Сўнгги вақтларда учувчисиз бошқариладиган қурилма – дронлар хизматидан фойдаланиш анча оммалашиб улгурди. Замонавий технологик янгиликнинг имкониятлари одамларнинг уларга бўлган талаби тобора ортиб боришига туртки бермоқда. Масалан, илгари юқори пландан туриб тасвирга тушириш, қидирув ишлари ва шу каби жараёнлар учун анчагина вақт ва сарф-харажатни талаб этадиган самолёт ёки вертолёт жалб қилинган бўлса, эндиликда бу вазифани дронлар ёрдамида бемалол уддалаш мумкин. Бундан ташқари, бу турдаги қурилмалар йилдан йилга такомиллаштирилиб, уларнинг бажарадиган вазифалари, қўлланиш доираси янада кенгайиб боряпти.
Ҳажман қичик ва бошқаришга қулай дронлар оддий аҳолига ҳам кундалик ишларда улардан фойдаланиш имконини бермоқда. Айниқса, мобиль камера билан жихозланган квадрокоптер шаклидаги дронлар анча урфга кирган бўлиб, улар ёрдамида суратга олиш, тасвирга тушириш ишларини одатдагидан кўра тезроқ ва қулайроқ амалга ошириш мумкин. Бундай қурилмалар операторларнинг ишини янада осонлаштириш билан бирга, уларга илгари бўлмаган имкониятларни ҳам тақдим этмоқда. Дронлар тасвирга олган сурат ва видеотасвирлар эса ҳар қачонгидан-да жозибалироқ ва бетакрор кўринишга эга бўлиб боряпти. Бироқ ҳозирда ишлаб чиқарилаётган дронларнинг имконияти фақатгина шулар билан чекланиб қолаётгани йўқ. Ўз навбатида, ҳар бир технологик янгилик ортидан келиб чиқадиган қарама-қаршиликлар, баҳс-мунозаралардан дронлар ҳам четда қолмайди, албатта. Бугун жамиятга фойдаси тегаётган, айни пайтда унинг хавотирига сабаб бўлаётган дронлар кўпчиликнинг диққат марказида десак, янглишмаган бўламиз. Бу борада якуний хулосага келишдан аввал уларни яқиндан ўрганиб чиқиш мақсадга мувофиқ.