Истеъдодли инженер-электротехник ва ихтирочи Никола Тесланинг номи кўплаб техник кашфиётлар орасида анча машҳур. Жумладан, Халқаро бирликлар тизими (БТ) даги магнит индукцияси ўлчов бирлигига, АҚШдаги электромобиллар ишлаб чиқарувчи компанияга, Хорватиядаги бир неча шаҳар ва кўчаларга унинг номи берилган. АҚШ, Канада, Хорватия, Сербия, Чехия ва бошқа шаҳарларда Тесланинг шарафига ҳайкаллар ўрнатилган.
Унинг ишланмалари XXI асрда кенг қўлланилмоқда: электрогенератор, электродвигател, радиобошқарувли роботехника, электр қувватини симсиз узатиш ва бошқа кўплаб технологиялар, шулар жумласидандир.
Умуман олганда, бугунги авлод Тесланинг хизматларидан миннатдор. Бироқ, бир вақтлар телбага чиқарилган олимнинг қандай қилиб бундай эҳтиромга сазовор бўлгани эътиборни тортади.
ТЕЛБАМИ ЁКИ ОЛИМ
Никола Тесла 1856 йилнинг 9 июлида, ўша вақтларда Австрия империяси таркибида бўлган Сербиянинг Смилян шаҳрида таваллуд топди. Болалигидан ғайриоддий хулқ-атвори, электр токига бўлган ўзгача қизиқиши билан кўпчиликни ҳайратга солган Тесла отаси каби руҳоний бўлмай, дастлаб техника мактабига, кейинчалик Прага университетига ўқишга киради.
1884 йилда Америкага келган ёш олим бир муддат Томас Эдисон билан ҳам ҳамкорлик қилади. Деярли ҳар бир тажрибаси катта шов-шувларга сабаб бўладиган Тесла бутун вужуди билан фанга шунғиб кетганди. Олган патентларини бирма-бир сотар, топган пулларини янги ихтиролар синови учун аямай сарфларди. Вақтли нашрлар бот-бот унинг “шарсимон нур ҳосил қилиб, уни қўлларида ўйнатгани”, кичкинагина қути ёрдамида, зилзила ҳосил қилиб, бутун бошли бинони вайрон қилишига бир баҳя қолгани” каби хабарларни тарқатишарди. Уни ҳатто афсунгар деб ҳисобловчилар ҳам топилди.
Бундан ташқари, Тесланинг замондошлари унда башоратчилик қобилияти борлигини, воқеа-ҳодисаларни олдиндан кўра олишини кўп марта таъкидлаб ўтишган. Тесла ўз миясини ташқи оламдан бутунлай узиб қўя олишини ва бу ҳолатда унинг ички иштиёқи янада ривожланиб, сезувчанлиги ортишини айтган. Олим бу билан унинг ақли нозик сирли оламга киради деб ҳисоблаган.
Кунларнинг бирида Тесланинг Филаделфиядан меҳмон бўлиб келган дўстлари ортга поездда қайтмоқчи бўлишади. Бироқ Тесла нима қилиб бўлса ҳам уларни олиб қолиш кераклигини ҳис қилади. Дўстлари қайтиши керак бўлган поезд ўша куни ҳалокатга учрайди.
Бошқа сафар эса, унинг синглиси қаттиқ бетоб бўлиб вафот этганини туш кўради. У синглисининг аҳволи ҳақида ҳеч қандай хат-хабар олмаганди. Бироқ бу ҳақиқат бўлиб чиқади. Тесланинг молиявий ҳомийси Жон Припонт Морган машҳур “Титаник”нинг биринчи ва сўнгги рейсига чипта олганида, ихтирочи ундан сафарни бекор қилишини сўраб, ўз фикрида қатъий туриб олади. Морган ҳам Теслага ишониб, нуфузли рейсдан воз кечади.
