Британиянинг Рақамли тараққиёт хизмати ўзбекистонлик ҳамкасблари билан тажриба алмашмоқда

Жорий йилнинг 4 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистонда Буюк Британия элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан ташкил этилган “Ўзбекистонда электрон ҳукумат ва рақамли трансформация келажаги” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси қатор вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, Буюк Британия Вазирлар Маҳкамасининг Рақамли тараққиёт хизмати (Government Digital Service, GDS) иштирокида бўлиб ўтган тадбирда рақамли трансформация стратегия ва дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, мазкур соҳада Буюк Британия тажрибасини ўрганиш, фойдаланувчиларга қаратилган давлат хизматларини ишлаб чиқиш ва кўрсатишни йўлга қўйиш, ёш ходимларни лойиҳавий ёндашув асосларига ўргатиш, хизматларни лойиҳалаштириш, шунингдек, давлат ахборот тизимларини ишлаб чиқишда платформа ёндашувини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.

GDS Буюк Британия Вазирлар Маҳкамаси Котибиятининг давлат бошқаруви тизимининг рақамли трансформацияси учун ваколатлари бўлинма ҳисобланади. 2010 йилда ташкил этилганидан бери, ушбу идора давлат хизматлари тизимини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотларнинг асосий кучи бўлиб, айниқса, жараёнларни рақамлаштириш ва фойдаланувчилар эҳтиёжи инобатга олинган хизматларни лойиҳалаштиришнинг мутлақо янги ёндашувларини жорий қилиб, рақамли платформаларни ишлаб чиқиш ва лойиҳа бошқарувининг янги ўсулларини (Agile development) қўллади. Ушбу чора-тадбирлар натижасидаБМТнинг электрон ҳукумат рейтингида  2016 йилда Буюк Британия жаҳонда биринчи, 2018 йилда эса тўртинчи ўринни эгаллади.

GDS халқаро лойиҳалари раҳбари Алекс Сегроув иштирокчиларни Буюк Британия электрон ҳукуматининг эволюцияси, раҳқамли трансформация стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнлари билан таништирди.

Давлат суҳбатининг асосий мавзуларидан бири рақамли платформа ёндашувига асосланган рақамли трансформация ўтказишдир. Хусусан, БМТ ТД лойиҳаси маслаҳатчилари ишлаб чиқилган хабар бериш ва жамоатчилик назорати платформалари концепцияси ҳақида сўз юритишди, GDS бош дастурий таҳлилчи Лиз Лутгендорфф рақамли платформаларни ишлаб чиқаришда Буюк Британия тажрибаси билан ўртоқлашди.Буюк Британияда ушбу платформалар 400 дан ортиқ рақамли хизматлар кўрсатиш учун фойдаланилади, бу эса ҳар йили 450 миллион фунт-стерлинг маблағларини тежаш имконини беради.

Ўзбекистонлик маърузачилар тақдимотида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси доирасида, давлат хизматлари тизимини такомиллаштириш ва мамурий жараёнларни рақамлаштиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидладилар. Жорий йилда “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш концепцияси, шунингдек, Миллий рақамли иқтисодиётни ривожлантириш стратегияси (“Рақамли Ўзбекистон – 2030”) ишлаб чиқиш режалаштирилган.

GDS делегацияси ташрифи давомида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралар билан учрашувлар, 7 мартда давлат хизматларини ишлаб чиқиш ва кўрсатиш жараёнлари билан шуғулланаётган давлат органлари ходимлари учун хизматларни лойиҳалаштириш (сервис-дизайн) бўйича семинар-тренинг ўтказиш назарда тутилган.

Мазкур тадбир натижасига кўра:

  • давлат органлари ходимларининг рақамли трансформация ва фойдаланувчиларга қаратилган давлат хизматлари қамраб олинган рақамли трансформация давлат стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун лозим бўлган малака ва имкониятларини ошириш;
  • ҳукуматга рақамли трансформация ва электрон ҳукумат стратегияси масалалари бўйича эксперт тавсияларини тақдим этиш;
  • эҳтиёжларни баҳолаш ва 2019-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик иш режасини ишлаб чиқиш кутилмоқда.