Бу кун тарих зарварақларига муҳрланди (фото, видео)

Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказининг ташкил этилганига роппа-роса 1 йил тўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказини ташкил этиш вазифаси белгиланган эди. 2020 йилнинг айнан шу бугунги санасида эса Вазирлар Маҳкамасининг 409-сон қарори билан ушбу Марказ фаолияти йўлга қўйилган.

Бир йиллик фаолият муносабати билан бугун эрта тонгдан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб дарвозалари меҳмонлар учун кенг очилиб, ушбу даргоҳда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг раҳбарларини тақдирлаш маросимини ўтказиш учун тайёргарлик жараёнлари бошлаб юборилди.

Ташкилотчилар, медиа ва операторлар гуруҳидан иборат катта жамоа тадбирнинг тўғридан-тўғри трансляция қилинишида масъуллигини ҳис қилиб, ўз вазифаларини бажаришга шайланди.

Ниҳоят кўтаринки кайфият билан кириб келган илк меҳмонлар кутиб олинди. Тақдирлаш маросимига вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, корхона ва ташкилотлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда халқаро экспертлар ташриф буюришди.

Тадбир аввалида ҳамманинг эътибори мониторга қаратилди. Унда сўнгги йилда мамлакатимизда электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича эришилган муҳим натижаларга бағишланган видеоролик намойиш этилди.

Маълумки, 2020 йил 5 октябрда Президентимизнинг «Рақамли Ўзбекистон – 2030» Стратегияси тасдиқланиб, ушбу ҳужжат ҳудудларни ва тармоқларни рақамли трансформация қилишда дастуриламал вазифасини ўтамоқда ва бу Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказининг қисқа фурсатда самарали натижалар кўрсата олганида ҳам намоён бўлди.

Жумладан, Электрон ҳукуматнинг Идоралараро интеграция платформаси орқали давлат органларининг 120 дан ортиқ ахборот тизимлари ва хизматлари ўртасида ойига ўртача 100 миллиондан ортиқ ахборот алмашинуви амалга оширилиб, бу жараёнларда инсон омили иштирокини камайтиришга, коррупцияни йўқотишга, адолат ва шаффофликни таъминлашга ёрдам берди.

Вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ва давлат хизматларига кириш «калити» ҳисобланган ягона идентификация тизими — OneID орқали эса бугун 1 миллиондан зиёд фойдаланувчилар 70 дан ортиқ ахборот тизимларига кириб бормоқда.

Электрон ҳукуматнинг асосий инфратузилмаси бўлган Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали эса аҳолимизга 260 дан зиёд электрон хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Ушбу жараёнда 26 миллиондан ортиқ аризалар электрон қабул қилинган бўлиб, вақт ва молиявий харажатларнинг тежалишига хизмат қилмоқда.

Электрон ҳукуматнинг янги ишлаб чиқилган Ахборот тизимлари ва ресурслари ягона реестри орқали эса 29 та ташкилотнинг 93 та ахборот тизимлари лойиҳа-техник ҳужжатларини келишиш, улар бўйича хулосалар олиш жараёнлари автоматлаштирилган тарзда амалга оширилган.

Яна бир муҳим лойиҳалардан бири электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри бўлиб, ҳозирда тизим орқали 41 та классификаторни алоҳида веб-сервис орқали интеграция қилиш, онлайн юклаб олиш ҳамда масъул давлат идоралари томонидан янгилаб бориш имконияти мавжуд.

2021 йилнинг 5 ойи давомида «Электрон ҳукуматнинг Ягона биллинг тизими» орқали умумий қиймати 974 миллион сўмлик 8.4 миллиондан ортиқ транзакциялар амалга оширилди. Ушбу тизим давлат божлари ва йиғимларининг тўлов ҳужжатларини шакллантириш, тўловлар шаффофлигини ошириш имконини бермоқда.

«Open data» – Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталининг янги талқинига 149 та давлат идоралари томонидан 20 та соҳа бўйича 11 мингдан ортиқ маълумотлар тўплами жойлаштирилиб, улар қулай иловалар, ижтимоий ва тижорат хизматларини яратишга хизмат қилади.