Эҳтимол, ёлғизликни хуш кўрувчи олимнинг бошқаларникига ўхшамаган феъл-атвори, ўша давр кишиларининг ақлига сиғмайдиган, уларни қўрқувга соладиган ноодатий тажрибалари уни телбага чиқариб қўйишларига сабаб бўлгандир. Қуйида келтириб ўтилганлар бунинг қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигига ойдинлик киртиб берса ажаб эмас.
ТЕХНИКА МЎЪЖИЗАСИНИ КЎРГАНМИЗ-КУ! ЛЕКИН БУНАҚАСИНИ…!
Қўлёзма ва чизмаларни ёзиб боришни унчалик хуш кўрмаган ихтирочи-муҳандис барча билимларини миясида сақларди. Соф ақлий ҳисоб-китобларига таянган ҳолда ўзининг кўп сонли тажрибалари, текширув ва синовларини олиб борган. Тесла ўзининг физикага оид назарияларини қолдирмаган бўлса-да, сон-саноқсиз тажрибалари билан электромагнетизмга бўлган янгича ёндашув учун пойдевор яратиб кетди.
У ўз ҳисоб-китобларида Ньютоннинг “интеграли”, Лейбницнинг “дифференциали” эмас, балки қадимги юнон олимларининг оддий математик формулаларидан фойдаланди.
1889 йилдан Тесла юқори частотали ва юқори кучланишли электр қуввати устида изланиш олиб боришга киришди. Юқори частотали электромеханик генераторларнинг дастлабки намуналарини яратиб, янги электротехника саноатига ўз хиссасини қўшди.
Тесла изланишлари давомида хавфсизлик масалаларига ҳам эътибор қаратади. Турли хил частота ва кучланишдаги электр қувватини ўз танасида синаб кўриш орқали, унинг инсон организмига таъсирини ўрганади. Шунингдек, у ишлаб чиққан кўпгина қоидалар электр токидан фойдаланишдаги хавфсизлик чораларига асос бўлди.
Бундан ташқари, унинг тиббий изланишлар олиб бориш мақсадида яратган электротехник ускуналари бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган.
Юқори кучланишдаги (2 миллион волтгача) электр токи билан олиб борган тажрибалари ифлосланган юзаларни тозалаш усулини кашф қилишига олиб келди.
Электр токининг таъсири орқали теридаги майда тошма ва тешикларни йўқотиш ва микробларни бартараф қилиш мумкинлиги аниқланди. Бу усул ҳозирда замонавий тиббиётда кенг қўлланилмоқда.
Ваҳоланки, Тесла юқори частотали электр токини даволаш мақсадида тирик организмларга қўллаш мумкинлигини, келажакда электр печлари, электрон микроскоплар пайдо бўлишини анча илгари “башорат” қилганди.
1917 йилда Тесла сув ости кемаларини аниқлайдиган курилмасини эълон қилди. У электромагнит тўлқинлар ёрдамида кема ва сув ости кемаларининг жойини аниқлаш мумкинлигини исботлаб беради. Ўшанда унинг ғоясини жамоатчилик у қадар жиддий қабул қилмаганди. Фақатгина XX асрнинг 30 йилларига келиб илк радиолокаторларни ясай бошлашди.
1896-1904 йилларда Тесла радиобошқарувли ўзиюрар механизмларни ишлаб чиқди.
Кейинчалик навбатдаги ихтироси — масофадан туриб бошқариладиган қайиқ яратганини оммага эълон қилади. Бирок унинг сўзларига ҳеч ким ишонмайди. Шунда у Мэдисон Сквер Гарден боғида йиғилган оломон олдида навбатдаги ихтиросини синовдан ўтказади.
Митти кема унинг буйруғига “бўйсунганича” ҳовуз бўйлаб ҳаракатлана бошлайди. Тесла томошабинларга ҳазиллашиб ўз ихтироси билан бемалол суҳбатлашишлари мумкинлигини айтганида, улардан бири: “ 64 нинг кубик илдизи нечага тенг?”, дея савол беради. Ўшанда саволга жавобан кемадаги маёқ 4 марта ёниб ўчаганди.
Тесла ўзидан аввал ҳеч ким қўл урмаган соҳа — вақт инженерияси билан ҳам шуғулланади.
1915 йилда “Нью-Йорк таймс” газетасида Тесланинг янги ихтироси ҳақида қуйидагича мазмундаги хабар тарқалади: “Ихтирочи Никола Тесла ақл бовар қилмайдиган машинаси учун патент берилишини сўраб мурожаат қилди.
Унинг учувчисиз, винт ва қанотлари ҳам бўлмаган ҳаво кемаси электр қуввати ёрдамида фазода секундига 300 миль тезликда ҳаракатлана олади. У билан дунёнинг исталган нуқтасига бориш мумкин бўлади”.
1931 йилда намойиш қилган антиқа автомобили эса ҳаммасидан ошиб тушди. Машина ичига одатий ички ёнув двигатели ўрнига электромотор ва кичкинагина қутини ўрнатиб, уни ҳаракатга келтирди. Бир неча кундан бери синовдан ўтказилаётган автомобил 150 км/соат тезликда ҳаракатлана олар, моторга уланган қутичадаги қувват бўсла ҳеч тугай демасди. Бунинг сабабига етолмаганлар энди уни афсунгарга чиқара бошлашганди. Бундай муносабатдан ғазабланган олим қутичани узиб, ўзи билан олиб кетади. Унинг қандай ясалгани ва қандай ишлаши ҳанузгача сир бўлиб қолмоқда.
Тесланинг ўз ҳам телепортация билан боғлиқ жумбоқни ечгани ва жисмларни эфир орқали бир жойдан иккинчи жойга қўчириш имконини берувчи генератор устида иш олиб борганини таъкидлаган. Бироқ Тесла бунинг уддасидан чиққанига кўпчилик шубҳа билан қарайди. Эҳтимол, бу ҳам уни телбага чиқаришлари учун сабаб бўлгандир.
Иккинчи жаҳон уруши даврида Тесла АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг махфий лойиҳалари: Электр энергияси ёрдамида душманни масофадан туриб йўқ қилиш ва шу кабилар устида иш олиб борди. Баъзилар, унинг қўлёзмалари сирли равишда йўқолишига айнан шу ҳолатни сабаб қилиб кўрсатишади.
Бор маблағини турли лойиҳалар, тажрибалар учун сарфлаб юборган ихтирочи умрининг охирини қашшоқликда ўтказди.
Вақт ўтгани сайин одамови бўлиб қолган олим Нью-Йорк меҳмонхоналаридан биридаги хонасига қамалиб олганича яшарди.
1943 йилнинг 7 январида Тесла вафот этгач махсус бўлимнинг бир гуруҳ ходимлари унинг хонасини тинтув қилиб, барча қўлёзма ва чизмаларни олиб кетишади.
Унинг аксарият қўлёзмалари ҳанузгача топилган эмас. Айримлар унинг ўзи ҳамма чизмаларини ёқиб юборганини тахмин қилишади. Чунки Тесла ўз ихтироларига инсоният ҳали тайёр эмас деб ҳисобларди.
Юқоридагиларнинг қай бири рост, қай бири ёлғон эканлиги номаълум бўлишига қарамай, унинг кашфиётлари ўша вақтдаги техника тараққиётини белгилаб берди деб бемалол айтишимиз мумкин.
Тесланинг электр токи, ултратовушли тўлқинлар, масофадан туриб радиосигнал ва энергияни узатиш каби соҳаларда ўтказган тажрибалари, эришган ютуқлари кўп. Аммо унинг бизгача етиб келмаган сирлари унданда кўпроқдир. Бугунга келиб кўпчилик олимлар бу сирларнинг тагига етиш иштиёқи билан ёнмоқдалар. Унинг айрим тажрибаларини қайта тиклашнинг уддасидан чиққанлар ҳам бўлди. Бироқ булар бор-йўғи айсбергнинг сув юзасида кўриниб турган қисми эканлиги ҳеч кимга сир эмас.