиладиган занжирлар орасидаги ўзаро таъсир ва объект хавфсизлиги ҳудудидан ташқарига чиқишга эга бўлган ёрдамчи техник воситаларнинг занжирлари орасидаги ўзаро таъсир ҳисобига чиқиб кетиш;
- асосий техник воситалари билан шакллантирилган наводкаларнинг электромагнит нурланишлари ҳисобига маълумотларнинг чиқиб кетиши.
Мобил алоқа тизимидан маҳфий маълумотлар чиқиб кетиш каналларининг барчасини аниқлаш, уларни ҳимоялаш муаммосини ечиш йўлларини ва усулларини белгилашнинг муҳим шарти эканлигини қайд этиш зарур.
МОБИЛ АЛОҚА ТИЗИМЛАРИГА НОҚОНУНИЙ КИРИШДАН МАҚСАД ВА ЭҲТИМОЛЛИ СЦЕНАРИЙЛАР
Мобил алоқа тизимида узатиладиган маълумотга ноқонуний кириш қуйидаги мақсадларга эга:
- жараёнларни бажариш устидан кузатув олиб бориш;
- ўзгартиришларни киритиш;
- маълумотларни ўчириш;
- ёлғон маълумотларни киритиш;
- кечиктириш;
- ёзиш;
- маршрутни ўзгартириш;
- нусхалаш (аввал узатилган хабарларни такрорлаш).
Ноқонуний кириш хавфларини амалга оширишнинг умумлаштирилган жараёни қуйидагилар билан характерланади:
- умуман тизим ҳақида маълумотлар тўплаш;
- мобил алоқа тизимидаги маълумотларни ҳимоя қилиш тизимини ўрганиш ва унинг заиф жойларини ажратиш;
- ахборот технологиялари асосида маълумотларни ҳимоя қилиш воситаларига таъсир кўрсатиш воситаларини таҳлил қилиш ва ишлаб чиқиш (ҳимоя воситаларини енгиб ўтиш қонунбузар кучли ахборот технологияларга эга бўлган жойда амалга ошади);
- маълумотга таъсир кўрсатиш воситаларини ишлаб чиқиш;
- тармоққа кириш, ҳимоялаш воситаларини енгиб ўтиш ҳаракатлари ва тармоқ фойдаланувчиларининг ахборот ресурсига ёки умумий тармоқ ресурсига талаб қилинадиган таъсирни амалга ошириш.
Ноқонуний кириш икки босқичда амалга оширилади:
- мобил алоқа тизими тўғрисидаги ҳамда унинг ичига ўрнатилган ҳимоя тизимлари тўғрисида маълумотларни тўплаш;
- тизимга кириш ҳаракатларини амалга ошириш.
Умумий ҳолатда маълумотларни тўплаш қуйидагилар билан амалга оширилади:
- шерикларни йиғиш, телефон аппаратларига, телексларга уланиб, сўзлашувларни зимдан эшитиш;
- йўқотилган йўриқномалар, ҳужжатларни ўрганиш;
- даврий нашрларни таҳлил қилиш
- хабарларни ўғирлик йўли билан қўлга киритиш;
- телефон ва радиотармоқлар орқали сўзлашувларни зимдан эшитиш;
- маълумотларни ва электр магнит нурланишларини ўғирлаш;
- пароллар ва калитларни ўғирлаш;
- кейинчалик мобил алоқа тизимига кириш мақсадида маълумотларни қўлга киритиш учун ўғирликларни ташкил қилиш;
- таъмагирлик, пора бериб ўз томонига оғдириш билан.
Зарур объект ҳақида дастлабки маълумот олингандан сўнг мобил алоқа тизимига бевосита ноқонуний кириш амалга оширилади.
Албатта, ушбу мақолада тақдим қилинган материал мобил алоқа тизимларидаги ахборот хавфсизлиги муаммоларини тўлиқ қамраб ололмайди. Бироқ мақолада ушбу масаланинг асосий ва муҳим жиҳатлари акс эттирилган. Мобил алоқа тизимларидаги ахборот хавфсизлигининг муаммолари кўриб чиқилгандан ва таҳлил қилингандан сўнг қуйидаги хулосалар чиқарилди:
- Ҳар қандай ахборот тизими, мобил алоқа тармоқлари ахборот хавфсизлигини бузувчиларининг ҳужумлари остида қолиши мумкин, ушбу ҳужумлар тармоқ ахборот соҳасига хос бўлган хавф ва заифликларни амалга оширади.
- Ахборот хавфсизлиги масалалари бўйича номратив-ҳуқуқий базанинг таҳлили бугунги кунда алоқа операторларини ҳам ўзларининг, ҳам уларга ишонч билдирган фойдаланувчилар ахборот ресурсларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбурият юклайдиган ҳужжат билан расмийлаштирилган талаблар мавжудлигини кўрсатди. Бироқ мобил алоқа тизимларида маълумотларни ҳимоя қилишни ташкил қилиш билан боғлиқ бўлган барча масалалар ҳам етарли даражада меъёрланмаган.
- Юқорида келтирилган талабларни бажариш учун мобил алоқа тизимларини лойиҳалаштириш ва қура бошлаш босқичидан бошлаб, маълумотларни ҳимоя қилиш тизимини ярата бошлаш зарур, унинг қўлланиши, мобил алоқалар тармоқларининг, операторларнинг ва давлатнинг хизматларидан фойдаланувчиларнинг турли гуруҳлари ахборот хавфсизлигини таъминлашда манфаатларни ҳисобга олиш имконини беради.
- Белгиланган мақсадга эришишнинг асосий тамойилларидан бири бўлиб ахборот хавфсизлиги базавий босқичининг механизмини амалга оширилиши ва қўлланилиши ҳамда ахборот хавфсизлиги даражасини оширишга имкон берувчи хусусиятга эга бўлган маълумотларни ҳимоя қилиш тизимини ташкил қилиш зарур ва мажбурий ҳисобланади.