Ҳудудларнинг рақамли ривожланиш даражасини аниқлаш ва уларни рейтинг баҳолаш мақсадида Nis.uz ахборот тизими жорий этилган бўлиб, у орқали 107 та ташкилот ҳамда 203 та республика ҳудудларининг кўрсаткичи – «яшил», «сариқ», «қизил» рўйхатларга ажратилди…

…Видеороликда ҳавола этилган натижалар ўз-ўзидан бўлиб қолмагани кундек равшан. Бунинг ортида юзлаб ҳамюртларимизнинг изланишлари, ўтказган таҳлиллари, меҳнати самараси тургани аниқ.

Шундан сўнг тадбирни очиш учун сўз Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқовга берилди. Вазир ўз нутқида Электрон ҳукуматни ривожлантиришни ҳеч қачон бир шахс ёки бир ташкилот амалга ошира олмаслигини, у гўёки бир катта занжир бўлиб, ҳар бир вазирлик, идора ва ташкилотлар ахборот тизимлари, маълумотлар базалари унинг элементлари ҳисобланишини, агар бу занжирнинг бирор элементи заиф бўлса, занжир узилиши каби электрон ҳукуматнинг тўлақонли фаолияти учун ҳар бир ташкилотнинг рақамлаштириш даражаси юқори бўлиши муҳим эканини таъкидлади. Шу билан бирга ҳаммага электрон ҳукуматни қуришда олиб бораётган ишлари, амалга ошираётган лойиҳаларида муваффақият ва улкан зафарлар тилади.

Сўнг сўз навбати Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси Олимжон Умаровга берилди. Вазир маслаҳатчиси барчани бир йиллик босиб ўтилган йўл, эришилган натижалар билан қутлаш баробарида ҳали соҳада қилиниши керак бўлган ишлар, муаммо ва камчиликлар кўплиги ва бу йўлда ҳамма баробар, масъулиятни ҳис қилган ҳолда ўз зиммасидаги вазифаларни бажаришда давом этиши кераклигини таъкидлади.

Ва ниҳоят ҳамма интиқиб кутган онлар етиб келди. Рақамлаштириш бўйича рейтингда юқори натижаларга эришган, электрон ҳукумат йўналишида лойиҳаларни самарали амалга оширган вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари бирин-кетин саҳнага таклиф этилди.

Ғолиблар қуйидаги номинациялар бўйича аниқланиб, махсус статуэтка ва совғалар билан тақдирланишди:

«Электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкор» номинацияси – БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси;

«Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва фаолиятни рақамлаштириш борасида энг юқори натижага эришган давлат бошқаруви органи» номинацияси – Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси;

«Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва фаолиятни рақамлаштириш борасида энг юқори натижага эришган хўжалик бошқаруви органи» номинацияси – «Навоий кон-металлургия комбинати» Давлат корхонаси;

«Ижтимоий соҳа объектларини телекоммуникация инфратузилмаси билан таъминланганлиги бўйича энг илғор ҳудуд» номинацияси – Хоразм вилояти ҳокимлиги;

«Электрон давлат хизматларини кўрсатишда энг юқори натижага эришган ташкилот» номинацияси – Ўзбекистон Республикаси Давлат хизматлари агентлиги;

«Навоий шаҳар энг илғор рақамлаштирилган ҳудуд» номинацияси – Навоий вилояти ҳокимлиги;

«Ахборот тизимлари ва инфратузилмаси юқори даражада ривожланган ташкилот» номинацияси – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;

«Энг яхши IT-бўлинмага эга ташкилот» номинацияси – Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси;

«Энг қулай ва интерактив сайт» номинацияси – Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси;

«Очиқ маълумотлар борасида энг фаол ташкилот» номинацияси – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

«Суд-ҳуқуқ соҳасида энг яхши IT-лойиҳа» номинацияси – Ўзбекистон Республикаси Олий Суди;

«Электрон давлат хизматлари соҳасида энг яхши IT-лойиҳа» номинацияси – Ўзбекистон Республика Товар-хом ашё биржаси;

«Энг яхши ички жараёнларни автоматлаштирган ташкилот» номинацияси – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги;

«Молия соҳасида энг яхши IT-лойиҳа» номинацияси – АТБ «Капиталбанк»;

«Архитектура, курилиш ва кадастр соҳасида энг яхши IT-лойиҳа» номинацияси – Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги;

«Энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги  соҳасида энг яхши IT-лойиҳа» номинацияси — Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги;

«Энг оммабоп мобил илова» номинацияси – «INSPIRED» МЧЖ ҚК («Payme» мобил иловаси).

Бошловчи томонидан тадбирнинг асосий сабабчиси, мезбони Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази директори в.б. Баҳром Зияевга сўз берилганида, залда яна қарсаклар янгради. Бу қисқа фурсат ичида Марказ томонидан амалга оширилган ишлар учун кичик бир рағбат намунаси эди.

Марказ раҳбари сўзи аввалида барча ташриф буюрганларга чин дилдан миннатдорлик билдириб, ҳар бир ишида қўллаб-қувватлаган, йўл кўрсатган АКТ вазири Шуҳрат Содиқовга ҳамда ҳукумат раҳбарларига ўз ташаккурини етказди. Шундан сўнг фурсатдан фойдаланиб, Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази жамоаси номидан энг яхши ҳамкорларига чуқур миннатдорлик изҳори тарзида камтарона совғалари борлигини ва уларни топширмоқчи эканини таъкидлади.

Ҳамкор ташкилотлар қуйидаги номинациялар бўйича аниқланиб, махсус совғалар билан тақдирланишди. Мукофотларни:

«Электрон ҳукумат инфратузилмасини ривожлантиришда энг яхши ҳамкор» номинацияси – «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси, бош директор Назиржон Набижанович Хасанов;

«Мобиль алоқа соҳасида электрон ҳукуматни жорий қилишда энг яхши ҳамкор» номинацияси – Ucell савдо белгиси остида фаолият юритувчи «COSCOM» МЧЖ;

«Электрон ҳукумат доирасида ижтимоий-молиявий лойиҳаларни амалга оширишда энг яхши ҳамкор» номинацияси – «Ягона умумреспублика процессинг маркази» МЧЖ (UZCARD), бош директори Фаррух Ғолибшерович Зияев;

«Электрон ҳукумат ахборот тизимларини жорий қилиш ва уларни техник қўллаб-қувватлашда энг яхши ҳамкор» номинацияси – «Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор – UZINFOCOM» МЧЖ, бош директор Эмиль Илдарович Гимранов;

«Электрон ҳукуматда сунъий интеллект технологияларини жорий қилишда бўйича энг яхши ҳамкор» номинацияси – «Алоқабанк» акциядорлик тижорат банки, бошқарув раиси ўринбосари Фаррух Мурадович Махкамов;

«Электрон ҳукумат соҳасида илмий тадқиқот олиб бориш ва кадрларни тайёрлашда  бўйича энг яхши ҳамкор» номинацияси – Тошкент шаҳридаги Амити университети, директор Бобур Сагдуллаевич Абдуллаевлар қабул қилиб олишди.

Тадбир давомида маросимнинг азиз меҳмони БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовскага ҳам сўз берилди. Шу билан бирга хорижий ҳамкорларнинг онлайн иштироки ҳам таъминланиб, барчага Эстония электрон бошқарув академиясининг ижрочи директори Ханнес Асток ҳамда Беларусь Республикаси Электрон хизматлар миллий маркази директори Роман Градусовларнинг самимий қутловлари етказилди.

Маросим «Рақамли Ўзбекистон – 2030» китоби тақдимоти билан давом этди. Тадбирнинг ушбу яна бир муҳим қисмида «Roland Berger» халқаро консалтинг компанияси катта эксперти Диёр Қўчқоровнинг маърузаси тингланди.

Илиқ сўзлар, ижобий натижалар, ўзига хос таассуротлар ҳамда келгуси режаларга мотивация бериш руҳида ўтган тадбирни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов якунлаб берди.

Шундан сўнг барча иштирокчилар, тақдирланганлар фотосуратга тушиш учун саҳнага таклиф этилди. Ва бугунги эсда қоларли кун тарих зарварақларига муҳрланди.

ОСТАВЬТЕ КОММЕНТАРИЙ: